"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОН–ТУРКИЯ: СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИК ЯНГИ БОСҚИЧДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

Жорий йилнинг 6 март куни «Тараққиёт стратегияси» марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга ташрифи муносабати билан ўзбек-турк ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ва истиқболлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда соҳа мутахассислари, эксперт ва тадқиқотчилар, шунингдек, Туркия Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси ҳамда Туркия халқаро ҳамкорлик агентлиги (TIKA) ходимлари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил февраль ойида Туркияга қилган расмий ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар доирасида Ўзбекистон-Туркия узоқ муддатли муносабатларининг истиқболлари хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Иштирокчилар Туркия ва Ўзбекистон алоқалари стратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилганини эътироф этишди. Хусусан, 2020 йилнинг 19 февраль куни Анқара шаҳрида олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик Кенгашининг биринчи Мажлиси ўтказилгани икки давлат ўртасидаги мулоқотнинг янги формати сифатида баҳоланди.

Қайд этилганидек, дунёнинг ривожланган давлатларидан бири бўлган Туркия Республикаси билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсатига ҳамоҳангдир.

Анжуманда Ўзбекистон ва Туркия бизнес ҳамкорлигини ривожлантиришда улкан имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Туркиянинг юқори инвестиция салоҳияти ва Ўзбекистон бозорида ўз иштирокини кенгайтиришга бўлган қизиқиши мамлакатлар ўртасида сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга асос бўлади.

Шу нуқтаи назардан, 2000 йилдан 2017 йилга қадар бўлган даврда хорижий давлатларга сармоя киритган турк инвестициялари ҳажми 20 марта ўсиб, 40 млрд. долларга етди.

Мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳажми жадал суръатлар билан ўсиб бораётгани рамзий маънога эга. 2019 йилда товар айланмаси 2,5 млрд. долларни ташкил этди (2018 йилга нисбатан 27% кўп). Келгусида унинг ҳажмини 5 млрд. долларга етказиш режалаштирилган.

Сўнгги 2 йилда Ўзбекистонда 750 дан ортиқ турк корхонаси ташкил этилди, айни вақтда турк капитали иштирокидаги корхоналар сони 1 306 тага етди.

Экспертлар томонидан экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш Ўзбекистон иқтисодий ўсишининг муҳим шартларидан бири экани қайд этилди. Ривожланган транспорт-логистика тизими мамлакатимиз экспортчилари учун катта имкониятлар яратмоқда, бу Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг жаҳон бозорларидаги савдо-иқтисодий фаоллигига сезиларли таъсир кўрсатади.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари, Туркиянинг туризмни ривожлантиришдаги улкан тажрибаси Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим омил эканига эътибор қаратишди.

Турк ишлаб чиқарувчиларининг тўқимачилик саноати соҳасидаги ютуқлари ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга.Бинобарин, Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари экспорти ҳажмини 7 млрд. долларгача оширишни режалаштирмоқда, бу, ўз навбатида, 2025 йилга қадар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга маҳсулот сифатини яхшилаш талабини қўяди (2019 йилда тайёр текстил маҳсулотлари экспорти қиймати 2 млрд. доллардан ошди). Бу борада турк қардошлар билан ҳамкорлик юқори самара беради.

Туркиянинг шаҳарсозлик соҳасидаги муваффақияти ҳам тадбир иштирокчиларини беэътибор қолдирмади. Ўзбекистон раҳбарияти томонидан республикада урбанизация даражасини 2030 йилгача ошириш бўйича белгиланган мақсадлар асосида бугунги кунда замонавий уй-жойлар, объектлар қуриш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларида ҳам дунёнинг 250 та энг йирик нуфузли пудратчилари қаторига кирувчи, жаҳон қурилиш бозорининг тахминан 5 фоизини эгаллаган Туркия қурилиш компаниялари билан ҳамкорлик икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши эътироф этилди.

Давра суҳбатида ижтимоий-маданий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, исломий маърифатни кенг тарғиб этиш, маданият, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиб бориш мунтазамлигини таъминлаш масалаларида якдил фикрга келинди.

Давра суҳбати иштирокчилари ўзбек ва турк халқларининг абадий ва анъанавий дўстлигини янги босқичга кўтариш, бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия фуқароларининг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида кенг кўламли ва истиқболли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёр эканликларини билдирдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати.