"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Хитой делегациясининг ташрифи хусусида


“Тараққиёт стратегияси” марказида Хитой Халқ Республикасининг Ганьсу провинцияси Ижтимоий фанлар академияси вице-президенти жаноб Ма Тинсюй бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек, учрашувда Ипак йўли илмий-тадқиқот институти раҳбарияти ва ходимлари ҳам иштирок этишди.

Учрашув “Тараққиёт стратегияси” маркази фаолияти билан меҳмонларни чуқурроқ таништириш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ижрочи директори Элдор Туляков марказнинг асосий йўналишлари, мақсад ва вазифалари билан меҳмонларни таништирди. Шунингдек, марказ томонидан амалга оширилиши режалаштирилаёган тадбирлар ва лойиҳалар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида, жаноб Ма Тинсюй Ижтимоий фанлар академияси фаолияти ҳақида қисқача маълумот берди. Таъкидландики, Академия провинциянинг турли соҳалардаги иқтисодий ва ижтимоий муаммоларини ўрганади, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида тадқиқотлар олиб боради. Тадқиқот натижалари миллий ва минтақавий нашрларда чоп қилинади.

Учрашув давомида жорий йилнинг май ойида “Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси ХХР сафари чоғида Ижтимоий фанлар академияси билан имзолаган меморандуми доирасида келажакда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилиш сўнгида хитойлик меҳмонлар самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди.

Шунингдек, делегация вакиллари айни кунларда марказ ташаббуси асосида ўтказилаётган Марказий Осиё доирасида олиб борилаётган тадқиқот муҳокамаси иштирокчилари билан ҳам фикр алмашиш имкониятига эга бўлдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати