• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОНДА НОДАВЛАТ ТИББИЁТ СОҲАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР
1971 | 28 Дек. 2022 й.

Ислоҳотларнинг дастлабки кунларидан бошлаб аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга устувор вазифа сифатида қараб келинмоқда. Ўтган беш йилда бу борада улкан ишлар амалга оширилди, илғор хорижий ютуқлар ўрганилди. Келгуси беш йилда ҳам аҳолини сифатли ва малакали тиббий хизмат билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришни Тараққиёт стратегиясининг энг муҳим йўналиши сифатида белгилаб олинди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда тиббиёт соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин ошди. Жумладан, 2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 трлн. сўм маблағ йўналтирилди,бу 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп дегани.

Ўтган беш йилда шифохона ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробарга кўпайди. Шу даврда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 млн. доллардан зиёд маблағлар жалб қилинди.

Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди. Аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида бирламчи тизимга 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари қўшилди. Қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника янги замонавий «УЗИ» ва «ЭКГ» аппаратлари билан таъминланди. Шу орқали қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди.

Тиббиёт тизимида давлат шифохоналари билан бирга хусусий медицина ҳам ривожланмоқда. Аввал бундай хизматлар фақат стоматология бўйича кўрсатилган бўлса, ҳозир хусусий клиникалар деярли барча йўналишларда фаолият юритмоқда ва уларнинг сони 8 мингтага етди.

Хусусий тиббиёт учун солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидияларни қамраб олган қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилди. Натижада биргина солиқ имтиёзлари ҳисобидан сўнгги беш йилда хусусий сектор ихтиёрида 1,3 трлн. сўм маблағ қолди.

Бироқ, шунга қарамай, мазкур соҳада қатор камчилик ва муаммолар ҳам учраб турибди. Авваламбор, аксарият хусусий тиббиёт ташкилотларининг рўйхатдан ўтиши ва фаолияти учун зарур бўлган лицензиялаш ва рухсатнома бериш тартибларини такомиллаштириш лозим. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудларда хусусий тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва фаолиятини назорат қилиш учун ажратилган битта штат бирлиги, хусусий тиббиёт ташкилотларининг қонунга мувофиқ фаолият юритишини ўрганиш ва назорат қилиш имконини бермайди, бу, ўз навбатида, коррупциявий хавф-хатарни пайдо қилиши мумкин.

Иккинчидан, хусусий тиббиёт ташкилотларига лицензия бериш жараёни ортиқча ва зарур бўлмаган талабларни ўз ичига олган. Мисол учун, кўплаб ривожланган давлатларда хусусий клиникаларни ташкил этишда хоналарнинг баландлиги ва ҳажмига бўлган талаблар мавжуд эмас. Ўзбекистонда эса, СанПиН томонидан қўйилган талаблар тадбиркорни қўшимча сарф-харажат қилишга мажбур этмоқда, натижада аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш нархларининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Учинчидан, амалдаги қонунчиликка мувофиқ тиббий фаолият билан шуғулланишга лицензия аризасини кўриб чиқиш ҳамда лицензия учун давлат божи миқдори тиббиёт ташкилотининг қувватига қараб табақалаштирилмаган, яъни кам қувватли ва бир неча қаватга эга бўлган хусусий тиббиёт ташкилотлари учун давлат божи бир хил миқдорда белгиланган (БҲМнинг 7 баравари).

Тўртинчидан, дорихоналар томонидан сотилаётган дори воситаларининг сифати ва нархини назорат қилиш механизми бугунги кун талабига жавоб бермайди. Хусусан, мавжуд имкониятлар, жумладан солиқ ва божхона идоралари, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотлар базасининг интеграциялашуви орқали назорат қилиш йўлга қўйилмаган.

Бешинчидан, фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатдан ўтказиш ва сертификация қилишда аризаларни кўриб чиқиш муддати чўзилаётгани сабабли, талабгор томонидан бир неча маротаба мурожаат қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Олтинчидан, тиббиёт техникаси ва буюмларини рўйхатдан ўтказиш ва сертификация қилиш жараёнида илғор хорижий ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш учун қўйилган талаб ва ҳар бир рўйхатдан ўтадиган маҳсулотга хорижий валютада белгиланган давлат божи, Ўзбекистонда илғор технологияларининг жорий қилинишига ғов бўлмоқда.

Ўз ўрнида, агар халқаро тажрибага назар соладиган бўлсак, аксарият ривожланган давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги муваффақияти хусусий тиббиёт тизимининг ривожланиши билан изоҳланади. Бунга сабаб, рақобат бор жойда, албатта хизмат кўрсатиш сифати юқори бўлади, илғор технологиялар фаол тарзда тадбиқ этилади. Шуни инобатга олган ҳолда, юқоридаги муаммоларни бартараф этиш, мазкур жараёнда илғор хорижий тажрибани амалиётга жорий қилиш ҳамда Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун қуйидаги таклифларни билдириш мақсадга мувофиқ:

  • Нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш ва назорат қилиш, дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини рўйхатдан ўтказиш ва сертификациялаш бўйича давлат органлари функция ва вазифаларининг маълум қисмини давлат хусусий шерикчилик асосида нодавлат секторига ўтказиш;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сонли қарори билан тасдиқланган тиббий фаолият билан шуғулланишга  аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим ҳамда тиббий фаолият лицензияси учун давлат божини нодавлат тиббиёт ташкилотининг қувватига қараб табақалаштириш;
  • Нодавлат тиббиёт объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш, тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш стандартларини замон талаблари ва илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш;
  • Дори воситалари, тиббий техника ва ускуналарнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ва дорихоналардаги нарх-навонинг тафовути бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш;
  • Мамлакатда тиббий хизматлар туризмининг ривожи йўлида кўрсатилаётган тиббий хизматларга халқаро сифат сертификатини бериш ва аккредитациядан ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқиш, бунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига малакали хорижий экспертларни жалб қилиш;
  • Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан дори воситалари ва тиббий техникаларнинг дорихоналарда сотилаётган чакана нархини онлайн назорат қилиш ва манзилли чораларни кўришни йўлга қўйиш;
  • Тиббий техника ва ускуналарни рўйхатдан ўтказиш тартибини такомиллаштириш, республика ҳудудига ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилган ва халқаро сертификатга эга бўлган тиббий техника ва ускуналарни олиб киришни соддалаштириш.

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги таклифлар Тараққиёт стратегиясида белгиланган тиббий хизматлардаги хусусий сектор улушини 25 фоиз, дори-дармон ва тиббиёт воситалар ишлаб чиқариш улушини 80 фоизга етказиш, дори воситалари нархларига риоя этилишини онлайн кузатишнинг ахборот тизимини яратиш каби вазифаларнинг самарали амалга оширилишига хизмат қилади. Зеро, тиббий хизматнинг қулайлиги ва сифатини ошириш, саломатлик кўрсаткичларини яхшилаш, ногиронлик ва барвақт ўлимнинг олдини олиш, шу орқали аҳолининг умр кўриш давомийлигини узайтириш, миллат генофондини мустаҳкамлаш мамлакатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири саналади.

 

 

Жамшид Шарипов,
Анвар Шеров,
«Тараққиёт стратегияси» маркази эскпертлари


1
Похожие новости