Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Янги сайланган Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи маҳаллий ва хорижий мамлакатлар жамоатчилиги, экспертларда катта қизиқиш уйғотди.
Президент янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108-моддасига мувофиқ қасамёд қилди: “Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”, деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олдимизда турган давр мамлакатимиз учун сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлишини таъкидлади.
Нутқда дунёда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларни таҳлил қилар экан, унинг рақобат савдо ва инвестиция оқимларига, товар ва хизматлар айланиши издан чиқиб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар кун тартибига чиқаётганини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, жаҳондаги иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани ҳам давлатларнинг барқарор ривожланишига кучли салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мазкур нутқда қонунчилик ва ижро ҳокимиятининг такомиллаштирилиши, ихчам ва самарали бошқарув тизимининг ташкил этилиши ҳам қайд этилди. Шунингдек, сиёсий институционал ўзгаришлардан бири, бу — конструктив мухолифат фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари яратилиши масаласи бўлди.
Инаугурация маросимининг яна бир жиҳати, бу — қонунларни, одамларни менсимайдиган, уларга қўпол муносабатда бўладиган, бюрократия ва коррупция балосига берилган, салбий ҳаракатлари билан давлат обрўсига путур етказаётган ҳар қандай раҳбар ўрнига билимли, Ватан ва халқ ташвиши билан яшайдиган ёшларнинг тайинланиши бўйича айтилган фикрлар давлат раҳбарининг ёш кадрларга катта ишонч билан қараётганидан далолатдир.
Ушбу маърузадан хулоса қилган ҳолда ҳар бир давлат ва жамият бошқаруви органлари, вазирлик, ташкилот, идоралар ўзининг олдига вазифа ва амалга ошириш зарур бўлган чора-тадбирларни белгилаб олиш керак.
Мухтасар айтганда, инаугурация маросимида давлат раҳбари томонидан эълон қилинган энг муҳим устувор йўналишларнинг амалга оширилиши республикани тараққиётга етаклаши, иқтисодиётни модернизация қилиш, давлат ва жамият бошқарувини эркинлаштиришга ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Анваржон МИРКОМИЛОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи