"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Элдор Туляков бошчилигидаги делегация Германияга жўнаб кетди


2020 йилнинг 24-26 февраль кунлари «Тараққиёт стратегияси» маркази Ижрочи директори Э.Туляков, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Маркази директорининг ўринбосари У.Абидхўжаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти маркази раҳбари Б.Мустафоевдан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси Берлин шаҳрида бўлиб ўтадиган бир қатор учрашувлар ҳамда давра суҳбатларида иштирок этишади.

Сафар давомида Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Эдуард Кинсбрунер, иқтисодиёт ва ташқи савдони қўллаб-қувватлаш бўйича Федерал уюшма бошқаруви раиси М.Шуманн ҳамда фан ва сиёсат жамғармаси – халқаро сиёсат ва хавфсизлик институти раҳбари Ф.Пертесом билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги фонд вакиллари билан ҳам алоҳида музокаралар ўтказиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар марказида «Янги Ўзбекистон сари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтади.

Барча учрашув ва давра суҳбатлари давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳар йили Олий Мажлисга йўлланадиган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон Республикасининг ички ривожланиши ва ташқи сиёсатида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари, шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, минтақавий ва глобал савдо-иқтисодий тузилмалар билан ҳамкорлик қилишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади.

"Тараққиёт стратегияси" маркази
Ахборот хизмати