"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklar2019Осиё тараққиёт банки вакили билан учрашув
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

Осиё тараққиёт банки вакили билан учрашув

Осиё тараққиёт банки(ОТБ) Осиё-тинч океани минтақасидаги ривожланиш лойиҳаларини узоқ муддатли кредитлаш билан шуғулланувчи давлатлараро йирик молия институтларидан бири саналади. Унинг асосий мақсади, Осиё ва Тинч океанининг ривожланаётган мамлакатларида иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни рағбатлантиришдан иборат. Ўзбекистон Республикаси ушбу йирик молиявий институт лойиҳаларида 1995 йил август ойидан буён иштирок этиб келмоқда. Мазкур банк ваколатхонаси 1997 йилда Тошкент шаҳрида ҳам ўз фаолиятини бошлаган.

Ўзбекистонда ОТБ билан ҳамкорликда асосан 4 та йўналишдаги дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улар: қишлоқ хўжалиги, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, транспорт ва божхона транзити бўйича минтақавий ҳамкорлик ҳамда болалик ва бошланғич таълимга алоҳида устуворлик берилган ижтимоий йўналишлардир.

2019 йил 11 май куни ушбу нуфузли ташкилотнинг Ижтимоий ривожланиш бўйича мутахассиси Кэтлин МакЛауфлин хоним “Тараққиёт стратегияси” марказида бўлди. Учрашувда меҳмон масъул ходимлар – Шерзод Ата-Мирзаев ва Шуҳрат Эргашев томонидан марказ фаолияти билан яқиндан таништирилди. Шу билан бирга, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар мазмун-моҳияти хусусида атрофлича маълумот берилди.

Ўз навбатида, Кэтлин МакЛауфлин хоним ОТБнинг Ўзбекистонда давлат корхоналарини қайта ташкил этишга йўналтирилган лойиҳалари хусусида тўхталиб ўтди. Жумладан, “Ўзбекнефтегаз” АЖни реструктуризация қилиш билан боғлиқ жараёнлар тўғрисида маълумот берди. Шунингдек томонлар ушбу жараён ҳақида аҳоли ҳабардорлигини ошириш, фуқаролик жамияти институтларини ҳам жалб этган ҳолда жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиб, тегишли қонун лойиҳаларини такомилига етказиш зарурлигини қайд этишди.

Шунингдек, Кэтлин МакЛауфлин хоним Осиё тараққиёт банки(ОТБ) раҳбарияти ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилиб, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида акс этган муҳим масалалар ҳақида фикр алмашиш мақсадида турли муҳокамалар, семинар-тренинглар ўтказилиши кераклигини алоҳида қайд этди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати