Экспортни қўллаб-қувватлаш. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида экспортни молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори[1] қабул қилинди (110-банд).
Ушбу қарор билан маҳаллий экспортчи корхоналарнинг савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, шунингдек, реклама кампанияларини ташкил қилиш билан боғлиқ баъзи чет элдаги харажатларининг 50% и Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаб бериладиган бўлди.
Шунингдек, “Европа Иттифоқининг “GSP+” тизими доирасидаги имтиёзларни мамлакатимизда самарали қўллаш юзасидан амалий чора-тадбирлар” Дастури ишлаб чиқилди.
Маълумки, 2021 йилнинг 10 апрелида Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг (ЕИ) барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус имтиёзлар тизими (“GSP+”) кучга кирди. Мамлакатимиз ушбу тизимга Преференциялар бош тизими доирасида бенефициар мамлакат сифатида қабул қилинган эди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатларига географик жиҳатдан нисбатан яқинлигига қарамай, ўзаро савдо салоҳияти тўлиқ ишга солинмай қолмоқда.
“GSP+” тизими Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида савдо ҳажмини ошириш учун қўшимча имкониятларни таклиф этади. Жумладан, 6200 турдаги маҳсулотни, хусусан, мато, кийим-кечак, пластмасса, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, сопол маҳсулотлари ва бошқа экспорт қилинадиган маҳсулот турларини етказиб беришда ўзбек экспортчилари учун божлар бекор қилинади[2].
Янги экспорт бозорларига чиқиш. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда 104 та маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотга хорижий ҳамкор топишда амалий ёрдам қўрсатилди. Бунинг натижасида экспортёрлар томонидан 73 млн доллар миқдоридаги экспорт шартномалари тузилишига эришилди (112-банд).
Экспортга молиявий ёрдам кўрсатиш соҳасида:
– 337 та экспорт қилувчи корхонага экспортга йўналтирилган маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича 100 млрд сўмлик компенсация тўлаб берилди;
– 91 та экспортёр корхонага гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда 9,1 млрд сўмлик суғурта мукофоти харажатлари қоплаб берилди;
– 194 та маҳаллий экспорт қилувчи корхонага халқаро стандарт ва сертификатни жорий қилиш бўйича 19,1 млрд сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;
– 68 та маҳаллий экспорт қилувчи корхонага даврий нашрларга обуна бўлиш, тақдимотлар ва реклама кампанияларини ўтказиш бўйича 4 млрд сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;
– ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур 84 211 та сертификатлар (мувофиқлик сертификати, фитосанитар сертификати, товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат)ни расмийлаштириш билан боғлиқ 15,9 млрд сўмлик харажат қоплаб берилди;
– 166 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарнинг халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишини таъминлаш мақсадида 10,5 млрд сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди;
– 216 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун 113,6 млн АҚШ доллари миқдордаги молиявий ресурс ажратилди. Бу эса мамлакатдаги тадбиркорларга қулайликлар яратиш ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.
Жаҳон савдо ташкилоти ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик. Европа Иттифоқи билан кенг қамровли ҳамкорлик бўйича ишларни фаоллаштириш юзасидан жорий йилнинг 8 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков видеоконференцалоқа орқали Европа комиссияси ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис билан музокаралар ўтказди (113-банд).
Музокаралар давомида Ўзбекистон билан ЕИ ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, кўп қиррали ҳамкорлик ҳамда Марказий Осиё давлатларининг транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Европа томони Ўзбекистон ЕИ “GSP+” умумий преференциялар тизими афзалликларидан самарали фойдаланишига, шу жумладан, бизнес вакилларининг Европа Иттифоқи томонидан тақдим этилган тариф имтиёзларидан фойдаланган ҳолда Европа бозорларига Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини кўпайтириш истиқболлари ҳақида хабардорлигини оширишга қаратилган қўшма тадбирлар орқали ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда савдони ривожлантириш” лойиҳаси доирасида видеоконференцалоқа форматида ЖСТ+ бўйича семинарлар ва ЖСТга аъзо бўлиш жараёни ва тегишли ҳужжатлар тайёрлаш бўйича халқаро эксперт жалб қилган ҳолда семинар-тренинг ташкиллаштирилмоқда. Ушбу конференциялар ва учрашувлар ЖСТга аъзо сифатида киришга ҳамда инвестицион жозибадорликни оширишга қаратилган сай-ҳаракатлардандир.
Республикага хавфли маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш. “Ўзстандарт” агентлиги томонидан махсус портал ишлаб чиқилиб, Давлат божхона қўмитаси билан интеграция қилинди хамда Давлат божхона қўмитаси томонидан хавфли маҳсулотларнинг республика ҳудудига кириб келишининг олдини олиш учун электрон мантиқий назорат ўрнатилди. Махсус портал “ШКАТМ” ДК томонидан 34,1 млн сўм маблағ ҳисобига ишлаб чиқилди (116-банд).
Ушбу чора-тадбирлардан асосий мақсад ЕИ ва ЕОИИ мамлакатларига киритилиши тақиқланган хавфли маҳсулотлар тўғрисида маълумотлар йиғиш ва тезкор ахборотни божхона идораларига етказиш ҳамда порталга киритилган хавфли маҳсулотлар импортини тақиқлаш.
Электротехника соҳасидаги корхоналарнинг рақобатбардошлигини ошириш. СЕNELEC ташкилоти билан Лицензия келишуви имзолаш бўйича музокара олиб борилди (117-банд).
Европада жорий этилган сифат талабларига мувофиқ, электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида CENELEC ташкилоти билан 2021 йил 10 февралда лицензия келишуви имзоланди. Ҳамкорлик доирасида 2021 йил 23 февраль куни Европа Электротехника Стандартлаштириш Қўмитаси (CENELEC)дан электротехника соҳасига оид 100 та Европа стандарти олинди.