• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШГА ҚАРАТИЛГАН КОМПЛЕКС ЧОРАЛАР ТИЗИМИ ЯРАТИЛМОҚДА
3311 | 15 Ян. 2023 й.

Мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир олиб борилаётган ислоҳотлар ушбу соҳани институционал ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу жараёнда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси, нуфузли халқаро ташкилотларнинг тавсия ва таклифлари инобатга олиниб келинмоқда.

Жумладан, мазкур ғоятда муҳим йўналишда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар билан бирликда ушбу соҳада фаолият юритадиган давлат ва жамоатчилик ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилди. Буни парламент, парламент омбудсмани, ННТлар ролининг оширилгани, оммавий ахборот воситаларининг фаоллашгани, давлат органлари ҳисобдорлигининг ортганлиги, очиқлик ҳамда ошкоралик принципларининг таъминланишидаги такомиллашув ва шу каби бошқа ислоҳотлар мисолида кўриш мумкин.

 

Мавжуд институтларнинг такомиллаштирилиши

 

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, ташкил этилаётган институтларнинг ихтисослашуви ҳам тобора такомиллашиб бормоқда. Жумладан, Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институти, тадбиркорлар ҳуқуқларини тизимли ва ихтисослашган ҳолда ҳимоясини ташкил қилиш мақсадида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) институтининг ташкил қилиниши бунга яққол далилдир.1

Шу билан биргаликда, фуқароларнинг давлат органлари билан муносабатда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни самарали ташкил қилишни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида маъмурий судлар ташкил қилинди. Маълумки, маъмурий судларнинг асосий вазифаси, бу – фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборат.

Шунга асосан, 2017–2021 йиллар мобайнида маъмурий судлар томонидан 71 794 та ариза кўрилиб, шундан 65 фоизи қаноатлантирилди. Шунингдек, мазкур давр оралиғида судлар томонидан кўрилган маҳаллий ҳокимларнинг 13 734 та қарорининг 6 024 таси ҳақиқий эмас, деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

 

Ахборотга бўлган ҳуқуқлар ҳамда очиқлик ва ошкораликнинг таъминланиши

 

Аҳолининг ахборот тарқатиш ва ахборот олишга доир ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам такомиллашиб бормоқда. Буни ҳозирги кунда ОАВларининг давлат ва жамият қурилишида ўз танқид ва таклифлари билан иштирок этиб келаётгани, давлат органларининг ўз фаолияти ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб бориши жорий этилганлиги, босма ва, айниқса, электрон нашрлар ҳамда телеканаллар сонининг ортганлиги, аҳолиннг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги, интернет тезлигининг ошиб бораётганлиги каби саъй-ҳаракатларда кўриш мумкин.

Сўнгги йилларда давлат идоралари томонидан жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабат билдириш амалиёти шаклланди. Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотларидаги ахборот хизматларининг манбалари – расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу рақам 2 400 тадан ошди.

Ундан ташқари, мамлакатимизда сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги, одамлар ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этишини амалда таъминлаш учун қатор шарт-шароитлар яратилмоқда. Мисол учун, ҳозирги кунда юртимизда қарийб 2 000 га яқин оммавий ахборот воситалари фаолият юритмоқда, Интернет – глобал тармоқда Uz доменда 30 мингга яқин веб-сайтлар бўлиб, уларнинг 360 дан ортиғи интернет оммавий ахборот воситасидир, ахборот порталлари сони эса 500 дан ортди.

 

Халқ ҳокимиятчилиги мустаҳкамланмоқда

 

Давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш устувор вазифага айланди.

Хусусан, халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, парламентаризмни ривожлантириш ва давлат органлари ҳисобдорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди. Давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва адолатга асосланган, одамлар манфаатига хизмат қиладиган, халқпарвар қарорлар қабул қилиш тизими шакллантирилди. Мамлакатда аввало инсон, кейин эса, жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларнинг негизига қўйилди. Ҳаётимизда  «Давлат – инсонлар учун» деган халқчил ғоя, изчиллик билан қарор топиб бормоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан олдин жамоатчилик муҳокамаларининг ташкил этилиши ҳам ислоҳотлар самараси саналади. Давлат органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг онлайн тарзда жамоатчилик эътиборига тақдим қилиниб борилиши ҳам мазкур соҳадаги амалий ўзгаришлардандир. Бу, жамоатчилик назорати ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятининг таъминланаётганига яққол далилдир. Шу билан биргаликда, сиёсий ҳуқуқларнинг таъминланишини эса сайловларда нафақат мамлакатимизда истиқомат қилаётган аҳоли, балки хориждаги фуқароларимиз, жазони ижро этиш муассасаларидаги айрим маҳкумларнинг ҳам иштироки таъминланаётганлигида кўриш мумкин.

Кўп йиллар давомида халқимиз орасида жамиятнинг бир бўлаги сифатида истиқомат қилиб, эл-юрт равнақига ҳисса қўшиб келган фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида фуқаролик бериш тартиби соддалаштирилди. Бунинг натижасида 2018–2021 йилларда 70 мингдан ортиқ шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.

 

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти ва суд тизими такомиллашмоқда

 

Мамлакатда олиб борилган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, узоқ йиллар давомида юртимиз учун тамға бўлиб келган Жаслиқ жазони ижро этиш колонияси тугатилди. Қийноқларнинг олдини олиш масаласига давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та фармони ва 6 та қарори қабул қилинди. Шунингдек, 2017–2021 йилларда жазо муддатини ўтаётган 6 мингга яқин маҳкумга нисбатан афв этиш актлари қўлланилди.

Қонун устуворлиги ҳамда адолат тамойилларини қарор топтириш ҳуқуқий, демократик давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарурий шарти саналади. Шу боис, суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2017–2021 йиллар мобайнида жами 3 702 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, 18 026 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 33 515 фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловлардан чиқарилди ёки ўзгартирилди.

Суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди, ишларни кўриб чиқиш 7 босқичдан 4 босқичга қисқартирилди. Суд тизимида ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали «Бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилди. Натижада, фуқароларнинг оворагарчилигига сезиларли даражада барҳам берилиб, одил судлов самарадорлиги оширилди.

Шуни эътироф этиш керакки, барча суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мужассамлашган.

 

Диний эркинлик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш – барқарор тараққиёт кафолати

 

Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда диний эркинлик соҳасидаги ислоҳотлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан саналади.

Хусусан, 2017 йилда экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган 16 мингдан зиёд шахс реабилитация қилинди. 2018 йилда эса, халқаро диний эркинлик бўйича ҳисоботда Ўзбекистон диний соҳадаги «алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар» рўйхатидан чиқарилди.

Ундан ташқари, Дин ишлари бўйича қўмита таркибида аёллар билан ишлаш бўлими ташкил этилди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. 2021 йилда халқаро диний эркинлик бўйича ҳисоботда Ўзбекистон диний соҳадаги «махсус кузатувдаги» давлатлар рўйхатидан чиқарилди.

Шу билан бирга, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳам мамлакатда инсон ҳуқуқларининг таъминланишида асосий устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Хусусан, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, Ўзбекистоннинг бирлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсати ҳаётга татбиқ этилмоқда.

2017-2021 йилларда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар сони 2 323 тага етди. Шундан, 191 таси ноисломий, 2 132 таси исломий диний ташкилотлардир. Шунингдек, 16 та диний конфессия, 130 дан ортиқ миллат вакилларини ўзида жамлаган 140 га яқин миллий-маданий марказ, Ўзбекистон Ислом академияси ва Тошкент Ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти, православ ва протестант семинариялари фаолият олиб бормоқда. Уларда талабалар диний илмлар билан бир қаторда дунёвий илмларни олиш имкониятига ҳам эга.

Шу билан бирга, 2017–2021 йилларда 261 та янги масжид қурилди. Албатта буларнинг барчаси мамлакатда дин ва эътиқод эркинлиги, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, маърифат ва барқарорлик, тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

Кафолатланган ҳаракатланиш эркинлиги таъминланмоқда

 

Бугун, фуқароларнинг мамлакат ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш эркинлиги таъминланишининг сезиларли даражада такомиллашганини кўриш мумкин. Хусусан, мамлакат аҳолиси учун узоқ йиллардан буён оғриқли масала бўлиб келган «прописка» тизими тубдан ислоҳ қилинди ҳамда вилоятлар ва туманлараро патрул-пост масканлари кескин қисқартирилди, бу, ўз навбатида аҳолига кўплаб қулайлик ва имкониятлар яратмоқда. Шу ўринда, бу борада хорижга чиқиш ва мамлакатга кириш, товар ва маҳсулотларнинг экспорт-импорт қилинишида яратилган қулайликларни таъкидлаб ўтиш зарур. Масалан, бюрократик тўсиқларни камайтириш йўлида жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича «яшил» ва «қизил» йўлак тизими амалиётга тадбиқ этилди. Авваллари Ўзбекистон Республикасига кириб келишда йўловчи божхона назоратидан ўтиш учун ўртача 2 соатгача вақт сарфлаган бўлса, эндиликда ўртача 30 дақиқадан 1 соатгача вақт ичида чегара ва божхона назоратини тарк этиши мумкин. Бу, бир томондан шахсий ҳуқуқ ва эркинликларнинг, иккинчи томондан тадбиркорлик билан шуғулланишга доир ҳуқуқ ва кафолатларнинг таъминланаётганлигини кўрсатмоқда.

 

Инсон қадрини улуғлаш – бош мақсад

 

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 28 январь куни «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармон билан тасдиқланган Тараққиёт стратегияси «Инсон қадри учун» ва «Давлат инсонлар учун» каби юксак тамойилларга асосланган ҳолда яқин ва ўрта муддатли даврда мамлакатни ривожлантириш бўйича 7 та устувор йўналиш ҳамда 100 та мақсадни қамраб олди. Бунда, иккинчи йўналиш – мамлакатда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришга қаратилди.

Давлат раҳбари Ўзбекистонни «ҳуқуқ устуворлиги индекси» юқори бўлган давлатлар қаторига киритиш асосий вазифалардан бири эканини таъкидлаб ўтди. Ушбу мақсадда мулкни ҳимоя қилиш ва маъмурий судларнинг ваколатларини кенгайтириш орқали фуқаролар ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқини кафолатлашнинг янги тизими яратилмоқда.

Бироқ, шу билан биргаликда, одил судловни таъминлаш, тергов сифатини ошириш, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолишига чек қўйиш каби ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас.

Бу, Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган 2022 йил 20 декабрдаги Мурожаатномасида ҳам ўз аксини топди. Хусусан,

• адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳамда масъулиятини янада ошириш;

• тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказиш;

• тергов сифатини ошириш ва тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлашини таъминлаш;

• судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпусини шакллантириш, уларни махсус ўқитиш;

• одил судловни таъминлашда ҳимоячининг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, хусусан, адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилишини таъминлаш ва судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилиниши тартибини белгилаш;

• маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда – бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиётини жорий қилиш каби ташаббуслар шулар жумласидандир.

Бугун биз «Инсон – жамият – давлат» деган тамойилни Конституция ва қонунларимиз, бутун фаолиятимизга чуқур сингдиришимиз зарур. Зеро, инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш учун олиб борилаётган ислоҳотларимизнинг диққат марказида турибди. Умуман олганда, «Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади», деган ғоянинг ҳаётга тадбиқ этилишида барча депутат ва сенаторлар фаол бўлиши даркор. Зеро, келгуси беш йилда ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, «Инсон қадри учун» тамойилини ҳаётга тўлақонли тадбиқ этиш бош устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.

 

Элдор ТУЛЯКОВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази
ижрочи директори

 


1
Похожие новости