Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилишни таъминлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг бош мезонидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Инсон қадри учун» деган тамойил барча ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этмоқда. “Инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида Ўзбекистон олдинга қараб интилмоқда.
Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мақсадли чоралар амалга оширилмоқда.
Бу борада амалга оширилган ислоҳотларни таҳлил қилар эканмиз, энг аввало, шуни қайд этиш лозимки, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар нормалари, шу жумладан БМТнинг 7 та асосий шартномалари ва 4 факультатив протоколлари қоидалари миллий қонунчиликда ўз аксини топмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро шартномаларга қўшилиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали миллий тизимини яратишга хизмат қилди. Хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини тартибга солишга қаратилган 12 та Конституцион қонунлар, 18 та кодекслар ва 700 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди.
Жорий йилнинг 30 апрель куни умумхалқ референдумида тасдиқланган янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган тамойил ҳам қатъий қилиб белгиланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги нормалар 3 бараварга кўпайтирилди. Инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилган. Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланди. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланди. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади. Шунингдек, Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди. Жумладан, шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши, айбланувчи ва судланувчиларнинг “сукут сақлаш” ҳуқуқи мустаҳкамланди. “Инсон қадри учун” тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шартлиги белгилаб қўйилди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда ислоҳотлар самараси ўлароқ, инсон қадрини улуғлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди. Уларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият вакиллари кўриб, билиб турибди ва ўзларининг ижобий баҳоларини бериб боришмоқда. Халқ билан мулоқот тизимининг йўлга қўйилганлиги, мантиқсиз «прописка» тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши, давлат хизматларини кўрсатишда экстерриториаллик принципининг жорий этилганлиги, мансабдорларнинг доимий ҳисобот бериб бориши, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган талабларнинг белгиланганлиги, мажбурий меҳнатга барҳам берилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган ҳурматнинг янги босқичга кўтарилганлиги, аҳолининг қанчадан-қанча мушкули осонлашгани каби бир қатор мисоллар шулар жумласидандир. Жумладан, суд ҳокимияти ва адолат тамойилларининг исботи сифатида 2017-2022 йилларда судлар томонидан оқланган шахсларнинг жами сони 4712 нафарни ташкил этди.

Шуниси эътиборга лойиқки, амалга оширилган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масалалари нафақат давлат, балки бутун жамият назорати остида. Фуқаролик жамияти институтлари амалдаги қонунчилик доирасида уни такомиллаштиришда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқларининг жамоатчилик мониторингини олиб боришда, ахборот-маърифий фаолиятда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича даврий миллий ва муқобил маърузалар тайёрлашда фаол иштирок этмоқда.
Ўз навбатида шуни алоҳида қайд этиш лозимки, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар борасида кейинги пайтда қўйилган энг илғор қадам, шубҳасиз, жорий йилнинг апрель ойида Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга оиладаги зўравонликни жиноят деб ҳисобловчи ҳамда аёллар ва болаларни қўшимча ҳимоя механизмлари билан таъминлайдиган ўзгаришлар тўплами киритилгани бўлди.
“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сон Қонун билан оиладаги зўравонлик жиноий ҳуқуқбузарликлар туркумига ўтказилди, иқтисодий ва психологик зўравонлик, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилди. Буни фуқаролик жамияти ва фаолларнинг ғалабаси деб таъкидлаш мумкин.
Қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларида ижобий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, энг муҳими, ана шу шиддатли ўзгаришларнинг марказида инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи тургани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам таъкидланмоқда. Хусусан, мамлакатда гендер тенгликка эришиш, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, сўз эркинлигини таъминлаш борасида муҳим ютуқлар қўлга киритилгани юқори баҳоланмоқда. Жумладан, мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилгани сабабли «Cotton Campaign» томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкотнинг бекор қилингани, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларнинг самараси ўлароқ юртимизга Европа Иттифоқи томонидан «GSP+» бенефициари мақоми тақдим этилгани фикримиз далилидир. Жорий йилда юртимизга ташриф буюрган БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Турк Ўзбекистоннинг гендер тенглигини тарғиб қилиш, суд органлари мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашдаги ютуқларини юқори баҳолади. Айниқса, Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотнинг устувор тамойиллари ва ғоялари БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларининг “Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” шиори билан ҳамоҳанг эканлиги жаҳон афкор оммаси томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Бу муҳим жараён Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида дунёдаги нуфузли халқаро ташкилот – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолиги даврида кечаётгани жорий ислоҳотларнинг аҳамиятини янада оширади.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлиги, юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифалардан саналади. Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Инсон қадри улуғланиб, «Давлат – инсон учун» деган эзгу ғоя ҳаётга жорий этилмоқда.
Дониёрходжаева Нилуфар Дониёрходжаевна
“Тараққиёт стратегияси” маркази Қонун
устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ
тизимини янада ислоҳ қилиш бўлими бошлиғи