"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Сизда таклиф борми? Унда сафимизга қўшилинг!


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойиши асосида ташкил этилган “Тараққиёт стратегияси” маркази ўз олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиб келмоқда. Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга доир ҳар йиллик дастурлар лойиҳаларини тайёрлашга кўмаклашиш марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси ва Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирлар бўйича аҳолининг фикр ва таклифларини тўплаш ва ўрганиш, улар юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси ҳам Фармонда аниқ белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, марказ расмий сайти(
www.strategy.uz)да “таклиф юбориш” функцияси жорий этилган.

Бундан ташқари, Давлат ва жамият тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида, жорий йилнинг 27 июнь куни fikr.strategy.uz портали ҳам ишга туширилди. Ушбу манзил орқали ҳар бир юртдошимиз Давлат дастури ижроси бўйича ўз муносабатини билдириш ва албатта, кейинги йил учун ишлаб чиқилаётган Дастур лойиҳасига таклиф бериш имкониятига эга. Зотан Ҳаракатлар стратегияси ижроси юзасидан тизимли жамоатчилик мониторингини ўтказиш, унинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши учун қўшимча чора-тадбирлар бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ҳам марказнинг муҳим вазифалари сирасига киради.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар хусусида ОАВ ҳамда марказнинг расмий ахборот манбаалари орқали мунтазам хабар бериб келинмоқда. Аммо ҳамюртларимизнинг талаб ва истаклари, имкониятларини инобатга олган ҳолда, келгуси йил учун ишлаб чиқиладиган Давлат дастури лойиҳасига таклиф беришнинг янада қулай воситаси яратилди.

Бунинг учун марказнинг “Telegram” ижтимоий тармоғидаги расмий - t.me/dscuzbekistan каналига аъзо бўлиш кифоя. Эндиликда ушбу манзилда мунтазам равишда Ҳаракатлар стратегиясининг турли йўналишларига оид таклифларни билдириш мумкин.

“Тараққиёт стратегияси” маркази барча юртдошларимизни жонажон ватанимиз равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш имкониятидан фаол фойдаланишга чақиради.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати