• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
II. Молия тизимини ислоҳ қилиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, қўшимча имконият ва манбалар ҳисобидан бюджет тақчиллигини камайтириш.
1310 | 16 Ноя. 2021 й.

Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги фаоллигини ошириш. Бугунги кунда фуқаролар томонидан бюджет маблағларини шаклланиш жараёнидан бошлаб то унинг сарфланишигача бўлган жараёнларни нафақат кузатиб бориш, балки унда иштирок этиш имконияти ҳам яратилмоқда.

Президент қарори[1]га мувофиқ, фуқароларни бюджет жараёнига янада кўпроқ жалб қилиш мақсадида, жорий йилдан бошлаб ҳар бир ҳудудда биттадан туман ёки шаҳарда (туман ва шаҳарлар рўйхати қарор иловаси билан тасдиқланган) тегишли туман (шаҳар)лар бюджетлари тасдиқланган умумий харажатларининг 5% ини жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартиб жорий этилмоқда. 2022 йилдан бошлаб эса ушбу тартиб барча туман ва шаҳарларга татбиқ этилиши режалаштирилган.

Ушбу мақсадларда жорий йилда истисно тариқасида туман (шаҳар)лар бюджетларига республика бюджетидан қўшимча равишда 92,7 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлса, келгуси йилдан бошлаб эса мазкур маблағлар тегишли туман (шаҳар)лар бюджети параметрларида кўзда тутилиши белгиланмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 июлдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағлари миқдорини 30% га ошириш назарда тутилган (амалдаги тартиб бўйича қўшимча маблағларнинг камида 10% ини ташкил этади).

Бундан ташқари, қарор билан:

– жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш жараёни ҳар йили 2 маротаба (1 февраль ва 15 июлга қадар) ўтказилиши;

– жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари маблағлари тегишинча туман ва шаҳар ҳокимлиги қошида очиладиган “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” шахсий ғазна ҳисобварағида жамланиши;

– “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” шахсий ғазна ҳисобварағидаги маблағларни бошқа мақсадларга сарфлашга қатъиян йўл қўйилмаслиги;

– туман (шаҳар) ҳокимликлари молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак якунидан кейинги ойнинг 25 санасига қадар ўзининг расмий веб-сайти ва “Очиқ бюджет” порталига жойлаштириб бориши;

– маблағларни жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланиши ва тегишинча ҳар бир туман (шаҳар)нинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, танлаб олинган лойиҳаларни молиялаштириш учун маблағларни ажратиши ва улардан фойдаланиш тартибини назарда тутувчи қарор лойиҳасини тасдиқлаши белгиланмоқда.

Капитал бозорини ривожлантириш. Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига[2] мувофиқ, 2021 йил 1 майдан бошлаб Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг вазифа, функция ва ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад соҳани ривожлантиришга янги импульс бериш, мавжуд институционал салоҳиятдан фойдаланган ҳолда ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда уларнинг молия соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар билан уйғунлигини таъминлашдан иборат.

Дастлабки босқичларда капитал бозорини ривожлантириш учун асосий драйвер бўлиб давлат қимматли қоғозлари (ДҚҚ)нинг чиқарилиши хизмат қилишини инобатга олиб, бу борада ДҚҚ бозорини ривожлантириш бўйича Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда АҚШ Ғазначилиги билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2018 йил декабрь ойидан бошлаб миллий валютада ДҚҚ чиқариш амалиёти қайта тикланди. Натижада, 2019 йилда чиқарилган ДҚҚ ҳажми 1,5 трлн сўмни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда мазкур кўрсаткич 3 баробарга ортиб, 5 трлн сўмга етган.

Халқаро облигациялар. Ички молиявий ресурсларнинг чекланганлиги туфайли эркин бозор муносабатларига ўтиш ва иқтисодиётни либераллаштириш шароитларида иқтисодиётдаги “инвестицион чанқоқлик”ни ташқи манбалар ҳисобидан молиялаштириш тақозо этилмоқда.

Хусусан, 2019 йилда 1 млрд АҚШ доллари ва 2020 йилда 750 млн АҚШ доллари эквивалентидаги хорижий ва миллий валютадаги илк суверен халқаро облигациялар, шу билан бирга, “Саноат қурилиш банк”, “Ўзмиллийбанк” ва “Ипотека банк” банкларининг илк корпоратив халқаро облигациялари халқаро молия бозорларида муваффақиятли жойлаштирилди.

2021 йилнинг 13 июль куни Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги халқаро облигациялари икки траншда — 635 млн доллар миқдорида 3,9% купон билан 10 йил муддатга ва 2,5 трлн сўм миқдорида 14% купон билан 3 йил муддатга чиқарилди ҳамда Молия вазирлиги томонидан Лондон фонд биржасида жойлаштирилди (42-банд).

Давлат харидларини такомиллаштириш. Давлат харидлари соҳасидаги 1 миллиард сўмгача бюджет буюртмачилари томонидан аванс тўловлари миқдорини 30% га етказиш мақсадида ҳукумат қарори[3] қабул қилиниб, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг товар (иш, хизмат)ларни харид қилиш бўйича суммаси бир миллиард сўмгача тузиладиган шартномаларида 30% миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш мумкин бўлди (45-банд).

Шунингдек, Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва харидлар жараёнига тадбиркорларни кенг жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни (янги таҳрирда) қабул қилинди[4].

Унга асосан, давлат харидларига йўналтириладиган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбаларни мақсадли ишлатиш, коррупцияга қарши курашишда аниқ ва самарали натижаларга эришиш, жумладан, давлат харидларига оид ахборотнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, давлат харидларида коррупцияга йўл қўймаслик, инсофли рақобатни ва қарорлар қабул қилиш чоғида холисона мезонлардан фойдаланилишини таъминлаш масалалари аниқ белгиланди.

Жумладан, корпоратив буюртмачи ва стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар томонидан харидларни амалга ошириш тизими такомиллаштирилди. Хусусан, уставида давлат улуши 50% дан кўп бўлган  корхоналар ҳамда улушининг йиғиндиси 50% дан ортиқ бўлган юридик шахслар корпоратив буюртмачилар рўйхатига киритилмоқда.

Коррупциянинг олдини олиш ва ошкораликни таъминлаш бўйича чоралар белгиланди. Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат харидлари устидан назорат қилувчи органлар рўйхатига киритилди, Ҳисоб палатаси давлат харидларини аудитдан ўтказиши ва натижаларини ҳар йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиши ҳамда очиқ ахборот манбаларида эълон қилиб бориши белгиланди.

Шунингдек, давлат буюртмачиси ва бошқа иштирокчиларнинг масъулиятини ошириш мақсадида давлат харидлари комиссиясининг таркибига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда “Ўзинжиниринг” институтининг вакилларини мажбурий тартибда киритиш талаби бекор қилиниб, буюртмачининг вакилларидан ташкил топиши белгиланди.

Шу билан бирга, давлат буюртмачилари ва тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида харид қилиш тартиб-таомиллари соддалаштирилди, хусусан, давлат буюртмачиларига харид қилиш тартиб-таомиллари турларини мустақил танлаш имконияти яратилди.

 

0
Похожие новости