Бугун дунё мамлакатларининг шиддат билан ривожланиб боришида рақамли иқтисодиётнинг ўрни беқиёс. Бу йўналишда Ўзбекистон ҳам ўзининг стратегияси ва дастурларини белгилаб олгани ҳолда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни босқичм-босқич амалга ошириб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонида рақамли иқтисодиётни асосий «драйвер» соҳага айлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилган.
Жумладан, рақамли иқтисодиёт ҳажмини камида 2,5 баравар ошириш, рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш, барча аҳоли масканлари, ижтимоий объектлар ҳамда магистрал автомобиль йўлларини кенг полосали уланиш тармоқлари билан қамраб олиш, иқтисодиётнинг реал сектори ҳамда молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларни рақамлаштириш даражасини 2026 йил якунига қадар 70 фоизгача ошириш, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баравар, уларнинг экспортини эса 10 баравар ошириб, 500 миллион АҚШ долларига етказиш каби муҳим вазифаларни қамраб олган.
Шу ўрнида, таъкидлаш лозимки, 2022 йилдаги «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастурининг 101-бандида Иқтисодиётни реал сектори ҳамда молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларини рақамлаштириш вазифаси қўйилган.
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2022 йил 22 август куни Президент томонидан «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор мизоланди.
Мазкур қарорда, 2022 йил якунига қадар аҳоли яшаш масканларини кенг полосали мобил алоқа тармоғи билан қамраб олиш даражасини 98 фоизга, халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўллари бўйлаб юқори тезликдаги мобил интернет қамровини 60 фоизга етказиш, 40 минг км. оптик толали алоқа линияларини қуриш ҳамда қўшимча 800 минг хонадонни юқори тезликдаги интернетга улаш имкониятини яратиш орқали оптик толали алоқа қамровини 80 фоизга етказиш, электрон давлат хизматлари кўрсатилишига хусусий секторни жалб қилиш орқали фойдаланувчилар сонини 2 баробар ошириш, ҳудудларда ёшларнинг зарур кўникмаларга эга бўлиши ва уларни кафолатланган буюртмалар билан таъминлашга хизмат қиладиган марказларни яратиш орқали IT-хизматлар экспорти ҳажмини 100 млн. долларга етказиш белгиланган.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича мамлакатда қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Биринчидан, халқаро ва шаҳарлараро телекоммуникация тармоғини ривожлантириш мақсадида, халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 2,6 баробарга оширилиб, 3 200 Гбит/с.га етказилди (2020 йилда 1 200 Гбит/с.). Магистрал телекоммуникация тармоқлари ўтказувчанлик қобилияти вилоятлараро даражада 600 Гбит/с.га (2020 йилда 400 Гбит/с), туманлараро даражада эса 60 Гбит/с.га (2020 йилда 40 Гбит/с)етказилди.
Бу билан республикада интернет тезлигини ошириш, оператор
ва провайдерларга интернет хизматлари учун тарифнинг 2021 йил бошига нисбатан 25 фоизга арзонлаштиришга эришилди (1 Мбит/с. учун 30,0 минг сўмни ташкил этмоқда).
Шунингдек, 2021–2022 йилларда қўшимча 102 минг км. оптик-толали алоқа линияларини қуриш орқали уларнинг умумий узунлиги 170 минг км.га етказилди (2020 йилда 68 минг км.).
2020 йил якунида 2,7 млн. уй хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларининг кенг полосали Интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлган бўлса, сўнги икки йилда қўшимча 1,7 млн. кенг полосали портлар ўрнатилиши натижасида жами 4,4 млн. уй хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларининг кенг полосали интернетга уланиш имконияти яратилди.
Республика аҳолисининг интернет хизматидан фойдаланувчилари сони 31,0 млн.дан ортди (2020 йилда 22,5 млн.), шундан мобил интернет фойдаланувчилари сони 29,5 млн. (2020 йилда 21,5 млн.) ташкил этади.
Шунингдек, сўнгги икки йилда 22 300 та қўшимча таянч станциялари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 54,0 мингтага етказилди (2020 йилда 31,7 мингта), республика бўйича мобил алоқа қамрови даражаси 99 фоиз (2020 йилда 98 фоиз – мобил алоқа абонентлари сони 31,3 млн. (2020 йил ҳолатига 25,9 млн.), кенг полосали мобил интернет қамрови 98 фоизга етказилди (2020 йилда 90 фоиз). Натижада ўтган давр мобайнида юқори тезликдаги мобил интернет фойдаланувчилар сони 8 млн.дан ортди.
Халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобил йўлларини 60 фоизини мобил алоқа қамрови билан таъминлаш натижасида аҳоли ва сайёҳларнинг йўлларда интернетдан фойдаланиш имконияти кенгайтирилди.
Иккинчидан, электрон ҳукуматни ривожлантириш мақсадида ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали 368 турдаги хизмат онлайн шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилган.
Бугунги кунда мазкур порталда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 4 миллионга етди (2022 йил бошида – 1,1 млн.). Шунингдек, фойдаланувчилар томонидан портал хизматларидан йил бошидан жами 12 млн. маротаба фойдаланилган.
Шунингдек, Давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Mobile-ID тизими жорий этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, электрон ҳукумат тизимидаги ахборотлар алмашинувида Ягона идентификация тизими – OneID нинг ўрни катта бўлиб, тизим фойдаланувчилари 7 млн.га етди, кунига рўйхатдан ўтувчилар сони 4 000 дан ортиқни ташкил этяпти. Давлат хизматларидан фойдаланишни енгиллаштириш мақсадида MobileID тизими орқали идентификация қилиш имконияти яратилди.
Тижорат банклари ҳамда тўлов тизимлари операторларига ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда, ўзларининг мобил иловалари орқали жисмоний ва юридик шахсларга Ягона порталдаги электрон давлат хизматларини кўрсатишга рухсат этилиши натижасида АТ «Алоқа банк»нинг «Zoomrad» мобил иловасида автотранспорт воситаси ҳамда кўчмас мулк билан боғлиқ маълумотлар жисмоний шахсларга тақдим этилмоқда.
2022 йилда Ўзбекистон БМТ томонидан олиб бориладиган Электрон ҳукумат рейтингида 18 поғона юқорилаб, 193 та мамлакат орасида 69-ўринга кўтарилди (2020 йилда 87-ўринда эди).
Шунингдек, Жаҳон банкининг «GovTech» рейтингида ҳукумат ва давлат хизматлари сектори бўйича 37 поғонага (198 мамлакат ичида 43-ўрин), рақамли кўникмалар ва давлат хизматларидаги инновациялар бўйича 65 поғона юқорилади (4-ўринни эгаллади).
Учинчидан, рақамли индустрия ҳажмини кенгайтириш мақсадида IT-Парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар сони 1037 тага етказилди (2021 йил 1 декбрга нисбатан 2 баробар ошган). Шундан 150 таси IT-Парк резиденти бўлган хорижий IT компаниялар (хорижий капитал иштирокидаги корхонлар) ҳисобланади.
Бугунги кунда Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм, Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида жами 16 та масофавий хизматларни кўрсатиш марказлари ташкил этилди.
Ҳозирги кунга қадар ушбу марказларда 400 дан ортиқ ёшлар иш билан таъминланди.
IT-хизматлар экспорти ҳажми ўтган йилга нисбатан 2,2 баробар ўсиб, 100 млн. АҚШ долл.ни ташкил этди.
Давлат дастурида белгиланган рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга оид вазифаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида интернет тармоғига уланиш тезлигининг ортиши, электрон ҳукуматни ривожлантириш ва рақамли индустрия ҳажмини кенгайтиришга туртки бўлди. Мазкур амалга оширилган ишлар юрт равнақи ҳамда аҳолининг замонавий технологиялардан фойдаланши учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Зеро, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасига оид ислоҳотлар соҳанинг ЯИМдаги улушининг ортиши ҳамда кўплаб ёшларнинг иш билан таъминланишига замин яратади.
Искандар Ўроқбоев,
«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти