• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ – АҲОЛИ ФАРОВОНЛИГИ ВА БАРҚАРОР ИҚТИСОДИЁТНИ ТАЪМИНЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
9319 | 06 Июль 2023 й.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича кўламли ишлар амалга оширилди. Зеро, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича катта салоҳиятга эга. Таъкидлаш жоизки, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бири (2022 йил якунига кўра – 25,1 фоизи), айнан мазкур соҳага тўғри келади. Шу билан бирга, республика бўйича банд бўлган аҳолининг қарийб 24,9 фоизи (2022 йил 3-чорак якунига кўра) қишлоқ хўжалиги тармоғига тўғри келиб, бу кўрсаткич 3,5 млн. кишини ташкил этмоқда.

Бу эса, нафақат иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишда қишлоқ хўжалиги тармоғининг ўрни ғоятда муҳим эканлигини, балки бевосита соҳада амалга ошириладиган ислоҳотларга ҳам боғлиқлигини кўрсатмоқда.

Ўз навбатида айтиш лозимки, сўнгги йилларда тобора кучайиб бораётган иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг танқислиги, ерларнинг мелоратив ҳолати бузилиши каби муаммолар сабаб, Ўзбекистонда мазкур соҳа қатор муаммо ва таҳдидлар гирдобида қолди. Бундан ташқари, йиллар давомида ушбу соҳада тўлақонли бозор муносабатларига асосланган ислоҳотларнинг амалга оширилмаганлиги, яъни ушбу соҳа давлат томонидан энг кўп тартибга солинадиган соҳа бўлганлиги, давлат буюртмаси, ердан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларнинг чекланганлиги ва ҳимояланмаганлиги каби муаммолар ушбу тармоқдаги самарадорлик, унумдорлик кўрсаткичларининг пасайишига сабаб бўлди.

Айнан шу жиҳатдан мамлакатимизда 2017 йилдан бошлаб, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси[1]га мувофиқ, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришга оид қатор аграр ислоҳотлар олиб борилди.

Хусусан,

  • қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш мақсадида қишлоқ ва сув хўжаликлари вазирликлари қайтадан ташкил этилиб, вазирликларнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди[2];
  • 2019 йилда Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди[3];
  • 2020 йилдан пахта ва ғаллани етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини жорий этиш орқали давлат монополиясига барҳам берилди[4][5];
  • 2021 йилда ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари белгиланди[6].

Шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига[7] мувофиқ, қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 бараварга ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш устувор мақсад сифатида белгиланди.

Умуман олганда, сўнгги 6 йилда ушбу соҳада олиб борилган ишлар натижасида қишлоқ хўжалиги ялпи ишлаб чиқаришининг йиллик барқарор ўсиш суръатлари қайд этилиб:

– 2017 йилда – 1,0 фоиз;

– 2018 йилда – 0,2 фоиз;

– 2019 йилда – 3,3 фоиз;

– 2020 йилда – 2,7 фоиз;

– 2021 йилда – 3,9 фоиз;

– 2022 йилда – 3,6 фоизга ўсишга эришилди.

Ўтган даврда халқаро бозорда ўзбек пахта ва тўқимачилик маҳсулотларига бойкот тугатилганлигига эришилди. Ўзбекистон Европа Иттифоқига тўқимачилик маҳсулотларини божсиз олиб киришни таъминлайдиган GSP+ савдо мақомини олди, натижада ушбу маҳсулот экспортини 2017 йилдаги 1,2 млрд. доллардан 2022 йилда 3,2 млрд. долларгача оширишга эришилди.

Шунингдек, сув ресурсларининг тобора камайиб бораётганлиги боис, мазкур соҳада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. Таъкидлаш жоизки, 2017–2022 йилларда жами 1,4 млн. гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Мақсад битта – иқтисодий фойда кўриш билан бир қаторда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборат.

Айниқса, юртимизда экин майдонларини оптималлаштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини ҳудудлаштириш сиёсати, кластер тизими, замонавий иссиқхона хўжаликларини яратиш, томорқа хўжалиги амалиётини кенгайтириш қишлоқда аҳолининг турмуш даражасини сезиларли даражада ошириш имконини берди.

 

Шу ва бошқа амалга оширилган чора-тадбирлар, эришилган ютуқлар, олдинда турган муаммо ва таҳдидлар ҳамда уларни ҳал этиш борасидаги келгуси режалар “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган “Янги Ўзбекистонда 2030 йилгача қишлоқ хўжалигининг ривожланиш стратегияси: имкониятлар ва истиқболлар” мавзусидаги тадбирда ҳам муҳокама қилинди.

 Хусусан, тадбирда бугунги кунда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ва унда белгиланган қуйидаги 9 та устувор йўналиш доирасида амалга оширилаётган қатор ишлар:

– озиқ-овқат хавфсизлиги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

– қулай агробизнес муҳити ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;

– соҳада давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилиш;

– табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш;

– бошқарувнинг замонавий тизимларини ривожлантириш;

– тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш орқали давлат харажатлари самарадорлигини ошириш ва босқичма-босқич қайта тақсимлаш;

– илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш;

– қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш дастурларини амалга ошириш;

– тармоқ статистикасининг шаффоф тизимини яратиш кабилар эътироф этилди.

Шунингдек,  тадбир давомида қишлоқ хўжалигида давлат бошқарувини трансформация қилиш ва ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни жаҳон тажрибаси асосида амалга ошириш бўйича халқаро экспертлар жалб этилганлиги ҳам қайд этилди.

Хулоса қилиб айтганда, бугун мамлакат аҳолисининг қарийб 50 фоизи яшаётган ҳудудларда, иқтисодиётнинг 4 тўртдан бир қисмини ташкил этаётган ва қарийб 3,5 млн. киши банд бўлиб турган мазкур соҳада тегишли ислоҳотларни жадаллаштириш, албатта келгусида мамлакатимиз аҳолисининг фаровонлигини ошириш ҳамда барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
 

Фурқат ЮНУСОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бўлим бошлиғи

 

6
Похожие новости