"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ОИЛА” МАРКАЗИДА УЧРАШУВ


«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Элдор Туляковнинг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг шаҳар ва туманлар бўлимлари раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган мақсад-вазифаларни амалга оширишда “Оила” маркази ҳудудий бўлинмалари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Элдор Туляков мавзу бўйича ўтказган ўз тақдимотида Давлат дастурида устувор аҳамият касб этган жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, 274 банддан иборат бешта йўналиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ижроси учун жами 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ доллари йўналтирилишининг ўзиёқ жорий йил юртимиз миқёсида нақадар қамрови кенг ислоҳотлар амалга оширилишидан далолатдир. Айниқса, ижтимоий ривожланиш соҳасида — аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамларнинг даромадларини ошириш, фан ва узлуксиз таълимни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва улар билан аҳолини қамраб олишни кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларни муносиб турар жой билан таъминлаш ва фаровонлигини ошириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш каби қатор муҳим йўналишларда белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга изчил татбиқ этишда оилашунос мутахассисларнинг ўзига хос ўрни ва роли бор. Бинобарин, бу соҳаларнинг ривожи, биринчи галда, оилалар мустаҳкамлиги билан бевосита боғлиқ.

Шу билан бирга, Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда “Тараққиёт стратегияси” марказининг иштироки қандай бўлиши ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Жумладан, бу жараёнларда Марказ томонидан тегишли давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Дастур амалга оширилишининг бориши тизимли мониторинг қилиб борилади. Мазкур ҳужжат доирасидаги тадбирлар бўйича илғор хорижий тажриба, халқаро стандартлар, шунингдек халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг баҳолари, фикр-мулоҳазалари ўрганилади, зарур тавсиялар ишлаб чиқилади, бу борада эришилган аниқ кўрсаткичлар ва ижобий натижалар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам ёритиб борилади. Шу билан бирга, “Тараққиёт стратегияси” маркази олдида турган яна бир муҳим вазифа бу Давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминлаш, навбатдаги Давлат дастурига таклифлар ишлаб чиқаришдан иборат экани қайд этилди.

Учрашувда “Оила” маркази мутахасисларини қизиқтирган қатор саволларга жавоблар қайтарилди, фикр-мулоҳазалар, баҳс-мунозараларга кенг ўрин берилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати