"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Италиянинг энг яхши таҳлил маркази Тошкентда


Маълумки, “Тараққиёт стратегияси” марказининг муҳим вазифаларидан бири, халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот ҳамда ахборот-таҳлилий муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Ушбу йўналишда кўрилаётган чоралар натижасида мунтазам равишда жаҳоннинг етакчи таҳлил марказлари ва экспертлари билан алоқалар ўрнатиш ва мавжудлари билан янада самарали ҳамкорлик қилишга эришилмоқда. Жумладан, жорий йил июнь-июль ойларида марказ раҳбарининг қатор Европа мамлакатларига амалга оширган ташрифи доирасида муҳим келишувларга эришилган эди. Ўз навбатида, жаҳонда ўз ўрнига эга марказлар билан алоқалар ўрнатилди.

Натижада, жорий йилнинг 17-20 сентябр кунлари Италиянинг Милан шаҳрида жойлашган "The European House – Ambrosetti" маркази делегацияси Ўзбекистонда бўлиб турибди. “Тараққиёт стратегияси” маркази таклифи асосида ташкил этилган ушбу ташриф доирасида бир қатор учрашувлар ўтказилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Сенати, “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ, "Ўзбекнефтегаз" ҳамда "Ўзбекэнерго" Акцинерлик жамиятларида учрашувлар режалаштирилган.

Маълумот учун, "The European House – Ambrosetti" бошқарув масалалари бўйича тадқиқотлар олиб борадиган Италиянинг нуфузли консалтинг фирмаси саналади. Муваффақиятлари асосида кетма-кет 6 йилдан буён “Италиянинг энг яхши таҳлил маркази” сифатида тан олинган. Шунингдек, Европа таҳлил марказларининг кучли ўнталиги қаторида эътироф этилади. Жаҳон бўйича эса, жами 8100 та таҳлил марказларини ўзида жамлаган рўйхатнинг кучли 100 талигига киради.

“The European House – Ambrosetti” ҳар йили 400 дан ортиқ мижозга консультатив хизматлар кўрсатади ва турли мамлакатларда 300 дан ортиқ тадбирлар ташкил этади. Бунда 4 қитъадаги 12 мамлакатда фаолият олиб бораётган ваколатхоналардаги 280 нафар эксперт хизмати муҳим ўрин тутади, албатта.

Италия делегацияси билан “Тараққиёт стратегияси” марказида ҳам учрашув ўтказиш кўзда тутилган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати