• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“TASHKENT LAW SPRING” ХАЛҚАРО ЮРИДИК ФОРУМИГА ТАЙЁРГАРЛИК ҚАНДАЙ КЕТМОҚДА?

Маълумки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг иккинчи – Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари қисмида жорий йилнинг апрель ойида пойтахтимизда «Tashkent Law Spring» («Тошкент ҳуқуқ баҳори») биринчи халқаро юридик форумини ўтказиш белгиланган. Ушбу нуфузли тадбир жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари бўлиб ўтади.

Адлия вазирлиги томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа бир қатор миллий ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказиладиган мазкур нуфузли анжуманга айни кунларда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Форумда Ўзбекистон ва қатор хорижий давлатлар адлия вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, жаҳоннинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари, олимлар ва экспертлар, шунингдек мамлакатимиз давлат органлари ва компаниялари раҳбарлари, юридик хизматлари вакиллари, суд экспертизаси мутахассислари, нотариуслар, адвокатлар иштирок этади.

Бугунги кунгача АҚШ, Буюк Британия, Франция, Австрия, Япония, Сингапур, Малайзия, Хитой, Россия ва дунёнинг бошқа давлатларидан 50 дан ортиқ мутахассис Форумда маърузачи сифатида иштирок этишларини тасдиқлади. Улар орасида вазирлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек Гарвард ва Болонья университетлари, Бостон юридик коллежининг ҳуқуқ мактаби, Калифорния университетининг Гастингс юридик коллежи профессор-ўқитувчилари, “Dentons”, “White & Case” (АҚШ), “Reed Smit LLP” (АҚШ), “Freshfields Bruckhaus Deringer” (Буюк Британия) “Cleary Gottlieb Steen & Hamilton LLC” (АҚШ), “Norton Rose Fulbright LLP” (Буюк Британия) каби дунёга машҳур халқаро юридик фирмаларнинг адвокатлари бор.

Форумда Жаҳоннинг деярли барча асосий арбитраж марказлари, жумладан, Вена халқаро арбитраж маркази (VIAC), Европа низоларни ҳал этиш маркази (ECDR), Жаҳон банки гуруҳининг Инвестицион баҳсларини ҳал этиш бўйича халқаро маркази (ICSID), Халқаро савдо палатаси (ICC-Austria) Гонконг Халқаро арбитраж маркази (HKIAC) вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.

Батафсил маълумотлар билан tashkentlawspring.uz сайти орқали танишишингиз мумкин.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати