
Бу ҳақда 2023 йилнинг 27 январь куни «Тараққиёт стратегияси» маркази, Жаҳон банки ва Буюк Британия тараққиёт дастури ҳамкорлигида ўтказилган «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» лойиҳаси тадқиқотининг 5 йиллик натижаларига бағишланган давра суҳбатида Жаҳон банкининг ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича катта мутахассиси Роберт Вробел тадқиқотлари натижалари хусусида ўз фикрларини билдириб ўтди.
— “Тадқиқот натижалари Ўзбекистондаги маҳалла раисларининг кўпчилигини эркаклар ташкил этаётганлигини кўрсатмоқда, келгуси сайловларда аёлларнинг ҳам вакиллик органларга сайланишига эътибор қаратиш лозим.
Айни пайтда давлат ва фуқаролар ўртасида кўприк вазифасини бажарувчи маҳалла раислари томонидан аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, хонадонлар билан ишлаш, ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтарлари”га киритиш бўйича тавсиялар беришда маҳалла раислари фаоллик кўрсатишмоқда. Бундан ташқари, сўровномалар натижалари жорий этилаётган аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими 2021 йилга нисбатан ижобий натижа берганлигини қайд этиш лозим.
Хусусан, маҳаллаларда ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлганлар учун кредит олишдаги чекловлар сақланиб қоланаётганлигига қарамасдан, бу борада бюрократик тўсиқлар сезиларли камайган.
Шу билан бирга, респондентлар ўртасида ўтказилган сўровда уй-жой билан таъминлашда аҳолининг қониқиш даражаси пастлиги, якка тартибдаги уй-жой қурилиши кўламини, айниқса, қишлоқ жойларда янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Келгусида маҳаллаларнинг муҳим дастурларни қабул қилиш ҳамда бюджет ижроси ва тақсимотидаги иштирокини ошириш, “Очиқ бюджет” портали орқали инклюзив қарорлар қабул қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим”.