• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
VI. Иқтисодиёт таркибини янада диверсификация қилиш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш, биринчи навбатда, маҳаллий минерал хом ашёни чуқур қайта ишлаш бўйича илғор технологияларни жорий этиш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ўзлаштириш, ишлаб чиқариш таннархини ва энергия сарфини камайтириш.
690 | 17 Ноя. 2021 й.

Суюлтирилган газни бозор тамойиллари асосида сотиш. 2021 йил 10 мартда Суюлтирилган газни бозор тамойиллари асосида сотиш механизмини жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди (66-банд).

Ушбу чора-тадбирлар режасидан асосий кўзланган мақсад суюлтирилган газ бозорида самарали рақобат муҳитини яратиш, ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг қувватини оширишни рағбатлантириш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари корхоналарининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш учун қулай шарт-шароит яратишдан иборатдир.

Табиий газ ҳисобини автоматлаштириш. Вазирлар Маҳкамасининг ““Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасининг техник иқтисодий асосланишини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини молиялаштиришга “Intesa San Paola” банкининг кредитини Италиянинг “SACE” давлат экспорт-кредит агентлигининг суғурта қопламаси остида жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди (68-банд).

Бугунги кунда жами 2037,5 минг дона электрон газ ҳисоблаш ускуналари (ЭГҲУ) ҳудудларга етказиб берилиб, 1960,2 мингдан ортиғи аҳоли хонадонларига ўрнатилди ва ТАММ (Terranova Advanced Metering Management) маълумотлар базаси рўйхатидан ўтказилиб, “Биллинг” дастурига интеграция қилинди.

Ҳозирда ўрнатилаётган замонавий ЭГҲУнинг тўғридан-тўғри “PrePay” тизимига босқичма-босқич уланиши таъминланмоқда.

Лойиҳа доирасида жами 270,8 млн доллар маблағ ўзлаштирилди (Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 150,0 млн доллар, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг 60,6 млн доллар, “Ипотека банк” АТИБнинг 29,8 млн доллар кредит маблағлари, жамиятнинг 30,4 млн доллар ўз маблағи). Шундан жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 194,25 млн доллар (Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 96,15 млн доллар, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг 42,7 млн доллар, “Ипотека банк” АТИБнинг 25,0 млн доллар кредит маблағлари, жамиятнинг 30,4 млн доллар ўз маблағи) ўзлаштирилди.

Бундан кўзланган мақсад газ етказиб беришда ҳисоб-китобларни “online” тартибда олдиндан тўлов тизимига ўтказиш, дебитор қарздорликни қисқартириш ҳамда “PrePay” тизимини жорий этиш ҳамда табиий газ етказиб бериш ва қабул қилиш жараёнида тафовут йўқотишларнинг олдини олиш назарда тутилади. Ушбу амалга оширилаётган ишларнинг мақсади халққа қулайликлар яратишдан иборатдир.

Қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш. Бугунги кунда энергия ресурсларига бўлган талаб таркибий жиҳатдан ўзгармоқда, хусусан, углеводород ресурсларидан қайта тикланувчи манбаларга ўтишда водород энергетикасини ривожлантириш долзарб масалага айланмоқда.

Ушбу долзарб масалаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори[1] қабул қилинди (73-банд).

Қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори[2] билан заргарлик соҳасидаги ишлаб чиқарувчилар учун кумуш маҳсулотини сотиб олиш юзасидан тўловларнинг муддатини узайтириш каби имкониятлар яратилди (74-банд).

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори[3] қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ, айрим товарлар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида реализация қилинадиган бўлди.

Саноат ярмаркаларини ташкил этиш. Ҳудудий, тармоқ ва Республика миқёсидаги саноат ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш[4] (76-банд) режасига мувофиқ, Навоий, Хоразм ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида “Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси” ўтказилди. Ушбу ҳудудий ярмаркалар давомида қиймати 2150,1 млрд сўмлик жами 2210 та шартнома имзоланган бўлиб, шундан Навоий вилоятида 421,1 млрд сўмлик 1336 та, Хоразм вилоятида 70,3 млрд сўмлик 289 та, Бухоро вилоятида 1057,5 млрд сўмлик 294 та ва Қорақалпоғистон Республикасида 601,2 млрд сўмлик 291 та маҳсулот харид қилиш бўйича шартномалар тузилди.

Бундан ташқари, ярмаркалар давомида 308 турдаги маҳсулотни келгусида ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган жами 446 та меморандум имзоланди.

 

 


0
Похожие новости