Қишлоқ хўжалигига инновацияларни жорий этиш. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида”ги Фармони[1] ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори[2] қабул қилинди (118-банд).
Юқоридаги Фармон билан “2021–2025 йилларда қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини устувор ривожлантириш концепцияси” тасдиқланди.
Ушбу концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди.
Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ташкил этилиб, унинг ташкилий тузилмаси ҳамда бошқарув аппаратининг тузилмаси тасдиқланди.
Юқоридаги фармон ва қарорларнинг туб замирида қишлоқ хўжалиги соҳасини илмий янгиликлар билан бойитиш ҳамда янги технологияларни ва бошқаларни қўллаш ётади.
Қишлоқ хўжалигида экинлар ҳосилдорлигини ва самарадорликни ошириш.
Пахтачилик бўйича. Республикада жорий йилда 135 та туманда 122 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 1 млн 31 минг гектар майдонда ғўза парваришланиб, 3 млн 406 минг тонна пахта хом ашёси етиштириш белгиланди.
Мавжуд сув ресурсларини тежаш мақсадида 200 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди.
Ғаллачилик бўйича. Республикада 157 та (100%) ғаллачилик кластери томонидан 2021 йил ҳосили учун жами 1 млн 38 минг га сувли ва 186 минг га лалми майдонларда кузги бошоқли дон экинлари етиштирилди ва жами 6,5 млн тоннадан ортиқ бошоқли дон ҳосили йиғиштириб олинди.
Ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликларида етиштирилган уруғлик ғалла майдонларидан бугунги кунга қадар жами 272 минг тонна сара уруғлик дон жамғарилди.
Шоличилик бўйича. Жорий йилда жами 129,3 минг гектар, шундан
66,7 минг га асосий ва 62,6 минг га такрорий майдонлардан 611,1 минг тн шоли етиштириш режалаштирилди.
Шунингдек, Хоразмга Хитойдан шолининг серҳосил 4 та нави ва 2 та дурагайидан 60 тонна уруғлик олиб келинди ҳамда шартномага асосан, фермер хўжаликларига тарқатилди.
Шоли кўчатларини тайёрлаш учун шоли навлари махсус кўчатхоналарга экилиб, 30 кунлик шоли кўчатлари 1,2 минг га асосий майдонларга илк маротаба механизациялашган ҳолда экилди. Хитойдан 15 дона шоли кўчатини экиш машиналари харид қилинди.
Республикада 118,5 минг гектар асосий ва такрорий майдонларга, шу жумладан, Бухорода 1522 га, Жиззахда 600 га, Тошкентда 7,1 минг га, Андижонда 7,5 минг га, Сурхондарёда 2,7 минг га, Сирдарёда 16,5 минг га, Наманганда 3,8 минг га, Фарғонада 12,6 минг га, Хоразмда 26,4 минг га ҳамда Қорақалпоғистонда
38,8 минг га майдонга шоли экилди.
Бугунги кунда республика ҳудудларида шолини ўриб-йиғиб олиш ишлари Андижон, Бухоро, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 790 гектар майдонда бошланган бўлиб, бир кунда 1010 тонна, мавсумда
2987 тонна, шундан 1464 тоннаси давлат эҳтиёжлари учун, 401 тоннаси шоличилик кластерларида, 1064 тоннаси фермер хўжаликларида жамғарилди ва ҳудудларда ўрим-йиғим ишлари давом этмоқда.
Мева-сабзавот. Картошка ва полиз экинлари ҳосилдорлигини оширган ҳолда фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 2021 йилда 7 млн тн сабзавот (2020 йилга нисбатан 879 минг тн кўп) 2,4 млн тн полиз экинлари (654 минг тн кўп), 1,6 млн тн картошка (170 минг тн кўп), 3,1 млн тн мева ва 1,8 млн тн узум етиштириш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган ва қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритилган 735 та сабзавот, 131 та картошка, 122 та полиз экинлари, 197 та мева ва 45 та энг юқори ҳосил берадиган узум навларини экиб-парваришлаш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йил 25 сентябрь ҳолатига кўра, барча тоифа хўжаликларда 9,8 млн тонна (76%) сабзавот, 2,4 млн тонна (70%) картошка, 2,1 млн тонна (73%) полиз маҳсулотлари, 2,1 млн тонна (69%) мева ҳамда 1,4 млн тонна (80%) узум етиштирилди.
Сабзавот, полиз ва картошка экинларида ҳамда мевали боғ ва узумзорларда ҳосилдорликни ва олинадиган даромадни ошириш мақсадида илмий асосланган тавсиялар, хусусан, академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти (ИТИ), Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ИТИлари томонидан 7 та илмий-амалий тавсиянома тайёрланиб, жойларга етказилган.
Жумладан, “Лимон етиштириш технологияси”, “Иссиқхоналарда қулупнай етиштириш технологияси”, “Сабзавот, полиз ва картошка экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш агротехнологияси”, “Мевали боғ ва токзорларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш” ҳамда “Такрорий сабзавот — қўшимча ҳосил ва даромад асоси” ишлаб чиқилган.
Картошкачилик соҳасини ривожлантириш ҳамда янги навлар яратишда Бутунжаҳон картошкачилик Маркази (CIP) билан ҳамкорликда ишланмоқда ва ботаник уруғлардан картошка етиштиришга катта аҳамият берилмоқда.
Хусусан, Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида Ўзбекистон – Венгрия Картошкачилик илмий маркази ташкил этилди.
Ушбу марказ Венгриядан келтирилган касалликка чидамли навларни синовдан ўтказиш ва уруғлик картошка ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу ерда маҳаллий ва хорижий навларни чатиштириш орқали картошка етиштиришнинг барча босқичларида сифатни таъминлашга қаратилган комплекс тизим ишлаб чиқилади. 50 дан ортиқ нав маҳаллийлаштирилиб, картошкачилик генофонди яхшиланади.
Тошкент вилоятининг 7 та туманида жами 415 га (Зангиотада 50 га, Тошкентда 54,3 га, Юқоричирчиқда 55,9 га, Янгийўлда 100,6 га (ш.ж. 2022 йилда 50 га), Ўртачирчиқда 51 га, Қибрайда 52,3 га ва Оҳангаронда 50,7 га) майдонда иссиқхона комплекслари қуриш режалаштирилган.
Республикадаги узумчиликка ихтисослашган 48 та туманнинг 131,4 минг гектар майдонида 3878 та лойиҳа амалга оширилди. Шундан фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари 81 932 гектарда ўз фаолиятларини олиб боришди. 123 та лойиҳа доирасида узумчилик кластерлари ва виночилик корхоналари томонидан 49 432 гектар майдон банд этилди ҳамда 1600 МФЙнинг 737 мингта хонадонида янги узумзорлар барпо этиш бўйича 25 581 минг гектарда дастурлар шакллантирилди.
Мева-сабзавотчилик кластерлари бўйича. Республика ҳудудларида 146 та мева-сабзавотчилик кластерларига 116,8 минг га (кластерда — 30,5 минг га, 10 мингта ф/х учун — 85,5 минг га) ер бириктирилган.
2021 йилда жами 1,25 млн тн, шундан 448,6 минг тн мева, 218,9 минг тн узум ҳамда 582,2 минг тн сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш, йил якунига қадар 478,9 минг тн қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган.
Бугунги кунда кластерлар томонидан жами 837,8 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, шундан 315,9 минг тн ички истеъмолга, 372,5 минг тн қайта ишлашга ҳамда қиймати 82,6 млн долларлик 149,7 минг тн қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспортга йўналтирилди.
48 та кластерда 743,2 минг тн қайта ишлаш, 27 та кластерда 265,9 минг тн саралаш ва қадоқлаш, 18 та кластерда 203,2 минг тн қуритиш, 7 та кластерда 31,2 минг тн маҳсулотни шок усулида музлатиш, 65 та кластерда 89,8 минг тн музлаткич-омборхона сиғимлари ҳамда ушбу корхоналарда қуввати 256,7 минг тонналик 126 та сақлаш омборхоналари мавжуд.
Бундан ташқари, 26 та кластерда 763 га иссиқхоналар мавжуд. Кластерларда жами 5343 нафар доимий иш ўринлари яратилган.
Жорий йилда қиймати 216 млрд сўмлик 9 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.
Шунингдек, жами 5,4 минг га майдонга ишлов берилиб, шундан 3,8 минг га боғ ва 2,1 минг га токзор барпо этилди ҳамда қарийб 3 минг нафар янги иш ўрни яратилди.
2021 йил ҳосили учун кластерлар томонидан 13,3 минг гектар асосий ҳамда 5,6 минг гектар боғ-қатор орасида сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Бундан ташқари, кластерлар томонидан фермер хўжаликларига аванс тариқасида жами 199 млрд сўм пул маблағи тўлаб берилди.
Техник, дуккакли дон ва мойли, озуқабоп экинлар ҳосилдорлиги ва самарадорлигини оширган ҳолда 2021 йил ҳосили учун барча тоифа хўжаликларда 620,6 минг тн дуккакли (+95,1 минг тн кўп,) 409 минг тн мойли (+306 минг тн), 16,6 млн тн озуқабоп (+0,9 млн тн), 26,5 минг тн техник (+14,3 минг тн) экин маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган.
Жорий йилда асосий майдонларга жами 197,8 минг га, шундан 124,3 минг га соя, 41,8 минг га кунгабоқар, 31,5 минг га кунжут ҳамда лалми майдонларга 25,9 минг га дуккакли, 21,4 минг га мойли ҳамда 41,2 минг га озуқабоп экинлар экилган.
Шунингдек, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини табиий ошириш ҳамда фермер хўжаликларининг иқтисодий манфаатдорлигини кўпайтириш ва паррандачилик корхоналарини соя шроти билан таъминлаш мақсадида Андижонда 25 минг га, Фарғонада 22,3 минг га, Наманганда 22,8 минг га ва Тошкент вилоятида 2,9 минг га, жами 73 минг га ғўза қатор ораларига ҳамкор экин сифатида соя етиштириш белгилаб олинди.
Соя экиш учун 660 та сеялка мослаштирилди. Барча ҳудудларда соҳа мутахассислари ва олимлар иштирокида кластерлар ва соя етиштирувчиларга сояни ҳамкор экин сифатида ғўза қатор орасига экиш, етиштириш агротехникаси бўйича ўқув семинарлари ташкил этилди.
Марказлашган ҳолда “Ўздонмаҳсулот” АК билан ҳамкорликда етишмайдиган 4,4 минг тн юқори авлодли соя уруғликлари олиб келинди.
Жорий йил 23 сентябрь ҳолатига кўра, 199,1 минг тн мойли, 367 минг тн дуккакли ва 12,9 млн тн озуқабоп экин маҳсулотлари етиштирилган.
Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони[3] қабул қилинди (120-банд).
Ушбу Фармонда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш назарда тутилган.
Ер майдонларини қайта фойдаланишга киритиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш. Бугунги кунда Республикада сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш 2020 йилга нисбатан 5 баробарга оширилиб, жами 430 минг гектар, шундан 230 минг гектарда сувни тежайдиган технологиялар, 200 минг гектар майдонда лазерли ускуналар ёрдамида ерларни текислаш белгиланган (121-банд).
Республика бўйича 194 минг 88 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, шундан 181 минг 182 гектарда томчилатиб, 4 минг 123 гектарда дискрет ва 8 минг 783 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича тижорат банклари ва ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 3,727 трлн сўм молиялаштирилган.
Ҳозирда республика бўйича жами 192 минг 175 гектар майдонда, шундан 179 минг 263 гектарда томчилатиб, 8 минг 787 гектарда ёмғирлатиб ва 4 минг 125 гектар майдонда дискрет суғориш усулларида қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, ушбу майдонлар мазкур технологиялар орқали суғорилмоқда.
Бугунги кунда 13 минг 76 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларининг қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, 122,3 минг гектар майдонда лазерли текислагич ёрдамида текислаш ишлари амалга оширилди.
Сувни иқтисод қилиш технологияларини жорий этиш. Республикада сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишни 2020 йилга нисбатан 5 баробарга ошириб, жами 430 минг гектар, шундан 230 минг гектарда сувни тежайдиган технологиялар, 200 минг гектар майдонда лазерли ускуналар ёрдамида ерларни текислаш белгиланган (122-банд).
Бугунги кунда 425,7 минг гектар майдонда, жумладан 186,3 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 9,0 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш, 5,9 минг гектар пахта ва бошқа экин майдонларида дискрет суғориш тизими жорий қилинди ҳамда 124,6 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида лазер ускунаси ёрдамида текислаш ишлари олиб борилди.
Шу билан бирга, жорий йилда қишлоқ хўжалиги экинлари экилган майдонларнинг 78,8 минг гектарида кўчма эгилувчан қувурлар орқали ва 20,9 минг гектарида эгатга плёнка тўшаб суғориш тизимлари орқали суғориш ишлари олиб борилган.
Жорий йилда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган 91,7 минг гектар пахта майдони учун 734,5 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратиб берилди.
Қишлоқ хўжалиги кооперацияларини рағбатлантириш. Яккабоғ, Сардоба, Олот, Бўка ва Нукус туманларида “даладан истеъмолгача” тамойили асосида маҳсулотларни етиштириш занжирини ташкил этиш бўйича кооперациялар ташкил этиш мақсадида ҳудудларда ер майдонлари аниқланиб, “темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд аҳолининг рўйхати шакллантирилди (124-банд).
Яккабоғ тумани ҳокимининг (30.12.2020 йил HQ-1718/12-сон) қарори билан 130 нафар эҳтиёжманд аҳоли вакилига “Ўғин ифтихори” мева-сабзавотчилик кооперацияси ташкил этиш учун 130 гектар ажратилди. Бугунги кунга қадар 40 га майдонда олхўри экилди. 4 та қудуқ қазиш бўйича бурғилаш ишлари олиб борилмоқда.
Сардоба тумани ҳокимининг (22.02.2021 йил 156-сон) қарори билан 85 нафар эҳтиёжманд аҳоли вакили учун “Sardoba Garden” кооперациясига 100 гектар ажратилди.
Олот тумани ҳокимининг (26.02.2021 йил 143-сон) қарори билан 101 нафар эҳтиёжманд аҳоли вакили учун “Olot Soil” кооперациясига 103 гектар ажратилиб, маҳаллий маблағлар ҳисобидан 30 га кунгабоқар, 5 га сабзавот етиштирилмоқда. Шунингдек, мевали боғ барпо этилиб, кузда 35 га пахта ва 30 га ғалла экиб парвариш қилинмоқда.
Нукус тумани ҳокимининг (29.03.2021 йил 289/3-сон) қарорига мувофиқ, 100 нафар эҳтиёжманд аҳоли вакили учун “Aqmangit Sabzovat” кооперативига 148 гектар ер ажратилди.
Бўка тумани ҳокимининг (30.04.2021 йил 53-10-137-Q/21-сон) қарорига асосан, “Meva lands” кооперативига 120 гектар ер майдони 101 нафар эҳтиёжманд аҳолини кооперацияга бирлаштириш мақсадида ажратилди.
Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш. Жорий йил январь-сентябрь ойларида 7 та лойиҳа доирасида қарийб 63 млн доллар миқдорида грант маблағлари жалб этилди (127-банд). Бундан ташқари, умумий қиймати 23 млн долларлик 4 та лойиҳа доирасида грант маблағларини жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ва иштирок этувчи тижорат банклари ўртасида уч томонлама қайта молиялаштириш тўғрисидаги битим ишлаб чиқилди ва 4 та тижорат банки ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан имзоланди.
2021 йилда инвестиция лойиҳаларини ўз муддатида ишга туширишга кўмаклашиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишчи гуруҳи шакллантирилди ва жорий йил 27 май – 9 июль кунлари Жиззах, Сурхондарё, Андижон, Навоий, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида бўлиб, ХМИлар маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни вилоят ҳокимлари иштирокида муҳокама қилиб, лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди ва ишлар давом этмоқда.
Хусусан, Ишчи гуруҳ томонидан шу кунга қадар кластер ва кооперация асосида маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш бўйича 93,5 млн долларлик 233 та лойиҳанинг манзилли дастури ишлаб чиқилди. (Жиззахда 60 та (15,0 млн долл.), Сурхондарёда 75 та (17,7 млн долл.), Андижонда 17 та (2,7 млн долл.), Навоийда 18 та (15 млн долл.), Бухорода 41 та (21,1 млн долл.) ва Қашқадарёда 22 та (21,9 млн долл.) лойиҳа шакллантирилди).
Ҳар бир лойиҳа бўйича ҳужжатларни тайёрлаш ва банкка топшириш, кредит ажратиш, гаров таъминоти, талаб этиладиган моддий-техника ва бошқа ресурсларни етказиб бериш, ишга тушириш бўйича 4 та тижорат банки (Ипотека банк, Қишлоққурилишбанк, Миллий банк, Турон банк) орқали молиялаштириш графиклари белгилаб олинди.
Жорий йилнинг 24 сентябрь ҳолатига кўра, қиймати 376 минг долларлик 17 та лойиҳага Жаҳон банки розилиги олинди ва молиялаштирилди, шунингдек, қиймати 1,2 млн долларлик 3 та лойиҳа Жаҳон банкига молиялаштириш учун киритилди. Шу билан бирга, лойиҳани амалга ошириш гуруҳи томонидан қиймати 3,6 млн долларлик 14 та лойиҳа кўриб чиқилмоқда.
2021 йил 24 сентябрь ҳолати бўйича, Ўсимликлар карантини Давлат инспекциясига лаборатория ускуналари харид қилишга, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш бўйича концепция ва архитектурани ишлаб чиқиш учун “Архитектор” компания танлаб олишга, Фарғона вилоятида Агрохизматлар марказини барпо қилиш учун лойиҳа ва тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, дастлабки 8,9 млн доллар бюджет билан тендер савдоларига эълонлар берилди.