
Айни кунларда «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ҳамда вилоятлар ҳокимлари билан суҳбатлар ташкил этилиб, бунда ҳудудларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчилик ҳамда аҳолининг кенг қатламига етказиш мақсад қилинган.
Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан суҳбатимиз ана шу мавзуга қаратилди.
– Бугунги кунда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳаллалар аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш масканига айланиб бормоқда. Сирдарё вилоятида бу борада қандай ишлар амалга ошириляпти?
– Давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллабай ишлашнинг вертикал тизими яратилиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича вилоятдаги 236 та маҳаллада ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти ташкил этилди.
Натижада, бугунги кунга қадар янги тизимга мувофиқ 167 минг та хонадон «хонадонбай» хатловдан тўлиқ ўтказилиб, 4 тоифага ажратиб олинди. Жумладан, хонадонларнинг 8,7 фоизи (14,4 минг хонадон) кам даромадли, 54,5 фоизи (91,0 минг хонадон) қўшимча даромадга эҳтиёжманд, 6,1 фоизи (10,2 минг хонадон) ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда 30,7 фоизи (51,3 минг хонадон) ўзига тўқ хонадонлар эканлиги маълум бўлди.
Шунингдек, вилоятда 2022 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, 8 421 нафар ташаббускорга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 242,1 млрд. сўм миқдорида кредит, 1203 нафар фуқарога тавсиянома асосида 2,6 млрд. сўмлик субсидия маблағлари ажратилди. Шундан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1068 нафар фуқарога 2,4 млрд. сўм, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 135 нафар фуқарога 228,4 млн. сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Бундан ташқари, 4 463 нафар шахс касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқишга йўналтирилиб, «Ишга марҳамат» мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасаларида ўқитилди. Ушбу кўрилган чоралар ҳар бир маҳалла кесимида аҳоли бандлигини таъминлаш ва оила даромадларининг ошишига ижобий таъсир кўрсатди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар жами 3 501 та, шундан, 1 362 та юридик ва 2 139 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтди.
– Ҳар қандай ислоҳотларни амалга оширишда иқтисодий кўрсаткичлар муҳим саналади. Шу боис, Сирдарё вилоятини комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, унинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш борасида қандай натижаларга эришилмоқда?
– 2022 йилнинг 28 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастури қабул қилинди. Ўтган 6 ой давомида ушбу стратегия ва Давлат дастурида Сирдарё вилоятига оид белгилаб берилган бир қатор вазифаларнинг ижроси бўйича амалий ишлар олиб борилиб, ижобий натижаларга эришилди.
Жумладан, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 5,5 трлн.сўмни ташкил этди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,4 фоизга кўп демакдир. Шунингдек, халқ истеъмоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш
2,3 трлн.сўмни ташкил этиб, 22,8 фоизга, қишлоқ хўжалигидаги ялпи маҳсулот ҳажми 4,2 трлн.сўм – 3,4 фоизга, асосий капиталга инвестициялар 5 трлн.сўмни ташкил этиб, 16,1 фоизга ўсиш кузатилди.
Йўналтирилган инвестицияларнинг 3,5 трлн.сўми (321,7 млн.доллар) ёки 70,4 фоизи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади. Хориж инвестициялари туманларнинг салоҳияти ва имкониятида келиб чиққан ҳолда йўналтирилди. Жумладан, 38,8 фоизи Боёвут, 11,4 фоизи Сирдарё ва 33,2 фоизи Ховос туманлари ҳиссасига тўғри келади. Натижада, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 7,7 трлн.сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бу борада ҳам 5,7 фоизга ўсиш таъминланди.
Натижада, 2022 йилнинг бошидан вилоят иқтисодиётида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар ўзининг ижобий натижасини бера бошлади, яъни вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмида саноатнинг улуши 27,2 фоизни, хизматлар улуши 32,5 фоизни, қишлоқ хўжалигининг улуши 32,5 фоизни ташкил этди.
Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот 8,7 млн.сўмни ташкил этди. Бу 2021 йилнинг 1-ярим йиллигига нисбатан 1,2 млн.сўмга кўп дегани (2021 йил 1-ярим йилликда 7,5 млн.сўм).
– Бугун вилоятнинг бой тарихи, географик жойлашуви ҳамда иқтисодий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда тадбиркорликнинг қайси турлари кенг ривожланмоқда?
– Шу ўринда эътироф этиш жоизки, 2022 йилнинг январь-июнь ойларида 1 238 та кичик корхона ва микрофирмалар (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) ташкил қилинди.
Энг кўп кичик корхона ва микрофирмалар қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги (33 фоиз), савдо (29 фоиз), саноат (16 фоиз), қурилиш (6 фоиз), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳаси (4 фоиз), ташиш ва сақлаш (2 фоиз), ахборот ва алоқа (3 фоиз), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат (1 фоиз), ва бошқалар соҳаларда (6,8 фоиз) ташкил этилган.
Шу билан бирга вилоятда тадбиркорликнинг қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги, савдо, саноат, қурилиш, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳаси, ташиш ва сақлаш соҳалари кенг ривожланмоқда.
Жумладан, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 1642,7 млрд. сўмни (жами саноат ишлаб чиқаришнинг 29,8 фоизи); 2021 йилнинг январь-июнига нисбатан ўсиш суръати 86,0 фоизни ташкил қилди; 3630,6 млрд. сўмлик инвестициялар (умумий инвестициялар ҳажмининг 72 фоизи) ўзлаштирилди ва 2021 йилнинг январь-июнь ойига нисбатан ўсиш суръати 148,1 фоизни ташкил этди; 1112,6 млрд. сўмлик қурилиш ишлари (қурилиш ишлари умумий ҳажмининг 83 фоизи) бажарилди ва 2021 йилнинг январь-июн ойига нисбатан ўсиш суръати 94,5 фоизга етди; 1203,0 млрд. сўмлик хизматлар кўрсатилиб (вилоят жами хизматлар ҳажмининг 51 фоизи), 2021 йилнинг январь-июнига нисбатан ўсиш суръати 109,2 фоизни, чакана савдо товар айланмасининг умумий ҳажми 91,7 фоиз ёки 1876,7 млрд. сўмни (ўсиш суръати 104,3 фоиз) ташкил қилди.
– Қадимдан вилоят Буюк ипак йўли устида жойлашган ҳудуд саналади. Бугунги кунда вилоят Қозоғистон ва Тожикистон билан чегарадош. Ундан ташқари, вилоят республиканинг барча вилоятларига ўтувчи минтақавий автомобиль йўллари ўтган ҳудуд ҳисобланади. Бу эса, вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун яхши имконият.
– Дарҳақиқат, вилоятимиз ҳудудидан А-373, А-376, М-34 ва М-39 халқаро йўллари ўтган бўлиб, бугунги кунда йўллар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, 2022 йилнинг ўзида мазкур халқаро йўллар ёқаларида
49 та хизмат кўрсатиш лойиҳаси (93,2 млрд.сўм) ўз фаолиятини бошлади ва натижаа 125 та янги иш ўрни яратилди. Мисол учун, Оқолтин туманида «Ойбек Файз Маркет» МЧЖ томонидан қиймати 4 млрд.сўмга тенг меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматлари кўрсатиш маркази ташкил этилиб, 10 дан зиёд янги иш ўринлари ташкил қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Сирдарё вилояти нафақат аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, балки республика аҳолиси учун ҳам қулай бўлган инфратузилмани яратиш ва иқтисодиётни юксалтиришда улкан имкониятларга эга.
Бунга мисол қилиб, марказий газ қувурларининг вилоят ҳудудидан ўтганлиги келтириб ўтиш мумкин. Ҳозирда Ховос туманининг «Мустақиллик» МФЙ ҳудудида 7 гектар ер майдонига қуввати 220 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш учун лойиҳа ишлари Туркиянинг «Ченгиз Энержи Сан» (Cengiz Enerji San. ve Tic. A.Ş.) компанияси томонидан амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, генераторлар газ босими ёрдамида ишга тушиб, электр энергиясини ишлаб чиқаради. Лойиҳа 2023 йилнинг иккинчи чорагига қадар якунланиши режалаштирилган. Ишлаб чиқилган лойиҳалар Аква повер, Ченгиз Энержи ва Ширин иссиқлик энергияси ҳисобидан вилоятга республиканинг 54 фоиз электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлаш имкониятини беради.
– Бугун аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудларда ижтимоий соҳа объектларида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш Давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан саналади. Шу боис, вилоятда сўнгги беш йилда аҳолини иш ўрни билан таъминлаш, мактабгача, ўрта ва олий таълим билан қамраб олиш ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг сифатини ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Республика даражасида бўлгани каби вилоятимизда ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш борасида сўнгги беш йилда қатор амалий ишларга қўл урилди. Жумладан, ҳар йили ҳукумат қарори билан аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича қабул қилинган дастурлар доирасида ўтган 5 йил давомида 80 мингга яқин иш ўрни яритилиб, аҳолининг бандлиги таъминлашга эришилди.
Бунда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари томонидан ўзлари раҳбарлик қилаётган йўналишлар бўйича иш ўринларини яратиш ва аҳолининг бандлик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, вилоятда 2022 йилда 199,3 минг фуқарони доимий ва вақтинчалик ишларга жалб этиш прогноз параметрлари белгилаб берилган бўлиб, январь-июль ойларида 166,1 мингта янги иш ўрни яратилди, натижада жорий йил учун белгиланган кўрсаткич 83,4 фоизга бажарилди.
Яна бир нарсани эътироф этишни истардим, бугунги кунда ижтимоий соҳа ташкилотлари ва объектларида хизмат сифатини ошириш, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш борасида Сирдарё тажрибаси кенг қўлланилмоқда. Мисол учун, Президентимиз ташаббуси билан республикада биринчилардан бўлиб соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий суғурта тизими, айнан бизнинг вилоятда жорий қилинди.
Мактабгача таълим соҳаси билан боғлиқ ишларга тўхталадиган бўлсак, бунда қамров даражаси 2017 йилда 27 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги даврга келиб 80 фоизга етказилди. Бугунги кунда мактабгача таълим билан 54 мингдан ортиқ бола қамраб олинган.
Мактабгача таълим ташкилотларининг сони 153 тадан 901 тага етди. Мактабгача таълимга давлат-хусусий шерикчилигининг кириб келиши, бу соҳадаги рақобатнинг кучайиши ва янада ривожланишига кенг йўл очиб берди. Қолаверса, 6 ёшли болалар учун мактабгача таълимнинг тайёрлов босқичи мажбурий қилиб белгиланганлиги, болаларнинг мактаб таълимига сифатли тайёрланишига замин яратмоқда.
Ислоҳотлар ўрта таълим соҳасида ҳам изчил давом эттирилмоқда. Вилоятдаги мактаблар сони 296 тадан 318 тага етказилди. Таълим бериш сифати тубдан ўзгарди. Олий таълимга қамраб олиш даражаси юқори суръатларда ўсиб бормоқда.
Шу билан биргаликда, вилоятда 2022 йил битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишлари борасида ҳам аниқ манзилли ишлар йўлга қўйилди.
– 2020 йилнинг 12 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан вилоятлар ичида биринчи бўлиб Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш белгиланган эди. Ушбу тизим доирасида амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Мазкур қарор билан Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси йўлга қўйилди.
Бунда кафолатланган пакет жорий қилиниб, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда шифокор қабули, консультацияси билан биргаликда профилактик тадбирлар, хусусан 12 турдаги инструментал диагностик, 12 турдаги лаборатория текширувлари, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда 19 турдаги диагностик ҳамда 16 турдаги лаборатория текширувлари орқали аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида «Электрон поликлиника» тизими йўлга қўйилди. Айни кунда ушбу тажриба мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этилиб, беморлар учун хизмат қилмоқда.
Шу ўринда эътироф этиш жоизки, вилоятда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида сўнгги 5 йилда умумий амалиёт шифокори оилавий шифокорга айлантирилиб, унинг функция ва вазифалари аниқ белгиланиб, маҳаллабай тизимида қатор ишлар олиб борилмоқда. Вилоят бўйича жами 236 та маҳалла аҳолиси 421 та «тиббий бригадалар» билан қамраб олинган.
Соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилган маблағлар 2016 йилда 156,2 млрд.сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 522,7 млрд. сўмга, яъни 3,5 баробарга ортди. Айниқса, дори воситалари ва тиббий буюмлар хариди учун ажратилган маблағлар 8,3 баробарга кўпайиб, 2022 йилда 32,3 млрд сўмни ташкил этмоқда.
Шунингдек, 2022 йилнинг май ойида маҳаллаларда маҳалла тиббиёт пункти дислокацияси белгиланиб, вилоятдаги 35 та МФЙларнинг олис ҳудудларида маҳалла тиббиёт пунктининг фаолияти йўлга қўйилди. Натижада, 2017 йилда вилоятда 161 та соғлиқни сақлаш муассасалари мавжуд эди, ҳозирги вақтда уларнинг сони 261 тага етди.
Жорий йилда ҳам маҳаллий бюджетдан туман, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида эндокринолог ва кардиолог хоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида смета ҳужжатларига 1,1 млрд.сўм маблағ киритилди.
– 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида Сирдарё вилоятининг Хитой Халқ Республикаси бизнес доиралари билан инвестиция ва ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш вазифаси белгиланган. Ўтган вақт давомида бу борада қандай ишлар амалга оширилди ва истиқболдаги мақсад нималардан иборат?
– Хитой Халқ Республикаси жаҳонда илдамлик билан ривожланаётган мамлакатлар сирасига киради. Айниқса, ушбу мамлакатнинг турли соҳаларда, хусусан саноат ва қурилиш соҳаларида катта марраларни забт этаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ушбу кўрсаткичларга эришишда асосий таянч, бу кўп йиллик тажриба, янги технология ва инновацион ёндашувдир.
Давлат раҳбарининг «Бир макон, бир йўл» иккинчи халқаро форумидаги иштироки, 2019 йил 24–27 апрель кунлари Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифи нафақат Республикамизни, балки шу ўринда вилоятимизни ХХР айрим ҳудудлари билан маҳаллий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш ва республикамиз иқтисодиёти тармоқларига жалб қилинаётган инвестициялар ҳажмини оширишда муҳим асос бўлди.
Мисол учун, Сирдарё вилоятида Хитой давлатининг 53 дан ортиқ компаниялари фаолият юритмоқда. Ўтган йиллар мобайнида, вилоятда ХХР инвестициялари иштирокида бир қатор лойиҳалар ишга туширилди, натижада янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кенгайди ҳамда 4 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланди.
Ушбу корхоналар томонидан тайёр чарм, сантехника жиҳозлари, металл конструкциялар, бурама мурватлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, замонавий иссиқхоналар, иссиқхоналар учун конструкциялар ишлаб чиқариш каби фаолият турлари йўлга қўйилган.
Жумладан, «Пенг-Шенг» МЧЖ ҚК комплексида ХХР билан ҳамкорликда қурилиш ва енгил саноат (чарм пойафзал) маҳсулотлари, кафел, сантехника, пластик панеллар, пойабзал ишлаб чиқариш ва терини қайта ишлаш цехлари, қишлоқ ҳўжалиги лойиҳалари, иссиқхоналар фаолият юритиб келмоқда. Мазкур комплекс томонидан бугунги кунга келиб, йиллик 25 млн.долларлик маҳсулот экспорти йўлга қўйилган бўлиб, 1 700 ортиқ иш ўрни яратилган.
Шунингдек, Гулистон шаҳрида «Ванг да металл» МЧЖ ҚК томонидан 2019 йилда «металл маҳсулотларни ишлаб чиқариш» йўлга қўйилган бўлиб, айни кунга қадар 80 та янги иш ўрни яратилди. Доимий равишда Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларига экспорт йўлга қўйилган.
Умуман олганда, ҳозирда Ўзбекистоннинг ХХРдаги элчихонаси билан ҳамкорликда қиймати жами 647, 5 млн.долларлик 15 та лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг асосий қисми ишга туширилган.
Бундан ташқари, 2021 йилнинг август ойида Ширин шаҳрида ҳамкорликда ХХР хорижий инвестициялари ҳисобидан қиймати 18 млн.долларлик «Вангда ролинг стилл» МЧЖ ҚК томонидан «металлопрокат маҳсулотларини ишлаб чиқариш» лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳа доирасида 500 дан ортиқ доимий иш ўрни ташкил этилди.
Албатта мазкур кўрсаткичлар билан чекланиб қолмасдан, келгусида Тарақиёт стратегияси доирасида қўшимча янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, Янгиер шаҳрида қиймати 4 млн.долларлик «Газоблок ва пеноблок» ишлаб чиқариш лойиҳаси ёки Боёвут туманида Хитойнинг «Биг Бриж» (Big Bridge) компанияси ташаббуси билан қиймати 14 млн.долларлик янги технологиялар асосида «қоғоз ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳаларини мисол қилиб келтириш мумкин.
Хусусан, келгуси тўрт йилда янги турдаги импорт ўрнини босувчи инновацион технологияларни жалб қилиш режалаштирилган. Бунда, албатта Хитойнинг Сирдарё вилоятига бириктирилган Гуанчжоу, Шангдунг вилоятлари имкониятларидан кенг фойдаланилади. 2026 йилгача икки мамлакатнинг ишлаб чиқариш, саноат ва маҳаллийлаштириш йўналишларидаги ҳамкорлиги натижасида 20 дан ошиқ йирик қувватларни ишга тушириш мақсад қилинган.
Қисқача қилиб айтганда, вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар Президент томонидан олдимизга қўйилаётган вазифалар ижросини таъминлаш, даврнинг ўзи талаб қилаётган туб ўзгаришларга ҳамқадам бўлишни тақозо этади.
«Тараққиёт стратегияси» маркази ходими
Фаррух Абдуҳамидов суҳбатлашди
(Суҳбат «Янги Ўзбекистондаги самарадор ислоҳотлар –
тараққиёт сари дадил қадамлар» лойиҳаси доирасида тайёрланди).