Солиқ соҳасида тадбиркорликка яратилаётган имкониятлар. Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратилди[1]. Хусусан, 2022 йил 1 январдан бошлаб, камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмайди, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинадиган бўлди.
Юридик ёки жисмоний шахслар Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) Рўйхатга олиш марказининг давлат хизматлари расмий веб-сайти — https://e-imzo.uz дан фойдаланган ҳолда электрон рақамли имзо (ЭРИ) олиши мумкин бўлди.
Шунингдек, солиқ тўловчи (жисмоний шахс)ларнинг идентификация рақами (СТИР)ни беришни бекор қилиш муносабати билан[2] солиқ тўловчиларни солиқ органларида рўйхатга олиш ЖШШИР — жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами орқали амалга ошириладиган бўлди.
Иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий қилинди[3].
Солиққа тортиш тизимини соддалаштириш. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш маъмурчилигини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди[4] (53-банд).
Унга кўра, тажриба-синов доирасида Самарқанд вилояти ҳудудидаги барча норуда фойдали қазилмалар конларида автоматлаштирилган назорат тизими (АНТ) жорий қилинди. АНТ юкни жўнатувчилар ва олувчилар, норуда фойдали қазилмаларнинг ҳар бир турининг номи ва ҳажми тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.
“Норуда-назорат” ААТ[11] (автоматлаштирилган ахборот тизими)ни ДХШ[12] (давлат-хусусий шериклик) асосида ишлаб чиқиш билан Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлари ўртасида ўтказиладиган танлов асосида аниқланадиган оператор шуғулланади.
Шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга мувофиқ, қурилиш ташкилотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фойдаланилган норуда қазилмалар тўғрисидаги маълумотларни ДСҚ томонидан тасдиқланган шаклларда солиқ органларига электрон шаклда солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали тақдим этади.
Ўзбекистонда биржа савдолари иштирокчилари бўлган норезидент юридик шахслар эндиликда Давлат солиқ қўмитаси сайтида электрон тарзда СТИР олиши мумкин бўлди[5]. ДСҚ сайтида “Норезидентларни ҳисобга қўйиш” махсус бўлими ташкил этилди. Унда биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахсларни солиқ органида электрон тарзда ҳисобга қўйиш ёки ҳисобдан чиқариш мумкин бўлди.
“Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчилар (солиқ агентлари)ни аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори қабул қилинди[6]. Унда солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиблари аниқ белгилаб берилди.