• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
VII. Ҳудуд, туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, мустаҳкам ва барқарор замонавий ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш.
804 | 17 Ноя. 2021 й.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ““Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори[1] қабул қилинди (77-банд) ҳамда мазкур қарорнинг 8-бандига асосан, 3 триллион сўмгача маблағ ҳудудлардаги инфратузилма лойиҳаларини қўшма молиялаштиришга йўналтирилди (78-банд).

Шунингдек, мазкур қарорга кўра, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида:

а) қишлоқ (маҳалла)лар рўйхати қуйидаги мезонлар асосида шакллантирилади:

– олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда жойлашганлиги;

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига аҳоли томонидан йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари бўйича келиб тушган мурожаатлар сони;

– аҳоли ва тадбиркорларда ўзлари истиқомат қилаётган (жойлашган) қишлоқ (маҳалла) ҳудудини биргаликда ободонлаштириш юзасидан ташаббусларнинг мавжудлиги;

– “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақомига эгалиги;

б) қишлоқ (маҳалла)ларда амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини ҳамда уларни молиялаштириш учун талаб этиладиган маблағларни туман (шаҳар) ҳокимликлари маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларида ҳимоя қилади;

в) ҳар бир қишлоқ (маҳалла)ни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тегишли қишлоқ (маҳалла)даги мавжуд имкониятлар, аҳолининг узоқ йиллар давомида шаклланган салоҳияти, тадбиркорлик муҳити ва “ўсиш нуқталари” инобатга олинган ҳолда белгиланади;

г) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан:

– аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, жойларда оқова сув хандақлари ва санитария иншоотларини барпо этиш;

– электр таъминотини, жумладан, трансформаторлар ва нимстанциялар ҳолатини яхшилаш, алоқа ва ахборотлаштириш тизимини модернизация қилиш, аҳолига газ ёқилғиси узлуксиз етказиб берилишини ташкил этиш;

– ички автомобиль йўллари, пиёдалар йўлаклари, транспорт тўхташ бекатлари ва бошқа йўл инфратузилмасини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, йўлбўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

– қишлоқ ва сув хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш, ирригация тизимларини барпо этиш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, ариқларни тозалаш ва фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни фойдаланишга киритиш;

– ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек, туризм объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилади.

Дастурларнинг бажарилишида жамоатчилик назоратини таъминлаш. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2021 йилда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга ошириладиган асосий чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди (80-банд).

Ушбу чора-тадбирлар режасига мувофиқ, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими ўз ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқиши ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар чоракда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориши тизими жорий этилди.

Шунингдек, ҳудудларда ташқи қарз ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг чора-тадбирлар дастури тасдиқланди (81-банд). Ушбу чора-тадбирлар доирасида ҳудудларда ташқи қарз ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш мақсадида ташқи қарз ҳисобидан ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар маҳаллий Кенгашлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори[2] имзоланди (82-банд). Ушбу қарор Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида инфратузилмаларнинг яхшиланишига ҳамда инвесторларга қулайликлар яратиш билан бирга инвестицион жозибадорликни оширишга хизмат қилади.

 

0
Похожие новости