"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХИТОЙ ИЖТИМОИЙ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ РОССИЯ, ШАРҚИЙ ЕВРОПА ВА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ИНСТИТУТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


Жорий йилнинг 17 май куни Хитой Халқ Республикасининг пойтахти Пекин шаҳрида Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар институти ва “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган эди. Унда кўрилган масалалар, муҳокама қилинган мавзулар хусусида сайтимиз орқали батафсил маълумот эълон қилинган.

Унда эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш ва янги ҳамкорлик йўналишларини йўлга қўйиш борасида иккитомонлама мулоқотлар давом этмоқда. Хусусан, 2019 йил 20 июнь куни Хитой ижтимоий фанлар академияси директори ўринбосари Сун Ли бошчилигида Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё Институти вакиллари иштирокида «Тараққиёт стратегияси» марказида учрашув бўлиб ўтди.

Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари институтнинг бир қатор бўлим бошлиқлари иштирок этишди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, Институт билан «Тараққиёт стратегияси» маркази ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Сун Ли Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш имкониятларига тўхталиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар Хитой учун катта қизиқиш уйғотаётганини қайд этди. Шунингдек, ҳамкорлик асосида, Ўзбекистоннинг, айнан қайси соҳаларга алоҳида эътибор қаратиши қизиқтираётганини таъкидлади. Бунда, мамлакат ички ва ташқи иқтисодий масалаларининг ҳал этилишида «Тараққиёт стратегияси» марказининг ҳам ўзига хос ўрни борлигига эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, Институтнинг Россия бўйича иқтисодий тадқиқотлар бўлими бошлиғи Сюй Полин икки мамлакат «ақл марказлари»нинг учрашуви давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Сўнгги пайтларда институт вакиллари Тошкент шаҳридаги бир нечта муассасаларга ташриф буюриб, мамлакатда ижобий ўзгаришлар рўй бераётганини эътироф этишди.

Шу билан бир қаторда, эксперт Ўзбекистонда ислоҳотлар жадал суръатлар билан амалга оширилаётганига урғу берди. Ҳозирги босқичда икки давлатнинг ривожланиш йўлларида кўп ўхшаш томонлар бор. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон Хитой каби инфратузилма ва саноат соҳасида ислоҳотлар олиб бормоқда. Ҳар икки давлат ҳам муҳим меҳнат ресурсларига эга. Хитой 40 йил мобайнида турли соҳаларда, хусусан, қишлоқ хўжалиги, саноат ва янги технологияларни татбиқ этишда бой таржиба тўплашга муваффақ бўлди.

Бундан ташқари, хитойлик мутахассислар тадбиркорларга имтиёзлар бериш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга қизиқиш билдиришди. Уларнинг таъкидлашича, бу интилиш, ўз навбатида, иш ўринларининг кўпайишига имкон беради. Учрашув якунида Институт вакиллари икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқишар экан, томонлар биргаликда турли тадбирлар, жумладан, ҳамкорликнинг долзарб масалаларига бағишланган конференциялар ва давра суҳбатлари ўтказишларига оид таклифлар ўртага ташланди ва муҳокама қилинди.

Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари иккитомонлама мулоқотларни янада жонлантириш, бунда етакчи олимлар, профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бунинг учун институт тавсиясига кўра, хитойлик мутахассисларнинг Ўзбекистонда малака оширишлари учун Марказ барча йўналишда кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини маълум қилди. Ўз навбатида, юртимиз вакилларига ҳам Хитой Халқ Республикасида малака ошириш ва тажриба алмашиш имконини берадиган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижросига оид яна бир муҳим масалага эътибор қаратилди. Яъни, дастурнинг 261-бандига кўра, жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши кўзда тутилаётган “Марказий Осиё – умумий уйимиз” мавзусидаги халқаро конференцияга Институт вакиллари таклиф этилди.

Шунингдек, Элдор Туляков “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида ўзаро ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш таклифини ҳам илгари сурди. Билдирилган барча таклифлар Хитой вакиллари томонидан қизиқиш билан кутиб олинди.

Учрашув якунида Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё Институти билан «Тараққиёт Стратегияси» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати