"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЭКОЛОГИК ХАВФСИЗЛИК ЖАМИЯТНИНГ БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШИ ОМИЛИ СИФАТИДА


2020 йил 24 январ куни Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллади. Давлат раҳбари ўз нутқида мамлакатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик вазиятни яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Айни пайтда республикада ҳудудлар кесимида экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек ҳудудларнинг санитар ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасидаги сиёсат изчиллик билан амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда Президент раҳбарлиги остида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида янги давлат бошқаруви тизими шакллантирилди, бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, стратегик ва дастурий ҳужжатлар лойиҳалари янгиланди.

Хусусан, 2019 йилда Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда Экологик таълимни ривожлантириш концепциялари қабул қилинди. Шунингдек, ўша йили 2019–2028 йиллар даврида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш ва 2019–2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиялари ҳам тасдиқланди.

Шу билан бир қаторда, тупроқнинг турли хил саноат ва маиший чиқиндилар билан ифлосланиши, атмосфера ҳавонинг ифлосланиши ва саноат корхоналари фаолиятининг атроф-муҳитга салбий таъсири билан боғлиқ муаммолар, ҳамон экологик хавфсизлик соҳасида долзарблигича қолмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаси, саноат ва коммунал хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ масала ҳам оғриқли нуқталардан бири бўлиб қолмоқда.

Эътиборга молик томони шундаки, Президент ўз Мурожаатномасида жорий йилнинг 1 октябрига қадар етакчи халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда «Экологик кодекс» лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Экологик кодекс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида табиий ресурслардан фойдаланиш ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиш билан бевосита боғлиқ ҳолда фаолият юритаётган хўжалик ва бошқа турдаги корхоналарнинг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш муносабатларида атроф-муҳитни тиклаш ҳамда муҳофаза қилиш соҳасини тартибга солиш имконини беради.

Шуни таъкидлаш лозимки, республикада мавжуд экологик муаммоларидан бири, бу, саноат корхоналари ва заводлар томонидан атроф-муҳитнинг ифлосланиши ҳисобланади. Шу боис, Мурожаатномада бундай вазиятда ишлаб чиқаришда экологик назорат тизимини такомиллаштириш, экологик аудит ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқиш ва хусусий аудиторлик фаолиятини янада фаоллаштириш муҳим вазифалардан бири эканлиги қайд қилинди.

Саноат ва ишлаб чиқариш табиатга салбий таъсир кўрсата билса, бу атроф-муҳитнинг барча кўрсаткичларини манфий томонга ўзгартириб юборади. Ишлаб чиқаришда экологик назорат қилиш тизимини такомиллаштириш ушбу таъсирнинг олдини олади ёки қисман камайтиради.

Бундан ташқари, Ҳукуматга саноат ривожининг экологияга таъсирининг олдини олиш бўйича 2025 йилгача мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Ўз навбатида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳар бир ҳудуд ва корхонада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги дастурларни ишлаб чиқилиш ва уларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашлари лозим.

Комплекс чора-тадбирлар дастурида кўзда тутилган табиат муҳофазаси чора-тадбирлар комплексининг амалга оширилиши фуқароларнинг экологик хавфсизлиги даражасини ошириш, минтақадаги табиий тизимларни, жумладан, Ўзбекистонда йўқолиб бораётган ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг ноёб турларини сақлаб қолиш ва тиклаш имконини беради.

Орол денгизининг қуриб бораётгани ҳам жиддий экологик муаммолардан бири саналади. Ўзбекистон Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни барқарорлаштириш борасида улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлари билан биргаликда Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш, коллектор-дренаж сувлари шохобчалари тизимини яхшилаш, Оролбўйи аҳолисининг турмуш даражасини ошириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан, Давлат раҳбари таъкидлаб ўтганидек, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, денгиз тубидаги суви қуриган ҳудудларда ўрмонзорларни кенгайтириш, Нукус, Урганч ва Хива атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар давом эттирилади.

Шунингдек, Орол муаммосини ҳал этишда халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш соҳасида Оролбўйи минтақаси учун БМТ шафелигида ташкил этилган Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармасига катта умидлар билан қаралмоқда, зеро, у Оролбўйи минтақасининг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида у ерга янги билим, инновацион ечим ва технологияларни жалб этишга кўмаклашади.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг экологик хавфсизлик соҳасида олиб бораётган сиёсати республика тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Президент Ш.Мирзиёевнинг Мурожаатномасида эътироф этилган ҳозирги пайтга табиатга нисбатан бўлаётган антропоген ва техноген таъсирлар шароитида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида олиб борилаётган чора-тадбирлар нафақат республикада, балки бутун Марказий Осиё минтақасида экологик вазиятни янада яхшилашга хизмат қилади.

Шуҳрат ИРГАШЕВ
«Тараққиёт стратегияси» маркази лойиҳа раҳбари