• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

БРЮССЕЛЬ ШАҲРИДА ЕВРОПА ПАРЛАМЕНТИ ВА ЕВРОПА КОМИССИЯСИ РАҲБАРИЯТИ БИЛАН УЧРАШУВЛАР БЎЛИБ ЎТДИ

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 4-6 март кунлари Ўзбекистон делегацияси таркибида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Бельгиянинг Брюссель шаҳрида ташриф билан бўлди. Ташриф доирасида Европа Иттифоқининг (ЕИ) асосий бошқарув органлари – Европа Парламенти ҳамда Европа Комиссияси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.

Жумладан, Ўзбекистон делегациясининг Европарламент вице-президенти Жан-Кристофер Эйтьен ва бошқа депутатлар билан бўлиб ўтган учрашувларида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, парламент ваколатларини кенгайтириш ва иқтисодиётни либераллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланди. Қолаверса, Ўзбекистон – Европа Иттифоқи муносабатларининг мустаҳкамланишида парламентлараро ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Шунингдек,  Ўзбекистон делегациясининг Еврокомиссия вице-президенти Маргаритис Схинас ҳамда Европа Иттифоқи комиссарлари Илиана Иванова ва Оливер Вархелий билан музокараларида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Европа томони Ўзбекистон раҳбариятига ЕИ билан ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди. ЕИ Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги стратегик муҳим давлат сифатида кўриши, унинг сиёсати Европа Иттифоқининг минтақа билан муносабатларининг барча кўламини яхшилашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Бундан ташқари, ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида савдо ва сармоя, транспорт, энергетика, маданий-гуманитар алоқалар, шунингдек, ҳаракатчанлик ва одамлар ўртасидаги алоқалар соҳаларида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигига  эътибор қаратилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати