• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
МИЛЛИЙ МАНФААТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚҚАН ҲОЛДА, УМУМБАШАРИЙ МУАММОЛАРГА ЁНДАШИШ СОҲАСИДАГИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР
1063 | 15 Ноя. 2021 й.

Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш соҳасидаги устувор йўналишларда қуйидаги ишлар амалга оширилди.

 

I. Мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш

 

Аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш мақсади бўйича атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш, атроф табиий муҳитни кузатиш, унинг ифлосланиш даражасини прогноз қилиш, давлат экологик назоратини доимий ахборот билан таъминлаш, ифлослантирувчи манбаларнинг ҳолати ва атроф-муҳитга таъсири мониторинги амалга оширилди.

Республика бўйича 764 та корхонанинг 6 522 та ҳаво, сув ва тупроқни ифлослантирувчи манбаларида мониторинг ўтказилиб, натижада 290 та объектнинг 685 та манбасида атроф табиий муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантириш аниқланди ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Мониторинг натижалари Ягона геоахборот электрон базасига киритилди.

Экологик талабларга жавоб бермайдиган маиший чиқинди полигонларининг атроф муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 августда «Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Чиқиндилар билан ишлаш йўналишида 79 та туман ва шаҳарлар хусусий шерикларга бириктирилиб, унинг улуши 52 фоизга етказилди, 115 та чиқинди полигонлари рекультивация қилинди, 43 та полигон ёпилди, аҳолини санитар тозалаш хизмати билан қамров 95 фоизга, чиқиндиларни қайта ишлаш 32,4 фоизга етказилди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар ва туманларда экологик аҳволни яхшилаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш мақсади бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022 йилнинг баҳор мавсумида жами 126,3 млн. дона мевали ҳамда манзарали дарахт ва буталарнинг кўчат ва қаламчалари экилди.

Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида 300 та махсус техникалар харид қилиш юзасидан тендер савдолари ўтказилиб, натижаси бўйича қиймати жами 24,9 млн. АҚШ долларга тенг бўлган шартномалар имзоланди ва 144 та техникалар харид қилинди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимидаги таҳлилий лабораторияларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида 20,6 млрд. сўмлик 27 турдаги 238 та ўлчов ускуналари, 330 та лаборатория мебели, 160 мингта лаборатория идишлари харид қилинди.

 

II. Давлат хизматида ҳалоллик стандартларини жорий этиш

 

Давлат хизматида ҳалоллик стандартларини жорий этиш мақсади бўйича давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни яратиш, коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятда очиқликни таъминлаш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чоралари кўрилди.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг 2022 йил 17 августдаги 8-сон баёни билан Давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бериш ва уни ҳал этиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш йўналишлари ва индикатор кўрсаткичлари асосида 24 та давлат органи ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги баҳолашдан ўтказилди.

Энг кўп коррупцион жиноятлар содир этилган соҳалар бўйича жамоатчилик сўрови ўтказилиб, коррупцион хавф-хатарлар юқори бўлган 9 та коррупцияга мойил соҳалар рўйхати шакллантирилди.

Мазкур соҳаларда коррупциянинг олдини олиш бўйича «Йўл хариталари» тасдиқланиб, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда бунга кенг жамоатчиликни жалб этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Натижада Мактабгача таълим ва Сув хўжалиги вазирликлари, Кадастр агентлиги, Маданият вазирлиги тизимларида ишга қабул қилиш жараёнлари тўлиқ очиқ танлов асосида йўлга қўйилди, уларнинг расмий веб-сайтларида «Очиқ маълумотлар» саҳифалари яратилиб, улардаги ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар тизимли равишда янгилаб борилмоқда.

2022 йил 11 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

2022 йил 1 сентябрдан «Е-Антикоррупция» лойиҳаси тўлиқ ишга туширилди.

Давлат бошқаруви органларида кадрлар билан ишлаш йўналишидаги автоматлаштирилган тизим жорий қилинди.

 

III. Хотин-қизлар орасидаги ишсизлик даражасини камайтириш

 

2022 йил 30 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 ноябрдан 10 та янги фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилди.

Норасмий ишлаётган 450 минг нафар фуқаро бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиши имкониятини яратиш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси томонидан 5 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотларда норасмий ишлаётган 10 минг нафардан ортиқ фуқаронинг бандлигини легаллаштиришга ёрдам берилди.

Аёллар орасидаги ишсизлик даражасини камайтириш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли ёрдамлар кўрсатиш мақсадида, 2022 йил 29 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, касбга ўқитиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш, касбга ўқитишни молиялаштириш, 2022–2023 йилларда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли ижтимоий хизматлар кўрсатиш масаласи тартибга солинди.

Ҳисобот даврида 140 мингдан зиёд хотин-қизларнинг 90 мингдан ортиғи меҳнат органлари йўлланмаси асосида мономарказларда, 55 830 нафари хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитилди.

Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 103 мингдан зиёд хотин-қизлар тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиб, улар томонидан 200 951 та янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, 233 мингдан зиёд аёлга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жами 4,7 трлн .сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Шу билан бир қаторда, ўтган давр мобайнида 644,8 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар «Аёллар дафтари»га киритилди ва уларга 1,3 трлн. сўмга яқин ижтимоий-иқтисодий кўмак берилиши режалаштирилди.

Бугунги кунда дафтарга киритилган хотин-қизларнинг 641,8 минг нафарига амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 214,4 минг нафар хотин-қизлар касбларга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди, бандлиги таъминланди, 161,1 минг нафарига моддий ёрдамлар кўрсатилди, 38,1 минг нафарига имтиёзли кредитлар берилди, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзандлари мавжуд «Аёллар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 70,9 минг нафарига турли амалий ёрдамлар кўрсатилди.

«Темир дафтар»га киритилган 660,0 минг оила, уларнинг 2,8 млн. нафардан ортиқ аъзоларининг 737,8 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлари бандлигини таъминлаш орқали 623,2 минг оила «Темир дафтар»дан чиқарилди.

«Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг доимий даромад манбаини яратиш чоралари кўрилди. Жумладан, 96,5 минг нафар фуқаролар доимий ишга жойлаштирилди, 34,8 минг нафар фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Шундан, 23,3 минг оилага оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредит ажратилган, 443,6 минг нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган, 86,3 минг нафар фуқаро қишлоқ хўжалигида (такрорий экин ва кооперация) ҳамда 66,4 минг нафар фуқаро бошқа йўналишларда банд қилинган, шунингдек 23,3 минг нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган.

Уларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда даромад манбаига эришишини таъминлаш мақсадида «Саховат ва кўмак» жамғармасидан 541,3 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Мамлакатда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 баробар қисқартириш мақсадида 2022 йилда аҳолининг бандлигини таъминлаш дастурига асосан 251 мингта аҳоли доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларга жалб этилиб, йиллик прогноз кўрсаткич 118,3 фоизга бажарилди.

Идоралараро электрон маълумот алмашинуви асосида пенсия тайинлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар ахборот тизимларидан электрон шаклда олиш орқали қоғоз шаклида ҳужжат талаб этиш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинмоқда.

Пенсия тайинлашда 11 турдаги маълумотларни фуқаролардан талаб қилиш ҳақидаги қоида бекор қилинди.


0
Похожие новости