"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХИТОЙ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ


“Тараққиёт стратегияси” марказида ХХР Давлат маслаҳати Бюроси маслаҳатчиси Ван Жиншенг бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Бюро маслаҳатчиси, ХХР Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Жанг Кангканг хоним ҳам иштирок эди.

Учрашув чоғида Ўзбекситонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзбек-хитой муносабатларининг бугунги ҳолати ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Делегация раҳбари “Тараққиёт стратегияси” маркази фаолиятининг асосий йўналишлари, функционал вазифалари ва амалга оширилаётган лойиҳалари ҳақида Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси орқали маълумотга эга бўлганини ва шундан сўнг, унда ушбу учрашувга катта қизиқиш уйғонганини билдирди.

– “Тараққиёт стратегияси” марказининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашдаги аҳамиятини инобатга олиб, маслаҳатчилар Бюросининг фаолиятида ҳам марказ билан баъзи бир ўхшаш жиҳатлари борлигига амин бўлдим, – деди Бюро маслаҳатчиси Ван Жиншенгом. – Хусусан, маслаҳатчилар Бюроси ҳам мониторинглар олиб боради ва улар учун жамоатчилик фикри муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, аҳолининг мамлакатни ислоҳ қилиш бўйича таклифларини кўриб чиқади ва кейинчалик бу ҳақдаги маълумотларни бош вазирга тақдим этади.

Шу ўринда, меҳмонлар Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда халқ табобатидан фойдаланиш, шунингдек, спорт соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга катта қизиқиш билдирдилар.

Жорий йилнинг охирида Хитой бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилаётгани муносабати билан, делегация аъзолари икки томонлама ҳамкорликнинг, айнан қайси йўналишлари мамлакатлар учун манфаатли бўлиши мумкинлиги билан қизиқди.

Учрашув якунида меҳмонлар ХХР ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик барча даража ва турли йўналишларда ривожланиб бораётганини эътироф этишди.

Шу муносабат билан, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида янада мустаҳкамлашга ишонч билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати