• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
“МАРКАЗИЙ ОСИЁ – ХИТОЙ” САММИТИ: ГЛОБАЛ ТАРАҚҚИЁТ ТАШАББУСЛАРИНИНГ БОШ МАҚСАДИГА ЭРИШИШДА МУСТАҲКАМ ҲАМКОРЛИК САРИ
1387 | 25 Май. 2023 й.

Президент Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 19 май куни Хитойнинг Сиан шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” саммитида Хитойнинг илғор тажрибасидан фаол фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликка қарши самарали курашиш борасида тегишли миллий дастурлар амалга оширилаётганига тўхталиб ўтди. Шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг Раиси билан Глобал тараққиёт ташаббусларининг бош мақсадига эришиш учун биргаликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олинганини маълум қилди.

Маълумки, 2015 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан иқтисодий, ижтимоий ва экологик масалаларга оид 17 та глобал мақсад ва 169 та вазифадан иборат 2030 йилга қадар Барқарор ривожланишнинг ўзига хос ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Ўзбекистон ҳам Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишда ўзининг қатъий позициясини маълум қилди. Ҳозирги кунда БРМга эришиш бўйича Миллий мақсад ва вазифалар муваффақият билан амалда тадбиқ этиб келинмоқда. Бунинг учун, 2018 йилда “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2022 йилда “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.

БРМ инсон ҳаёти, яшаш тарзи ва турмуш даражасини яхшилашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга. БРМни Ўзбекистонда амалга ошириш даври мамлакатда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва унинг мантиқий давоми ҳисобланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси асосида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга мос келади.

Эътиборли жиҳати шундаки, БРМда белгиланган бош мақсад, яъни 2030 йилгача бўлган даврга камбағаллик даражасини икки бараварга қисқартириш бўйича белгилан вазифа Ўзбекистоннинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларни изчил амалга ошириш бўйича белгиланган Тараққиёт стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган.

Хусусан, камбағалликни қисқартириш мақсадида хусусий сектор ва тадбиркорликнинг турли шакллари ривожланиши учун қулай муҳит яратиш, камбағал оилалардаги ишсизларни доимий иш ўринлари билан таъминлаш, қишлоқ жойларда камбағал оилаларга томорқа учун ер ажратиш, деҳқончилик ва чорвачиликни ташкил этиш учун имтиёзлар бериш, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва зарур маблағларни ажратиш, камбағаллик даражаси юқори бўлган муаммоли маҳаллаларда мақсадли дастурларни амалга ошириш бўйича тизимли ишлар белгиланган.

Таъкидлаш жоизким, давлатимиз сиёсатида инсон манфаатлари, ижтимоий адолат тамойиллари устувор. Шу боисдан ҳам, бугунги кунда аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик борлиги тан олиниб, уни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилинди.  

Ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1 триллион 500 миллиард сўм субсидиялар ажратиляпти. “Ижтимоий ҳимоя реестри” орқали 2 миллион 300 минг муҳтож оила, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган ватандошларимиз моддий ёрдам билан қамраб олинди.

Сўнгги беш йилда юртимизда тадбиркорлар сони 285 мингдан 590 мингтага етказилди. Бу – битта туманда 2,5 мингдан ортиқ ёки бир маҳаллада 50 нафардан тадбиркорлар синфи шаклланди, дегани.

Бундан ташқари, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш учун ҳар йили давлат томонидан 200 миллиард сўм ажратиляпти. Буларнинг натижасида 2022 йилда 1 миллион нафар, 2023 йилнинг биринчи чорагида 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди.

Давлат раҳбари раислигида жорий йилнинг 15 май куни камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган йиғилишда  2023 йилнинг 1 июндан бошлаб амалга ошириладиган “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастур доирасида 2023–2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилиши, улар ҳисобидан тадбиркорга камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилишига қараб, амалдагидан паст фоизда ва узоқроқ муддатга кредит берилиши, тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши, тадбиркорларга солиқ, божхона ва бошқа имтиёзлар берилиши маълум қилинди.  

Ҳар бир вилоятда камбағалликдан чиқариш бўйича Хитой тажрибаси асосида алоҳида дастур амалга оширилиши кўзда тутилган. Бунда, камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга эътибор қаратилади.

Ўзбекистонда камбағаллик даражасининг ўзгариши

Манба: Давлат статистика қўмитаси, 2020 йилга қадар  Жаҳон Банки тавсиясига кўра кам таъминланганлик даражаси кўрсаткичи кунлик 2100 ккал миқдоридан келиб чиқиб, 2021 йилдан  бошлаб аҳоли даромадларини минимал истеъмол харажатлари миқдорига нисбатан солиштириш орқали ҳисобланган.

 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки,  Ўзбекистонда камбағаллик даражасини қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўзига хослиги ва кенг кўламлилиги, олдиндан вужудга келиши мумкин бўлган ижтимоий хавф-хатарларга қарши чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши, Тараққиёт стратегияси билан ўзаро мувофиқлашганини таъкидлаш лозим. Бундай саъй-ҳаракатлар мамлакатда камбағалликни кескин камайтириш учун муҳим замин бўлиб хизмат қилади.
 

Жамшид ШАРИПОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи


0
Похожие новости