Фуқароларни рағбатлантириш тизимини жорий қилиш. Президент қарорига мувофиқ[1], 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган, касб-ҳунар ёки хорижий тилларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқаролар учун қуйидаги рағбатлантириш тизимлари жорий этилди (142-банд):
– хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда;
– йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда;
– ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда компенсация тўлаш белгиланди.