"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Ўзбекистон ривожланиши учун “импортни чеклаш керак”ми?
428 | 04 Окт. 2019 y.

Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси маълумотларига кўра, жорий йилнинг I ярим йиллиги якунлари бўйича товарлар бўйича ташқи савдо айланмаси 16,9 млрд. долларни ташкил этган. Шундан экспорт ҳажми 6,9 млрд. доллар ва импорт ҳажми 10 млрд. долларга тенг. Шу муносабат билан, савдо балансининг дефицити 3,1 млрд. долларни ташкил этган.

Кўпчиликда шундай тушунча борки, мамлакат ривожланиши учун “экспортни кўпайтириб, импортни чеклаш керак”. Содда қилиб айтганда, “биз камроқ сотиб олиб, кўпроқ сотишимиз керак”, “маҳаллий корхоналаримиз, биз импорт қилганимиздан кўра, кўпроқ экспорт қилиши керак” ва ҳ.к.. Ташқи савдо балансининг сальдоси салбий бўлиши, яъни импортнинг экспортдан кўп бўлиши кўпчиликни қўрқитади.

Охирги пайтларда маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида, биз тинимсиз импортни “бўғиб” келаяпмиз. Жумладан, турли вазирлик ва идоралар томонидан импортни ҳар томонлама чеклаш учун тариф ва нотариф чоралар қўлланмоқда. Гўёки, биз шу йўл билан, яъни рақобатни камайтириб, маҳаллий корхоналарга ўзини-ўзи ўнглаб олиб, рақобатбардош бўлишига замин яратаяпмиз. Афсуски, ундай эмас, аксинча уларни рақобатбардошлигини камайтираяпмиз.

Нима сабабдан? Сабабини қуйидагича назарий жиҳатдан кўриб чиқамиз. Маҳаллий корхоналар экспортини кўпайтириш учун уларнинг маҳсулотини рақобатбардош бўлишини таъминлашимиз керак. Маълумки, агар импорт камайса, валютага бўлган талаб камайиб, валюта курсининг тушишига ва сўмнинг қадри ошишига олиб келади. Бу эса экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини камайтиради. Яъни, маҳаллий корхонанинг 1 долларга экспорт қилаётган маҳсулоти, валюта курсининг тушиши, дейлик 9400 сўмдан 8000 сўмга тушиши орқали 1,175 долларга кўпайишига олиб келади. Шу орқали маҳаллий корхоналар экспорт қилаётган маҳсулотларининг рақобатбардошлигининг камайишига, бу эса мамлакатда экспорт ҳажмининг камайишига сабаб бўлади. 

Натижада, мамлакат иқтисодиётида импортни қанчалик даражада чекловини амалга ошириш, экспортни кўпайтириш учун давлатга шунчалик даражада кўп ресурс талаб этилишига олиб келади. Импорт тарифини қанча ошириш ёки турли чекловларни (стандартлаштириш, сертифакатлаштиришга доир ва бошқа қўшимча тартиб-таомиллар)ни жорий қилиш орқали биз экспортга шунча солиқ жорий этган бўламиз.

Мамлакатдаги ҳорижий валюта чекланган бўлиб, қанча валюта мавжуд бўлса, шунча валютага импорт қилиш мумкин. Бошқача айтганда, қанча экспорт бўлса, шунча импорт қилинади. Валюта курси қанчалик кўтарилса, яъни валютага талаб қанчалик ортса, маҳаллий корхоналарда шунчалик экспортга рағбати ортади. Натижада, экспорт ҳажми ошиб мамлакатга ҳорижий валюта кириб келади ва курс мувозанатини бозорнинг ўзи таъминлайди.

Иқтисодиётда импорт ҳажми экспортдан қанча кўп бўлса, валютага бўлган талаб ошади ва мамлакатга валюта (капитал) оқими шунча кўп бўлади. Тескари тушунтирадиган бўлсак, импорт ҳажмининг кўпайишини экспорт ҳажми ўсиши билан қоплайди.

Ўз навбатида, импортнинг ўсиши табиий жараён бўлиб, яъни арзон товарларнинг кўпайиши аҳолининг ушбу товарларга бўлган эҳтиёжини ортишига олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси маълумотларига мувофиқ, қисқа муддатга хорижга мехнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида чиққан Ўзбекистон фуқаролари томонидан олинган иш ҳақи 2019 йилнинг I ярим йиллигида, 1,4 млрд. долларни ташкил қилди. Ўзбекистонга ўтказилган шахсий трансфертлар миқдори эса 2,4 млрд.долларни ташкил этган.

Шу билан бирга, мамлакат иқтисодиётига чет эл валютаси оқиминининг яна бошқа манбалари, яъни хориждаги мигрантларнинг пул ўтказмалари ва бошқаларнинг кўпайиши табиий равишда импорт ҳажмини оширади. Юқорида айтилганидек, мамлакатда ҳорижий валюта ҳажмининг ортиши унинг курси тушишига олиб келади. Натижада, товарлар экспортига рағбат камаяди. Биз ушбу муаммони ҳам импорт ҳажмини кескин ошириш билан қоплашимиз лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси маълумотларига кўра, 2019 йилнинг II чорагида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф кириб келиши кескин ўсишни кўрсатиб, унинг ҳажми 923 млн. долларга етди (жорий йилнинг I чорагига нисбатан 4 бараварга кўпайган). Ушбу кўпайиш тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмининг ортиши билан боғлиқ бўлган.  

Шунингдек, бошқа жиҳатдан, мамлакатимизга ҳорижий инвестицияни кириб келиши  ҳам импорт ҳажмини оширади ва мантиқан, агар биз савдо балансидаги дифицитни қисқартириш учун курашадиган бўлсак, импорт ҳажмини камайтириш учун хорижий инвестицияни чеклаб туришимизга тўғри келади, деган хулоса қилиш мумкин.  

Ривожланган давлатларнинг тўлов балансини таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг айримларида юқори профицит, айримларида эса жуда катта дефицит мавжуд. Жумладан, дунёдаги айрим давлатларда ташқи савдо балансидаги юқори профицит - ушбу мамлакатнинг маҳсулотлари жаҳон бозорида машҳурлигини ва мамлакатда импортга бўлган талаб пастлигини билдиради. Германия ва Хитой бундай давлатларга мисол бўла олади.

Германия ва Хитой каби ривожланган давлатларда экспорт импорт ҳажмидан кўп, лекин уларга хорижий инвестиция киришидан кўра, уларни бошқа давлатларга инвестиция киритиши кўпроқ.

 Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия каби давлатлар ташқи савдо балансидаги салбий сальдо, яъни дефицит инфляцияни пасайтиришга ёрдам беради, сабаби бу мамлакатларда иқтисодиётнинг капитал талаб қиладиган ва юқори технологияли тармоқлари мавжуд бўлиб, улар портфел инвестициялар ёки тўғридан-тўғри инвестициялар кўринишида дунёнинг турли бурчакларидан катта миқдордаги капитални жалб қилади.

Демак, ташқи савдо балансидаги дефицит биз, айнан Ўзбекистон, яъни ривожланаётган давлат учун “қўрқинчли” ҳисобланмайди. Импортни кўпайиши бизнинг маҳсулотларимиз рақобатдош бўлишига имкон беради. Ўзбекистоннинг ривожи учун савдо балансидаги дефицитни қисқартириш учун курашиш эмас, балки хорижий сармояни кириб келишини таъминлаш лозимдир, зеро хорижий сармоялар бу янги инфратузилма, янги технология, машина ва ускуналар деганидир.

Фурқат Юнусов,
“Тараққиёт стратегияси” маркази,
иқтисодиётни ривожлантириш
ва либераллаштириш йўналиши

бўйича лойиҳалар координатори


1
Похожие новости