• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
МАРКАЗИЙ ОСИЁДА МИНТАҚАВИЙ РИВОЖЛАНИШ ДИНАМИКАСИ ВА “5+1” КЎП ТОМОНЛАМА ҲАМКОРЛИК ФОРМАТИ
10886 | 06 Дек. 2021 й.

Фаррух Ҳакимов,

“Тараққиёт стратегияси” маркази
бўлим бошлиғи

 

Марказий Осиё ўзининг бой табиий ресурслари, стратегик жойлашуви, иқтисодий, транспорт, логистика ва бошқа муҳим соҳалардаги имкониятлари боис, глобал ва минтақавий йирик давлатларнинг диққат марказида бўлиб келган.

Ўзбекистон, ўз навбатида, Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Афғонистон билан чегарадошлиги ва қулай геосиёсий устунлиги сабабли муҳим аҳамиятга эга бўлиб, минтақадаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар, қолаверса, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларида ҳам алоҳида ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё минтақаси доим Ўзбекистон ташқи сиёсатининг диққат марказида бўлиб келган. 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёни кенг имкониятлар маконига айлантириш орқали “хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик” муҳитини яратиш бўйича ўзининг минтақавий сиёсатини фаол амалга ошириб келмоқда.

Глобал пандемия бошланиши биланоқ, Ўзбекистон раҳбарияти минтақавий ҳамкорлик тарафдори эканлигини яна бир бор намоён этгани ҳолда, Марказий Осиёда “COVID-19” пандемиясига қарши биргаликда курашишга чақирди. Марказий Осиё мамлакатлари коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасидаги умумий масалаларда тажриба ва ахборот алмашинувини қўллаб-қувватлаши билан ўз минтақавий ҳамжиҳатлигини намойиш этди. Ўзбекистон томонидан Қирғизистон ва Тожикистонга, Қозоғистондан эса Қирғизистонга юборилган инсонпарварлик ёрдами минтақавий ҳамкорлик ва унинг афзалликларини яққол намоён этди.

 

Марказий Осиёда минтақавий ривожланишнинг янги динамикаси

Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев давлат раҳбари бўлганидан сўнг мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириб, хусусан, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Бундай фаол минтақавий стратегия Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида дўстона руҳдаги қулай дипломатик муҳитни яратди. Президент Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисида илгари сурган ташаббуси унинг ҳамкасблари томонидан тўла қўллаб-қувватланди. Маслаҳат учрашувларининг иккитаси Остона (2018 йил март) ва Тошкент шаҳарларида (2019 йил ноябрь) ташкил этилди. Пандемия сабаб, учинчи учрашув 2021 йилга кўчирилиб, унга Туркманистон мезбонлик қилди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ ва прагматик сиёсати туфайли минтақавий алоқалар тикланди, чегаралар очилди; ҳаво, автобус ва темир йўл йўналишлари қайта ишга туширилди ва янги йўналишлар билан бойитилди; одамлар ўртасида борди-келди алоқалари ҳам осонлашди, бу эса, ўз навбатида, минтақалараро иқтисодий ва савдо алоқаларининг ривожланишига янгидан-янги имкониятларни берди. Натижада, минтақада икки ва кўп томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада ривожланди. Масалан, 2017–2019 йиллар давомида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо ҳажми йил сайин ортиб бориб, 2019 йил якунида 5,2 млрд долларга етди. Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда глобал пандемияга қарамасдан, Ўзбекистоннинг минтақавий савдо айланмаси ҳажми 5 млрд долларни ташкил қилди, бунда Ўзбекистон умумий товар айланмасидаги Марказий Осиё давлатлари улуши 2019 йилдаги 12,4% дан 2020 йилда 13,6% гача ўсди.

https://cabar.asia/wp-content/uploads/2021/06/22.jpgМанба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси (Tulyakov, Khakimov, 2021)

Шу билан бирга, айрим омиллар сабаб Марказий Осиё давлатлари бир-бирларига нисбатан турли савдо режимлари ва божхона тўловларини қўллаб келишмоқда. Бинобарин, бу каби фарқли режимлар мамлакатлар ўртасидаги жадал савдо алоқаларининг ривожига нафақат салбий таъсир кўрсатади, балки тўсқинлик ҳам қилади.

Масалан, Марказий Осиё давлатлари савдо режимларининг ҳозирги ҳолати қуйидаги кўринишга эга:

– Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзолари сифатида ягона божхона маконида;

– Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Жаҳон савдо ташкилоти аъзоси ҳисобланади;

– Марказий Осиё мамлакатлари (Туркманистондан ташқари) Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) эркин савдо зонасига киради.

Гарчи Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро савдо-сотиқни тартибга солиш ва рағбатлантириш бўйича икки томонлама битимларни амалга ошириб келаётган бўлса-да, бироқ минтақалараро савдо режимлари ва иқтисодий муносабатларни бирлаштиришга кучли талаб мавжуд, зеро, бу кейинчалик минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштиришга ёрдам беради.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги “Марказий Осиё” халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик маркази, Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури (CAREC), “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” ташаббуси каби трансчегаравий ташаббуслар ҳамда лойиҳалар икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни яхшилаш ва рағбатлантириш, минтақавий ҳамкорлик, шунингдек, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш, қолаверса, ривожлантириш салоҳиятига эга. 2021 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Қозоғистон ва АҚШ билан биргаликда “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” ташаббусини йўлга қўйди. Мазкур ташаббус орқали минтақада иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадида беш йил давомида қарийб 1 млрд доллар жалб этилиши, айниқса, диққатга сазовордир. Шунингдек, ушбу ташаббус “C5+1” платформаси орқали Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва унинг ўсишини таъминлаш мақсадида савдо-сотиқни ошириш, комплекс ривожланишни рағбатлантириш ҳамда кўп томонлама алоқаларни чуқурлаштириш учун барча мавжуд салоҳиятлардан фойдаланиш имконини беради.

Бундан ташқари, юқоридаги каби ташаббус ва дастурлар орқали ҳудудлараро савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё мамлакатлари билан ягона минтақавий шерик сифатида алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор етакчи жаҳон давлатларининг фаоллашувига ҳамда минтақанинг инвестицион жозибадорлигининг ортишига хизмат қилади.

 

Жадаллашаётган “5+1” кўп томонлама ҳамкорлик платформаси

Марказий Осиё давлатларининг ўсиб бораётган иқтисодиёти, сиёсий эркинлиги ва таъсири билан боғлиқ сўнгги ижобий ўзгаришлар халқаро майдондаги йирик кучларнинг Марказий Осиё минтақасидаги жараёнларга бўлган эътиборини янада кучайтирди. Масалан, агар ўтган йили АҚШ ва Европа Иттифоқи Марказий Осиёга нисбатан ўз стратегиясини қайта кўриб чиқиб янгилаган бўлса, бошқа томондан, Россия ва Хитой ҳам Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Марказий Осиё давлатлари билан ўз ҳамкорлигини мустаҳкамлашга интилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё давлатлари билан фаол ҳамкорликка, шунингдек, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Эрон, Ҳиндистон ва бошқа қатор мамлакатлар ҳам қизғин киришмоқда. Марказий Осиё геосиёсатида иштирок этаётган мазкур йирик давлатлар минтақада ўз манфаатларига эга.

“5+1” деб аталувчи кўп томонлама учрашувлар формати Марказий Осиёнинг бешта давлати (“5”) ва халқаро ҳамкор (“1”)ни назарда тутади. Мазкур формат ташқи ишлар вазирлари ва экспертлар даражасида мунтазам равишда ташкил этиладиган учрашувлар ҳамда форумлар доирасида доимий мулоқот қилиш учун дипломатик платформа вазифасини ўтайди.

2015 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда АҚШ ташаббуси билан йўлга қўйилган “С5+1” ҳамкорлик форматида эса Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ давлат котиби иштирок этди. Шундан сўнг кейинги йиллар давомида бир нечта учрашувлар ташкил этилиб келинмоқда. Охирги икки учрашув эса глобал пандемия туфайли виртуал форматда ўтказилди. 2021 йилнинг 23 апрелида бўлиб ўтган навбатдаги виртуал “С5+1” учрашувда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкэн АҚШ Марказий Осиё давлатларининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тарафдори эканлигини эътироф этди. Шунингдек, Энтони Блинкэн ушбу йилда “С5+1”нинг беш йиллиги ва Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллигининг ўттиз йиллиги байрами нишонланишини эслатиб ўтди. Учрашувда АҚШ давлат котиби ва Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёни, “COVID-19”дан кейинги тикланиш ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар.

Аслида, 2004 йилда Япония ташқи ишлар вазирлари даражасидаги “Марказий Осиё – Япония”, яъни “5+1” ҳамкорлик форматини жорий қилган илк мамлакат бўлди. Унинг ортидан Жанубий Корея (2007), Европа иттифоқи (2008), кейинчалик бошқа давлатлар ҳам мазкур ҳамкорлик форматида учрашувларни йўлга қўйишди. Айниқса, 2017 йилдан бошлаб, халқаро ҳамкорлар “C5+1” кўп томонлама платформаси орқали Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни ривожлантиришга диққат-эътиборини кучайтирди. Мисол учун, 2019 йилда Ҳиндистон, 2020 йилдан Россия ва Хитой “5+1” форматидаги кўп томонлама учрашувларни амалиётга татбиқ қила бошлади. Бу орқали Россия ва Хитой минтақа давлатлари билан нафақат икки томонлама муносабатларни ўрнатишини, балки Марказий Осиёни халқаро муносабатларнинг ягона субъекти деб ҳисоблашини намойиш этди.

“Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирларининг ҳамкорликнинг стратегик йўналишлари тўғрисидаги қўшма баёноти”дан сўнг ўтказилган “5+1” учрашувини Россиянинг минтақага нисбатан қисман ўзгарган ёндашувини белгиловчи дастурий ҳужжат сифатида кўриш мумкин.

Ўз навбатида, 2021 йилнинг 12 май куни Хитойнинг Сиан шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” (С5+С) ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди. Унда вазирлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, транспорт ва савдо алоқаларини ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, Афғонистондаги вазият ва ушбу мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани тиклашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди  [14].

Таъкидлаш жоизки, “сўнгги 30 йил ичида АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатидаги изчиллик минтақанинг мустақиллигини тан олиш ва қўллаб-қувватлашга асосланган”. Шунинг учун яқин йилларда “С5+1” формати Марказий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий, инвестициявий, гуманитар, минтақавий ҳамкорлик ва хавфсизлик соҳасидаги муносабатларни жадаллаштириш учун ҳамкорликнинг самарали механизми сифатида хизмат қилиши мумкин.

Хитой – Россия “5+1” формати нисбатан яқинда жорий қилинган бўлса-да, барча томонларнинг самарали ҳамкорлик қилишга тайёрлигига қараб, ижобий натижаларни бериши кутиляпти.

Шу билан бирга, “C5+1” ҳамкорлик формати доирасида қўллаб-қувватланаётган CASA-1000 (Марказий ва Жанубий Осиё электр таъминоти лойиҳаси) ва Туркманистон–Афғонистон–Покистон–Ҳиндистон табиий газ қувури лойиҳалари молиялаштириш ва Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ масалалар туфайли ҳозирча амалга оширилмади.

Қайд этиш жоизки, жўғрофий, сиёсий ва иқтисодий афзалликлари эвазига Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнидаги ўрни ва саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этади. АҚШ ва НАТО ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги қароридан сўнг юзага келган сиёсий ноаниқликларга қарамай, Ўзбекистон минтақавий ва глобал ҳамкорлар билан ўзаро барқарорликни таъминлашдаги изчил алоқаларни ўрнатиб келмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми деб ҳисоблаб, мамлакатни минтақавий иқтисодий жараёнлар ва инфратузилма лойиҳаларига жалб этишга кўмаклашмоқда.

Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон–АҚШ–Афғонистон” уч томонлама учрашувлари, “Ўзбекистон–Япония–Афғонистон”, “Ўзбекистон–Хитой–Афғонистон” расмий музокараларининг ўтказилиши, шунингдек, Афғонистон делегацияларининг “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий алоқадорлик. Таклиф ва имкониятлар” мавзусида юқори даражадаги халқаро конференциядаги иштироки, “Ҳиндистон–Марказий Осиё” мулоқоти ва бошқа муҳим жараёнларга жалб қилинаётганлиги Ўзбекистоннинг Афғонистон ва Марказий Осиё масалаларидаги конструктив ролини намоён этади. Дарҳақиқат, бугунги кунда Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишда биргаликдаги минтақавий стратегия ва қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.

 

Хулоса

Шуни эътироф этиш жоизки, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг янги – “5+1” формати алоқаларни ривожлаштириш мақсадида Марказий Осиё мамлакатлари ва уларнинг хорижий шериклари ўртасида мунтазам мулоқот қилиш учун самарали механизм ҳисобланади, бу эса, ўз навбатида, минтақавий барқарорлик, иқтисодий ва инклюзив тараққиётга хизмат қилади.

Шу билан бирга, минтақа ва хорижий ҳамкор давлатлар ўртасида янги форматлар ва мулоқот майдонларини шакллантириш Марказий Осиёнинг геосиёсий ва иқтисодий аҳамиятини оширади. Бир томондан, “5+1” формати ҳамкорлик учун қулай дипломатик платформа ҳисобланса, бошқа томондан, “мувозанатлаштирувчи минтақавийлашув” назариясига кўра, кўп томонлама ҳамкорлик ва мулоқот шакллари орқали ташқи сиёсатни амалга ошириш ҳамда ташқи кучларнинг таъсирини мувозанатловчи норасмий воситадир. Шу нуқтаи назардан, ҳозирги геосиёсий вазият ва шароитда Марказий Осий давлатлари учун хорижий ҳамкорлар билан кўп томонлама ва мувозанатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ғоят муҳим ҳисобланади. Бундан ташқари, минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш Марказий Осиёнинг аҳамиятини ошириб, минтақа манфаатлари йўлида турли масалаларни бартараф этишнинг самарали омили саналади.

 

15
Похожие новости