• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ЖОЙЛАРДА ЖАМОАТЧИЛИК МУҲОКАМАСИДАН ЎТКАЗИЛМОҚДА

Маълумки, жорий йилнинг 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинган эди. Ушбу қарор асосида тузилган ишчи гуруҳ томонидан “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси тайёрланди.

2019 йил 31 май куни Самарқанд шаҳрида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан мазкур лойиҳа жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси ҳамда ЮСАИД (USAID)нинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Дастури ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ташкилотчилар билан бир қаторда, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков очди ва олиб борди. У ўз сўзида мамлакатимизда аёл ҳуқуқларини инсон ҳуқуқининг алоҳида ажралмас қисми сифатида эътироф этишнинг тамомила янги даври бошланганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида: «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар» - дея эътироф этилиши мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этишининг ҳуқуқий кафолати экани, аммо бу борада алоҳида яхлит қонун шу пайтгача мавжуд бўлмаганига эътибор қаратилди.

Иштирокчилар шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини пишиқ ва пухта тайёрлаш бўйича ўз таклифларини билдиришди.

Тадбирда, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари Ш.Полвонов ҳамда Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси раиси Д.Файзиева, USAID лойиҳаси директори Гарри Ледбеттер ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимовалар ҳам сўзга чиқишди.

Сўз олганлар жойларда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлашдаги мавжуд муаммолардан келиб чиқиб, фикр билдиришди. Уларни самарали ҳал этишнинг ҳуқуқий асосларини ушбу қонунда тўла акс эттиришга қаратилган таклифлар ўртага ташланди. Асосий эътибор, ҳар бир модданинг тўғридан-тўғри амал қилишига қаратилди.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича билдирилган барча таклифлар “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан умумлаштирилди.

Бундай муҳокама тадбирлари яқин кунлар ичида Бухоро ва Фарғона вилоятларида ҳам ўтказилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати