• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
МАМЛАКАТИМИЗ ХАВФСИЗЛИГИ ВА МУДОФАА САЛОҲИЯТИНИ КУЧАЙТИРИШ, ОЧИҚ, ПРАГМАТИК ВА ФАОЛ ТАШҚИ СИЁСАТ ОЛИБ БОРИШ СОҲАСИДАГИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР
2720 | 15 Май. 2023 й.

Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш соҳасидаги устувор йўналишларда қуйидаги ишлар амалга оширилди.

 

I. Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш

 

Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш мақсадида уларнинг ахборот коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш ҳамда ахборот майдонидаги киберҳужум ва таҳдидларни мониторинг қилиш тизимини янада такомиллаштириш чоралари кўрилди. Мазкур мақсадда:

1) 2022 йил 15 апрелда кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизими такомиллаштирилиб, бу борада, «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги ЎРҚ–764-сонли қонун қабул қилинди;

2) 2022 йил 19 октябрда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–794-сонли қонун билан кибержиноятчилик учун жиноий жавобгарлик янада кучайтирилди;

3) IT-парк резидентлари сони 992 тага, улар томонидан кўрсатилган IT-хизматлар ҳажми 4 трлн. сўмга етказилди;

5) «Узлуксиз касбий таълим» электрон платформаси орқали 846 нафар умумтаълим мактаблари ўқитувчиларига медиа саводхонлик бўйича видео дарслар берилди.

Ахборот майдондаги киберҳужум ва таҳдидларни мониторинг қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ягона киберхавфсизлик узели доирасида давлат органлари ва ташкилотларига тегишли бўлган веб-ресурсларнинг ҳимоясини таъминлаш учун «Веб-иловаларни ҳимоя қилиш тизими» ишлаб чиқилди ҳамда синов тариқасида ишга туширилди.

Мазкур тизимга дастлабки ҳолатда 20 та давлат органлари ва ташкилотларининг 21 та веб-ресурслари киритилди ва ҳисобот даврида ушбу тизим орқали 958 667 та киберҳужум бартараф этилди.

 

 

 

 

II. Давлатнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш

 

Давлатнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини, унинг имкониятлари ва қобилиятини кучайтириш мақсадида Қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилиниб, унга асосан 2022–2026 йиллар давомида қўшинларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ кўрсаткичлар белгилаб олинди.

2022 йил 13 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 590-сонли қарори қабул қилинди.

Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларининг ахлоқий-руҳий ҳолати ва ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш ҳамда жанговар руҳини ошириш мақсадида, 2022 йил 8 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–371-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан тегишли концепция ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланиб, 2022–2026 йилларда ахлоқий-руҳий тайёргарлик объектларини барпо этиш ва такомиллаштириш, замонавий техник воситалар билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

III. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш

 

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш мақсади бўйича муайян ишлар амалга оширилди:

1) фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадида, 2022 йил 17 августда Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди;

2) Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигида авиация хизматини ташкил этишни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Авиация хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди;

3) Республиканинг туристик зоналарида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва тезкор бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни тизимлаштириш учун «Чорвоқ-Чимён» йирик туристик зонасида илғор хорижий тажриба асосида Ихтисослашган кўп тармоқли бошқарма ташкил этилди ва фаолияти йўлга қўйилди;

Мавжуд ёнғин-қутқарув бўлинмалари замонавий техника ва асбоб-анжомлар билан жиҳозлаш мақсадида 74 дона ёнғин-қутқарув ва махсус техникалар харид қилиниб, ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.

Ёнғин-техник воситаларини ишлаб чиқаришга хусусий секторни жалб этиш мақсадида 43 та давлат ва халқаро стандартлар рўйхати шакллантирилиб, 30 дан ортиқ ёнғин-техник маҳсулотларни республика ҳудудида ишлаб чиқариш юзасидан 12 та ташкилот билан келишув битимлари имзоланди.

Мазкур келишув битимларига асосан 10 та ёнғин-техник маҳсулоти намуналари яратилиб, улар бўйича 15 та тадқиқот ўтказилди.

 

IV. Мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини ошириш

 

Мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини ошириш мақсадида жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилди.

Самарқанд саммитида имзолаш учун салмоқли ҳужжатлар тўплами – 40 дан зиёд битим ва қарорлар тақдим этилди. Уларда ШҲТ давлатларининг ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, саноат кооперацияси, «яшил» иқтисодиёт, рақамлаштириш, савдо каби энг муҳим ва истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилишга доир умумий ёндашувлари акс этган.

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси кузатувчи мамлакатлар, фахрий меҳмонлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган таркибда – 14 та мамлакат етакчилари иштирокида биринчи бор ўтказилди.

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги доирасида 80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди.

Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш мақсади бўйича бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари билан 100 дан зиёд олий ва юқори даражадаги турли шакл ва мақомдаги тадбирлар ташкил этилди.

Минтақанинг сармоявий, туризм ва маданий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида, 2022 йил 28 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг 545-сон билан тасдиқланган Оролбўйи минтақасининг ижтимоий ва маданий-маърифий салоҳиятини янада ошириш бўйича «Орол орзуси» дастурига асосан:

«Орол орзуси» халқаро нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш;

жаҳоннинг йирик пойтахтларида ҳамда нуфузли халқаро тадбирларда «Орол орзуси» концепцияси, Оролбўйи маданияти ва санъати бўйича тақдимотлар ўтказиш;

Оролбўйида ёшларни ўқитиш учун хорижий грантларни жалб қилиш;

Нукус шаҳрида «Беш ташаббус» халқаро фестивалини ташкил этиш;

«Орол денгизига поезд» ёшлар экологик акциясини ўтказиш;

«Оролбўйининг эзгу ният элчилари» халқаро тармоғини ташкил этиш;

Мўйноқда халқаро конференция ўтказиш;

Оролбўйи минтақасини маданий ва ижтимоий ривожлантириш учун халқаро донорлар, жамғармалар ва хайрия ташкилотларини жалб қилиш;

сайёҳлар оқимини оширишда Мўйноқнинг янги аэропорти имкониятларидан кенг фойдаланиш;

аҳолининг ўзига хос ҳунармандчилик анъаналарини қўллаб-қувватлаш орқали қорақалпоқ халқи, Орол ва Мўйноқ анъаналари тимсоли ва денгизни тасвирловчи сувенирлар ҳамда маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўзда тутди.

Шунингдек, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз имиджини оширишга қаратилган ахборотлар етказиш самарадорлигини ошириш мақсадида, 2022 йил 16 августда «Дунё» ахборот агентлиги фаолиятини ривожлантириш ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Дипломатик ваколатхоналар ёрдамида хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон имижини илгари сурадиган 3 000 дан ортиқ материал нашр этилди, 150 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди ҳамда 40 дан ортиқ «Ўзбекистон маданият кунлари», брифинг ва кўргазмалари уюштирилди.

 

V. Жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз имиджини ошириш

 

Ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида хорижий мамлакатлар билан 100 дан ортиқ олий ва 1 000 га яқин юқори даражадаги учрашув ва музокаралар амалга оширилиб, 400 га яқин савдо-иқтисодий, транспорт ҳамда маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларга оид ҳужжатларнинг имзоланишига эришилди.

Жумладан, Туркманистон (34 та), Хитой (25 та), Эрон (23 та), Россия (22 та), Озарбайжон (20 та), Қозоғистон (18 та), Венгрия (17 та), Саудия Арабистони Подшоҳлиги (16 та), Тожикистон (16 та), Франция (15 та), Туркия (15 та), Қирғизистон (14 та), Покистон (11 та), Беларусь (9 та), Германия (4 та), Исроил (3 та), Мўғулистон (3 та), Вьетнам (2 та), Грузия (2 та), Корея (2 та), Швейцария (2 та), Польша (1 та), Япония (1 та), Сербия (1 та), Латвия (1 та), Аргентина (1 та), АҚШ (1 та) билан ҳамда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (44 та), Туркий Давлатлар Ташкилоти (23 та), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (4 та), Европа Иттифоқи (2 та), Ислом ҳамкорлик ташкилоти (1 та), ЮНИСЕФ (1 та), Ислом тараққиёт банки гуруҳи (1 та), Марказий Осиё давлат Раҳбарларининг маслаҳат учрашуви (1 та), Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (1 та), Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (1 та) доирасида савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларга оид икки ва кўп томонлама ҳужжатларнинг имзоланиши таъминланди.

Иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда мамлакатлараро ёндашув тамойилларига асосланиб, икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш мақсадида 3 500 дан зиёд турли даражадаги чора-тадбирлар амалга оширилди.


2
Похожие новости