• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Винченцо Валенти: Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва тарихий-маданий салоҳияти ҳақида маълумот берувчи тарқатма материалларга эҳтиёж ошмоқда


“Тараққиёт стратегияси” маркази Ижрочи директори Элдор Туляков Осиё ва Африка Ўрта ер денгизи институти Бош котиби жаноб Винченцо Валенти ва “Италия – Ўзбекистон” дўстлик ва ҳамкорлик ассоциацияси вице-президенти профессор Магда Педаче хоним билан учрашди.

Винченцо Валенти сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонда қўлга киритилган ижтимоий-иқтисодий ютуқларга юксак баҳо берди. Унинг сўзларига кўра, “иқтисодиётнинг барқарор ўсиши мамлакатнинг халқаро рейтингларда сезиларли равишда юқорилашига туртки бўлди”. Таъкидландики, Италия ишбилармон доиралари Ўзбекистонда инвестицион лойиҳаларда иштирокини янада кенгайтиришдан манфаатдор.

Мулоқот чоғида минтақавий савдо, транспорт ва транзит билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди. Инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида ўзаро сиёсий, иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва инновацион технологияларни жорий этиш борасида таклифлар илгари сурилди.

Очиқ ва конструктив мулоқот руҳида ўтган учрашувда томонлар ўзларини қизиқтирган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар. Бунда томонлар муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Винченцо Валенти кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик мақсадида Ўзбекистон ва Италиянинг сиёсий эксперт ва бизнес доиралари вакиллари иштирокидаги форумларни мунтазам равишда ўтказиш ташаббусини илгари сурди. У биринчи йиғилишни жорий йилнинг ноябрь ойида Италияда, 2020 йилнинг баҳорида эса Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

Учрашув давомида Италия томони Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан қизиққанларга етарли даражада маълумот бериш учун Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва тарихий-маданий салоҳияти ҳақида маълумот берувчи тарқатма материалларга эҳтиёж юқорилигини билдиришди.

Умуман олганда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар Италияда катта қизиқиш уйғотмоқда ва у мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилиши мумкин.

Учрашув якунида Осиё ва Африка Ўрта ер денгизи институти ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати