Маълумки, жамиятнинг иқтисодий негизини мулк ташкил этади. Шунингдек, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тузилиши ҳам мулк билан, мулкнинг кимларга тегишли эканлиги билан белгиланади. Мулксиз ижтимоий муносабатларни ривожлантириш, мамлакатда халқ фаравонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг имкони йўқ.
Сўнгги беш йил давомида амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тубдан ўзгартириш борасида мулкий ҳуқуқларни ноқонуний тажовузлардан таъминлаш ва ҳимоя қилиш муаммоси, айниқса долзарб аҳамият касб этди. Бу даврда мулкдорлар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган Президент ва ҳукуматнинг 300 дан ортиқ ҳужжатлари қабул қилинди.
Энг муҳими, «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган ҳамда Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми сифатида «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» қабул қилинди. Унда мамлакатда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш энг устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Бунинг учун бир нечта зарур мақсадлар назарда тутилди.
Хусусан, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш мақсади белгиланган бўлиб, ушбу мақсадга хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш, хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш шулар жумласидандир.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, мулк ҳуқуқини қатъий таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмлари, мансабдор шахслар фаолиятида бюрократия, ваколатли мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг етарли эмаслиги, шикоятларнинг сезиларли даражада кўпайишига олиб келади.
Ачинарлиcи шундаки, ҳозирги кунда хусусий мулкни ҳимоя қилиш соҳасидаги амалга оширилган ислоҳотлар ва кўрилаётган чораларга қарамасдан ўзбошимчалик билан хусусий мулк ҳуқуқини поймол қилиш, айрим мансабдор шахсларнинг адолатсиз ва асоссиз важлар билан кўчмас мол-мулкни бузиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Албатта, бунинг учун қонунчилик ва ҳуқуқ қўллаш амалиётидаги хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ мазкур муаммоли вазиятлар ва бўшлиқларни бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш ва қонунчиликни такомиллаштириш лозим.
Шу нуқтаи назардан, фуқароларни мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этмаслик ҳамда фақатгина жамоат эҳтиёжлари учун зарурий ҳолатларда тегишли тартибда мол-мулк қийматини қоплаш шарти билан ерларни олиш тартибини янада ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш мақсадида Конституциянинг 53(1) – моддасига «Ҳеч бир шахс ўз мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий равишда бошқа шахсга ўтказиш қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда ҳамда тартибда унинг ўрнини олдиндан ва тенг қийматда қоплаш шарти билан амалга оширилиши мумкин» – деган нормани киритиш таклиф этилди.
Фикримизча, бундай норманинг киритилиши келажакда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, мулкчилик муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини кучайтиришга катта туртки бўлади. Шунинг учун амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг мулки билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари дахлсизлигини кафолатлаш билан боғлиқ нормаларни конституция орқали мустаҳкамлаш зарур саналади.
2022 йилнинг 24 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Фармон билан ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келишига асос бўлган ҳужжатларни бекор қилиш орқали ерга бўлган ҳуқуқни тугатиш, мазкур ҳужжатлар фақат суд томонидан бекор қилиниши, ердан ихтиёрий воз кечишни Ҳукумат ёки ҳокимлик қарорлари билан расмийлаштириш, юридик шахс тугатилиши билан унинг ерига бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш каби қатор талаб ва чекловлар бекор қилинди. Шунингдек, турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга оширишда турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаганларни доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш, суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 3 йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш бекор қилинди.
Шу ўринда, хорижий тажрибага ҳам тўхталиб ўтсак. Мисол учун, тарихда хусусий мулк кафолатларини белгилаб берган конституциявий аҳамиятга эга бўлган биринчи ҳужжат Франциянинг 1789 йилдаги Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари декларацияси бўлиб, унда хусусий мулк инсоннинг табиий ва ажралмас, муқаддас ва дахлсиз ҳуқуқи сифатида кўрсатилган. Декларациядаги мулк масалалари «инсон ва фуқаролик ҳуқуқлари» бўлимида акс эттирилган ва унинг 2-бандида шундай дейилган: «Ҳар қандай сиёсий бирлашманинг мақсади инсоннинг табиий ва ажралмас ҳуқуқларини таъминлашдир. Бу ҳуқуқлар эркинлик, мулк, хавфсизлик ва зулмга қаршилик кўрсатишни ўз ичига олади».
Германия конституциясининг I-боб, 14-моддасида мулк ва мерос ҳуқуқлари кафолатланиши, уларнинг мазмуни ва чегаралари қонунлар билан белгиланиши қайд этилган. Дания асосий қонунининг VIII-боб, 73-моддасида эса, хусусий мулк дахлсиз эканлиги, ҳеч ким ўз мулкидан воз кечишга мажбурланиши мумкин эмаслиги, фақат жамоатчилик фойдаси учун талаб қиладиган ҳолатлар бундан мустаснолиги белгилаб қўйилган.
Ҳар бир инсон шахсий мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга ва бундай мулк ҳар қандай томон тарафидан ноҳақ тортиб олиниши мумкин эмаслиги Индонезия, хусусий мулкка бўлган умумий ҳуқуқни бекор қилишнинг тақиқланиши Грузия конституцияларида эътироф этилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, турли тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкни сақлаш ва кўпайтириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, мулкдорларни қўллаб-қувватлаш, ўзига тегишли бўлган мол-мулкка мустақил эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, бу – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир. Умуман олганда, юқорида қайд этилган мақсадларга эришиш, мамлакат иқтисодиётини ҳар томонлама ва жадал ривожлантириш ҳамда давлат органлари билан муносабатларда хусусий мулк ҳуқуқларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш учун бевосита шароитлар яратишда кучли туртки бўлади.
Авазбек ХОЛБЕКОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази
эксперти