"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЖАҲОН БОЗОРИГА КИРИБ БОРИШ ИМКОНИЯТЛАРИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ
1561 | 08 Ян. 2020 й.

Алишер КУРМАНОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси

Ўзбекистоннинг самарали ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда мамлакатда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим асоси сифатида аҳоли саломатлиги учун мақбул шароитларни яратиш ва экологик мувозанатни сақлашни такомиллаштиришга йўналтирилган янги босқичдаги тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Турғун органик ифлослантирувчи моддалар — одам организми ва экотизимларда қайта тиклаб бўлмас ўзгаришларга олиб келувчи хавфли кимёвий бирикмалардир. Улар ўз-ўзидан парчаланиш хусусиятига эга бўлмагани сабабли атроф-муҳитда узоқ йиллар мобайнида сақланиб қолиши мумкин.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда мамлакат ҳудудида 90 минг тоннага яқин шу турдаги моддалар мавжуд бўлиб, бундай хавфли кимёвий бирикмалар “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг махсус омборларида сақланмоқда. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, улар табиат ва инсон саломатлиги муҳофазасида жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини (Стокгольм, 2001 йил 22 май) ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш, бунинг учун зарур амалий ечимлар ва механизмларни ишга солишга қаратилган.

Қонун Ўзбекистонда турғун органик ифлослантирувчи моддалар билан боғлиқ экологик ҳолатнинг яхшиланишида, қолаверса, аҳоли, атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилиши мумкин бўлган салбий оқибатларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур Қонун билан 2001 йил 22 майда Стокгольм шаҳрида қабул қилинган ва 2004 йилдан кучга кирган конвенция миллий қонунчиликка ратификация қилинди. Конвенция 30 та моддадан иборат бўлиб, ҳозирги кунда 182 давлат унинг иштирокчиси ҳисобланади.

Мамлакатнинг экологик хавфсизлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ масалаларда мазкур халқаро ҳужжатни ратификация қилишнинг бир қатор афзалликлари бор. Аввало, турғун органик ифлослантирувчи моддалар билан ишлашда ҳамда ҳозирги экологик қонунчиликда янги халқаро стандартлар жорий этилади

Энг муҳими, Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига ўз маҳсулотларини экспорт қилишида имкониятлар эшиги кенг очилади. Яъни, мамлакатда етиштирилган маҳсулотларни Европа Иттифоқи бозорларига экспорт қилишда қўшимча тариф устунликларини олишни янада тезлаштиришга шароит туғдиради. Натижада маҳсулотларнинг ташқи савдо ҳажми ва географияси кенгаяди. Истиқболда Ўзбекистоннинг 6000 дан зиёд маҳсулот турлари бўйича Европа Иттифоқи мамлакатлари билан бож тўловларисиз эркин савдо қилиш имконияти яратилади. Бу эса экспорт ҳажмини қарийб 3 баравар, яъни 1,3 миллиард АҚШ долларигача ошириши мумкин.

Қонун мажбурий характерга эга, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни турғун органик ифлослантирувчи моддалардан муҳофазалаш мақсадида уларни кескин қисқартиришга, ташланмаларини тўхтатишга ҳамда одам организмида ва экотизимларда қайта тиклаб бўлмас ўзгаришларга олиб келувчи 12 та хавфли бирикма (кейинги тўлдиришларни ҳисобга олган ҳолда 26 та модда) ишлаб чиқарилишини, ишлатилишини чегаралаш ёки тақиқлашга йўналтирилган.

Қолаверса, мазкур Конвенция ратификация қилинганидан сўнг икки йиллик муддатда турғун органик ифлослантирувчи моддаларни экологик хавфсиз йўл билан йўқ қилишга доир миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади. Уни ҳаётга татбиқ этишда эса, мамлакатда молиявий ҳамда илғор технологиялардан фойдаланиш имкониятларининг мавжудлиги, давлат томонидан ишлаб чиқилган дастурни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистоннинг ушбу Конвенцияга қўшилиши қўйидаги имкониятларни яратади:

– Турғун органик ифлослантирувчилар билан боғлиқ экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли, атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот учун юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни бартараф этиш;

– Конвенция доирасида юклатилган мажбуриятларни бажариш учун ривожланаётган ҳамда иқтисодиёти ўтиш даврида бўлган мамлакатларга кўмак доирасида турғун органик ифлослантирувчиларни экологик хавфсиз йўқ қилиш бўйича молиявий ресурслар ва технологияларга эга бўлиш;

– Ўзбекистон Республикасининг Европа иттифоқи имтиёзлари (The EU's Generalised scheme of preferences (GSP)) Бош тизимига қўшилиши ҳисобига миллий маҳсулотларни экспорт қилиш географияси ва ҳажмини кенгайтириш.
Ушбу Қонуннингқабул қилиниши мамлакатдаги экологик вазиятни соғломлаштириш, атроф муҳит ифлосланишини сезиларли тарзда камайтиришни таъминлаш тизимини такомиллаштириш.

Таъкидлаш ўринли, мазкур Конвенциянинг ратификация қилиниши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг бешинчи йўналишида белгиланган: “мамлакатдаги экологик вазиятни соғломлаштириш, атроф-муҳит ифлосланишини сезиларли тарзда камайтиришни таъминлаш тизимини такомиллаштириш” чора-тадбирларига ҳам ҳамоҳангдир.

Бир сўз билан айтганда, Ушбу Қонуннинг амал қилиши Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтириб, халқаро имижига ижобий таъсир кўрсатади.


0
Похожие новости