• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
XIV. Давлат бошқарувининг замонавий усулларини, давлат-хусусий шериклик механизмларини қўллаш кўламини кенгайтириш, бўш турган ер майдонлари, бино ва иншоотлардан самарали фойдаланишни жадаллаштириш.
951 | 17 Ноя. 2021 й.

Йирик корхоналардаги давлат улушини сотувга қўйиш. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига[1] мувофиқ, “Фарғонаазот” АЖ ва “Деҳқонобод калий заводи” АЖни жорий йилнинг 1 ноябрига қадар савдога чиқариш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш бўйича Халқаро молия корпорацияси билан музокаралар олиб борилмоқда (137-банд).

Давлат тендер комиссияси тегишли қарорига асосан, “Coca-cola Ichimligi Uzbekiston” МЧЖ ҚК устав капиталидаги 57,1% давлат улушини 252,28 млн АҚШ доллари қийматида сотиш бўйича “Coca-Cola İçecek A.Ş.” компанияси билан келишув имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги ПФ-6167-сон фармонига[2] асосан, давлат активларини алоҳида тартибда савдога чиқариш белгиланган бўлиб, бугунги кунда мазкур тартибга кўра, 20 га яқин давлат активи савдога чиқарилди.

“Ичан қалъа” меҳмонхонаси мажмуаси, Газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси биноси, “Малика” савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси, “Пойтахт бизнес мажмуаси” МЧЖнинг мулкий мажмуаси, “Собиқ марказий бино ҳудуди”, “Сижжак” дам олиш маскани, “Белдирсой оромгоҳи” дам олиш маскани, “Чорвоқ” дам олиш маскани ҳамда “Қизил сув спорт соғломлаштириш” МЧЖ, “Ўқитувчи матбаа уйи” МЧЖнинг 100% давлат улуши шулар жумласидандир.

Мазкур активлардан бугунги кунда 4 таси 384,5 млрд сўмга сотилди.

Шунингдек, “Автогазтаъминот” МЧЖга тегишли бўлган 20 та кўчмас мулк объектлари Давактив агентлигига ўтказилган ҳолда “E-auksion” электрон савдо платформасида 103,9 млрд сўм сотиб олиш қийматида савдога чиқарилган ҳамда шундан 15 таси 51,4 млрд сўмга сотилган.

12 та йирик ёғ-мой корхоналаридаги давлат акция пакетлари 698,0 млрд сўм харид қийматида биржа савдоларига чиқарилган.

Шулардан, “Ёғгар” АЖнинг 89,29% ва “Асака ёғ” АЖнинг 51,2% давлат акциялар пакети 42,3 млрд сўмга сотилган.

Шу билан бирга, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган 10 та давлат мулки объекти бўйича, хусусан, “Алоқа банк” билан ҳамкорликда 2 та, “Асака банк” билан 3 та, “Давр банк” билан 1 та, “Ўзсаноатқурилишбанк” билан 1 та ва “Капитал суғурта” билан 1 та уч томонлама шартнома расмийлаштирилди.

Давлат активларини хусусийлаштириш. Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга оид Президент фармони қабул қилинди[3]. Фармонга мувофиқ, тегишли давлат активларини оммавий савдоларга қўйишда ва уларни сотиш жараёнларини ташкил этишда:

– профессионал ташкилотларни жалб этиш Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки “UzAssets” инвестиция компанияси томонидан энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида амалга оширилади. Бунда улар билан тузиладиган шартномаларни экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди;

– профессионал ташкилотлар томонидан давлат активларини сотиш мақсадида аниқланган қиймат ёки қийматлар оралиғи савдо жараёнида мўлжал сифатида ҳисобга олинишига рухсат берилади;

– баҳолаш ташкилотининг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботида тавсия этилган ва унинг экспертиза хулосасида аниқланган нархни давлат активининг бошланғич нархи сифатида мажбурий белгилаш тўғрисидаги талаб амал қилмайди;

– Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясига давлат активларининг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда сотиш тўғрисида эълонлар бериш ҳамда 2 тадан кам бўлмаган таклифлар орасида энг яхшиси асосида сотиш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколати берилди.

Шунингдек, Ҳукумат қарорига мувофиқ, 2021–2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси ва уни 2021–2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди[4].

Стратегияни амалга ошириш натижасида, давлат иштирокидаги корхона кузатув кенгашлари таркибидаги мустақил аъзолар улушини босқичма-босқич 30% га етказиш, давлат иштирокидаги корхоналар сонини 75% га қисқартириш, 20 та давлат иштирокидаги корхоналар акцияларини бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштириш назарда тутилган.

Кузатув кенгаши аъзоларининг фаолиятини баҳолаш. Вазирлар Маҳкамасининг “2021–2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори[5] қабул қилинди (139-банд).

Ушбу қарорга мувофиқ:

– давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини оптималлаштириш, тизимлаштириш ва бирхиллаштириш орқали тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларга жамлашни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш;

– устав капиталида давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналарининг (кейинги ўринларда — давлат иштирокидаги корхоналар) етарли даражада асослантирмасдан ташкил этилишига, шунингдек, тегишли тармоқ ва соҳалардаги бошқа корхоналарга нисбатан эксклюзив имтиёз ва афзалликларга эга бўлишига йўл қўймаслик;

– хусусий сектор муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ва рақобат ривожланган соҳаларда давлат иштирокини чеклаш, “сот ёки тушунтир” тамойилини амалиётга кенг жорий этиш;

– давлат иштирокидаги корхоналарнинг бозор шароитларига тўлиқ ўтишини таъминлаш, уларнинг фаолиятига корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини тўлақонли татбиқ этиш;

– ижро этувчи орган фаолиятини самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари асосида, кузатув кенгаши фаолиятини эса корпоратив бошқарув тамойилларининг жорий этилиши даражасига қараб баҳолашга ўтиш;

– давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти тўғрисидаги ахборотларни ошкор этиш, корхоналарни бошқаришда шаффофлик ва маълумотларнинг ошкор этилишини таъминлаш;

– илғор хорижий тажриба ва хорижий таълим муассасалари билан корпоратив бошқарув ҳамда капитал бозори соҳасида ҳамкорлик асосида аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш каби муҳим вазифалар белгиланди.

Баҳолаш фаолиятининг ягона ахборот платформаси. Баҳолаш фаолиятининг ягона ахборот платформаси жорий этилди (www.davbaho.uz) ҳамда мазкур платформа 2021 йил 25 августда синовдан ўтказилиб, амалиётга татбиқ этилди (140-банд).

 

[1] https://lex.uz/docs/5288160


0
Похожие новости