"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
1995 йилга қадар Ўзбекистонга кириб келганларга фуқаролик берилади
1377 | 18 Мар. 2020 й.

Давлат раҳбарининг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги Фармонида:

2020 йил 1 апрелдан бошлаб 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида доимий истиқомат қилаётган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш тартиби жорий этилиши белгиланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисида»ги Қонунни имзолади.

Мазкур ҳужжатни имзолашдан мақсад нима ?

Биринчи навбатда, яқин тарихимизда Ўзбекистонда фуқаролик энг баҳсли, аксар ҳолларда ёпиқ мавзулардан бири бўлиб келди.

Маълумотларга кўра, 1991 йилдан 2007 йилгача бор йўғи 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган. 2007 йилдан 2016 йил декабргача эса, ҳеч кимга фуқаролик берилмаган.

Бу дегани минглаб инсонлар амалда мамлакатимизда яшаб, унинг тараққиётига ҳисса қўшиб келаётган бўлса-да, юридик жиҳатдан Ўзбекистон фуқароси номидан маҳрум бўлиб келганлар.

Шавкат Мирзиёев Давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаган дастлабки кунларданоқ ана шу тоифа одамларнинг дарду ташвишларига, муаммоларига алоҳида эътибор қаратди. Натижада 2016 йил охиридан то шу кунга қадар юзлаб инсонлар Ўзбекистон фуқароси, деган шарафли мақомга сазовор бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 январь куни Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳам бу масалага алоҳида урғу берилиб, фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича алоҳида вазифалар белгиланган эди. Айни шу омилларга кўра, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланди ва Давлат раҳбари томонидан имзоланди.

10 боб, 58 моддадан иборат бўлган мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олиш, тиклаш ва тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Унинг 6-моддаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўтарган долзарб масаланинг амалдаги ижросини таъминлашга қаратилган. Мазкур моддага кўра, “1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган, Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахслар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади”.

Ушу норма мамлакатда доимий яшаб турган 91,5 минг нафар фуқаролиги бўлмаган шахслардан 47,6 минг нафари ёки 52 фоизи қисқа муддатларда ўз хоҳишига кўра Ўзбекистон фуқаролигини олиши мумкинлигини таъминлайди.

Қонунда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш умумий, соддалаштирилган ва алоҳида тартибда амалга оширилади.

Фуқаролик умумий тартибда Ўзбекистон ҳудудида 5 йил давомида узлуксиз яшаб келаётган хорижий фуқароларга (бошқа давлат фуқаролигидан чиқиш шарти билан) ёки яшаш гувоҳномасига эга фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилади.

Чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошларга соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролиги берилади.

Бунда, ҳар икки тоифага мансуб шахслар давлат тилини кундалик мулоқот қилиш даражасида билишлари керак. Таъкидлаш керакки, шу вақтга қадар амалда бўлган Қонунда фуқаролик сўраётган шахсга нисбатан давлат тилини зарур даражада билиш билан боғлиқ норма йўқ эди.

Шунингдек, миллий манфаатлардан келиб чиқиб, чет давлатларнинг фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан алоҳида тартибда фуқаролик берилиши мумкин.

Қонуннинг қатор моддаларида давлатнинг ўз фуқароларини хорижда ҳам ҳимоя қилиш принципи акс этган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижда яшаши Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг тугатилишига сабаб бўлмайди.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари хорижда Ўзбекистон Республикасининг ҳимояси ва ҳомийлиги остида бўлади.

Қонунда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тугатиш ва фуқароликни йўқотиш асослари белгиланган. Жумладан:

– шахс чет давлатнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига хизматга кирганлиги оқибатида;

– хорижда доимий яшаш давомида етти йил мобайнида узрли сабабларсиз доимий консуллик ҳисобига турмаган бўлса ва шу каби сабабларга кўра мамлакат фуқаролигини йўқотиши мумкин.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, доимий консуллик ҳисобида турмаганлик муддати аввалги Қонунда 3 йил бўлган бўлса, эндиликда халқаро тажриба ва БМТ конвенцияси талаблари асосида 7 йил этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалалари бўйича манфаатдор давлат органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, шунингдек ҳужжатларни ва маълумотларни киритиш, ҳисобга олиш ҳамда мониторинг қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид идоралараро маълумотлар базаси шакллантирилади. Маълумотларнинг электрон тизимда ҳаракатланиши ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ вақт ва харажатларни сезиларли даражада камайтиради.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши ва ҳаётга жорий этилиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ рўёбга чиқариш, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш борасида олиб борилаётган юксак инсонпарвар сиёсатнинг ҳаётий исботидир.

"Тараққиёт стратегияси" маркази
Ахборот хизмати

 


2
Похожие новости