Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш. Божхона маъмуриятчилиги ва тартиб-таомиллари янада соддалаштирилди[1] (58-банд). Хусусан, унга мувофиқ:
– божхона режими талабида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам қайта ишлаш операцияларига рухсат берилди;
– тадбиркорга четдан хом ашё сотиб олиб, уларни республика ҳудудида божхона тўловлари тўламаган ҳолда қайта ишлагандан сўнг исталган хорижий ҳамкорига сотиш имконини берадиган олиб чиқиш, олиб кириш, сотиш ва сотиб олиш бўйича янги турдаги ташқи савдо контрактлари амалиётга киритилди;
– маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларга хорижий давлатдан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилди;
– олиб кириш контрактини олиб чиқиш контракти билан, шунингдек, сотиб олиш контрактини сотиш контракти билан ўзаро боғлиқ ҳолда мониторинг қилиш тартиби жорий қилинди.
“Ягона дарча” божхона ахборот тизими (БАТ)ни такомиллаштириш. “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида www.singlewindow.uz манзили орқали 6 та органнинг 21 та сертификат ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларини олиш учун онлайн электрон мурожаат этиш ва ҳужжатларни рақамли форматда олиш тартиби жорий қилинди (56-банд).
Фитосанитария ва ветеринария назорат органлари барча чегара ўтказиш пунктларида “Ягона дарча” БАТга уланиши таъминланди. Шу билан бирга, бугунги кунга келиб, тизим ёрдамида 12 та вазирлик ва идораларнинг 60 турдаги рухсатнома ҳужжатларини олиш имкони яратилди.
2021 йилнинг 9 ойи давомида “Ягона дарча” БАТда жами 42 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) қатнашчиси рўйхатдан ўтди ва ваколатли давлат органлари томонидан 970 мингдан ортиқ рухсатнома ҳужжати расмийлаштирилди.
Божхона аудитини ўтказиш тартиби белгиланди. Ташқи савдони ривожлантириш ва товарларнинг божхона расмийлаштирувини тезлаштириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш, хавфни бошқариш соҳасидаги божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори қабул қилинди[2].
Шунингдек, мазкур низомда божхона аудитини ўтказиш шакллари ва уларнинг хусусиятлари батафсил келтирилган бўлиб, божхона органи мансабдор шахсларининг, божхона аудитидан ўтказиладиган ваколатли шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда божхона аудитидан ўтказиладиган ваколатли шахслар Давлат божхона қўмитасининг “Bojxona auditi” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали танланиши белгилаб қўйилди.
Транспорт воситаларининг божхона ҳисоби. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-666-сон қонуни қабул қилинди[3]. Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, кодекснинг 2274-моддаси бешинчи қисми, яъни товарларни, транспорт воситаларини ва уларнинг ҳужжатларини етказиб беришнинг божхона органи томонидан белгиланган муддатига риоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик чиқариб ташланди.
Таъкидлаш жоизки, шу вақтга қадар ушбу модда билан қўзғатилган маъмурий ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш жараёни маълум бир вақт талаб этиб, бу ташувчилар товар ва транспорт воситаларини етказиб бериш муддатига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётган эди.
Шу сабабли Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида” Қарори билан божхона назорати остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун божхона йиғими жорий этилди.
Бу эса, ўз навбатида, маъмурий ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш жараёнига кетадиган ташувчиларнинг вақти тежалишига хизмат қилмоқда.
Қарорга асосан, транспорт воситасини қайтариб олиб чиқиб кетиш муддатининг ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун транспорт воситасининг ҳар бир от кучига БҲМнинг 0,7% и миқдорида йиғим ундирилади.
Халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда автотранспорт воситаларини кузатиб бориш тизими жорий этилди[4]. Масофавий кузатиб бориш тизими ишга туширилиши турли хил оффшор ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
[2] Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 101-сон қарори https://lex.uz/docs/5313465