"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Э.ТУЛЯКОВ: Японияликлар Ўзбекистонни минтақадаги энг ишончли ҳамкори деб ҳисоблайди
1627 | 15 Ян. 2020 й.

Элдор ТУЛЯКОВ,
 “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

Ҳаммамизга маълум, Ўзбекистон билан Япониянинг дўстона муносабатлари ва ҳамкорлик алоқаларининг илдизлари кўп асрлик тарихга эга бўлиб, Буюк ипак йўли энг равнақ топган даврларга бориб тақалади. Бу ҳамкорлик нафақат ЮНЕСКО Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимги ва ҳозирги кунга қадар сақланиб келаётган шаҳарлар орқали савдо-сотиқ билан, балки бошқа қадимги цивилизация марказлари – Япониянинг Нара ва Киото каби тарихий шаҳарлари орқали маданий ва гуманитар алмашинувлар воситасида мустаҳкамланиб келган. Шу даврдан бошлаб Ўзбекистон ва Япония ўртасида бугунги кунда ҳам халқларимизнинг муштарак менталитетини белгилайдиган ижтимоий-маданий алоқалар ривож топди.

Япония Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йил 28 декабрь куни тан олган бўлса, дипломатик муносабатларимиз 1992 йил 26 январда ўрнатилган. 2002 йил 29 июлда эса, ушбу муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Мана 28 йилдирки, икки давлат ўзаро тенг манфаатлар ва самимий ҳурматга асосланган икки томонлама муносабатларни изчил кенгайтириб келмоқда.

Ўзбекистон халқаро ташкилотлар доирасида БМТнинг турли тузилмаларига кўрсатилган Япония номзодини доимий равишда қўллаб-қувватлаб келмоқда. Токионинг ташаббуси билан 2004 йилда минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида ташкил этилган "Марказий Осиё + Япония" мулоқоти икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим механизмидир. Ушбу формат Кунчиқар юрт ва минтақамиз мамлакатлари ўртасида савдо-сотиқ, инвестициялар, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги кунга қадар имзоланган 160 дан ортиқ шартномалар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Айниқса, иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик Ўзбекистон-Япония муносабатларида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Мамлакатлар ўз экспорт салоҳиятидан машинасозлик, металлургия, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда самарали фойдаланмоқда. Биргина 2019 йилнинг январь-октябрь ойларида ўзаро савдо айланмаси қарийб 360 миллион долларни ташкил қилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Япония сармоялари иштирокида 10 дан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимизда 15 та япон компанияси ваколатхоналари рўйхатга олинган. Улар нефть-газ, нефть-кимё ва кимё тармоқлари, энергетика жиҳозлари ва машинасозлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, транспорт-логистика хизматини кўрсатиш, савдо операциялари ва туризм соҳаларига ихтисослашган.

Ўзбекистонда “Marubeni”, “Mitsubishi Motors”, “Japan Oil, Gas and Metals National Corporation (JOGMEC)”, “Toyota Tsusho”, “Itochu”, “Isuzu Motors Ltd.” ва бошқа машҳур япон компаниялари фаол иш юритмоқда.

Ўзбекистонда 1999 йилдан бошлаб турли лойиҳаларни амалга оширишга, икки мамлакат ишбилармон доиралари ва жамоатчилиги ўртасида мулоқотни йўлга қўйишга кўмаклашаётган Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Япония ташқи савдо ташкилоти (JETRO)нинг минтақавий офислари, шунингдек, Ўзбекистон – Япония маркази фаолият кўрсатмоқда. Япониянинг молиявий-техник кўмаги билан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт, телекоммуникациялар ва бошқа йўналишларда бир қатор ижтимоий аҳамиятга молик ҳамда инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилди.

1999 йилда «Ўзбекистон – Япония» дўстлик жамияти таъсис этилди, унинг асосий шериклари «Япония – Ўзбекистон» дўстлик ассоциацияси ва «Фукусима – Ўзбекистон» маданий-иқтисодий ҳамкорлик уюшмасидир. 2001 йилда Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуаси ҳудудида Япон боғи очилди. Бу ерда минглаб сакура дарахтлари экилган бўлиб, улар гуркираб ўсмоқда.

Албатта, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми бу – парламентлараро алоқалар ҳисобланади. Шу маънода, ҳар икки давлат парламентларининг ўзаро алоқалари ҳам тобора ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этиш зарур. Бир неча йилдирки, Япония парламенти ва Олий Мажлис парламентлараро дўстлик гуруҳи ўртасида сермазмун парламентлараро мулоқот йўлга қўйилган бўлиб, шу билан бирга, Япониянинг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси фаолият юритмоқда, “Ўзбекистон-Япония” парламентлараро форуми тадбирлари ўтказилмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигининг янада янги босқичларга чиқишида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

2019 йилнинг декабрь ойи бошларида биз, бир гуруҳ депутатлар ва сенаторлар Япония давлатида бўлдик. Дастлаб Япония парламенти аъзолари билан учрашдик. Ҳамкасбларимиз билан Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик. Ўзаро фикр алмашиш чоғида япон депутатлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотларга юқори баҳо бериб, мамлакатимиз тараққиёти йўлида қилинаётган ишларни яқиндан кузатиб бораётганликларини эътироф этдилар. Ўз навбатида, япониялик парламентарийлар таълим, туризм, транспорт инфратузилмаси ва савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантириш бўйича икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш истагида эканликларини маълум қилишгани уларнинг Ўзбекистонга катта қизиқиш билан қараётганликларидан далолатдир.

Улар Япониянинг кўплаб депутатлари Ўзбекистонга ташриф буюришгани, мамлакат ва унинг халқи барчаларида жуда илиқ таассуротлар қолдиргани, бу ўлкадаги фаровон ҳаёт, ҳашаматли бозорларни кўриб, мамлакат каттагина салоҳиятга эга эканига амин бўлишгани, икки давлат ўртасида савдо ва инвестиция алмашинувини ривожлантириш, шунингдек, энергетика, автомобиль саноати, транспорт, телекоммуникациялар, инфратузилмани модернизация қилиш, фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Япониялик ҳамкасбларимиз Ўзбекистон ислоҳотларни ўзига хос янги йўналишлар билан жадал суръатларда амалга ошираётгани жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлаётганини, минтақанинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқилса, Ўзбекистон нафақат Япония, балки бошқа давлатлар учун ҳам минтақадаги энг ишончли ҳамкор ҳисобланишини қайд этишди.

Учрашувда яна кўплаб масалалар, хусусан, икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни кўпайтириш, туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, мамлакатимизда Япониянинг нуфузли олий ўқув юртлари филиалларини очиш, таълим тизимини тараққий эттиришга кўмаклашиш масалаларида ҳам келишиб олдик.

Депутатларнинг барчалари Япония бундан буён ҳам Ўзбекистонни фаол қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлашгани бизга мамнуният бағишлади.

Шунингдек, Японияга сафаримиз давомида дунёга машҳур Соко университети Ректори, Япония Адлия вазирининг уринбосари, Япония ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги ва бошқа қатор давлат, нодавлат ташкилотлари мутасаддилари билан учрашувларда икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасида фикр алмашдик.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил декабрь ойида Японияга ташрифи давомида сиёсий, парламентлараро алоқалар, савдо ва инвестиция, инновация, кичик ва ўрта бизнес, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари бўйича қатор келишувларга эришилгани, қўшма баёнотнинг имзолангани кўп қиррали шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Сўзим якунида япон ва ўзбек халқларининг ўхшаш жиҳатлари кўп бўлиб, миллий ва ахлоқий қадриятлар, бирдамлик, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат каби фазилатлар икки халқ учун бирдек хос эканини алоҳида эътироф этмоқчиман. Бу ўхшаш жиҳатлар, ўз навбатида. мамлакатларимизнинг дўстлиги ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларида ўз аксини топиб келаётгани қувонарли ҳолдир.


2
Похожие новости