• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Ўзбекистонда босқичма-босқич равишда амалга оширилаётган пропискага оид ислоҳотлар ҳақида


Охирги йилларда Ўзбекистонда ҳар жабҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва ҳар бир амалга оширилаётган қадамлар кўр-кўрона ва шошма-шошарлик билан эмас, балки ҳар томонлама ўйланиб, чуқур таҳлил қилинган ҳолда қарорлар қабул қилинмоқда. Шу билан бирга, ҳар бир қабул қилинган қарор яқин бир даврни ўйлаб, “шок” ҳолатда қабул қилинаётгани йўқ, балки ҳар бир қарор замирида узоқни ўйланган мақсадлар кўзланган бўлиб, мана шу мақсадларга босқичма-босқич ва қадамма-қадам эришиш назарда тутилмоқда.

Аслини олганда, прописка бўйича ислоҳотлар 2020 йилдан бошлангани йўқ, балки Президентимизнинг мазкур сиёсий иродаси, охирги уч йилда Ҳаракатлар стратегияси ва унга асосан қабул қилинаётган Давлат дастурларида барча жабҳадаги қабул қилинаётган қарорларга уйғун равишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Сабаби, прописка бўйича ислоҳотлар бирданига уни бекор қилиш билан амалга оширилмайди. Балки, мазкур ислоҳот республикадаги мавжуд миграцион ҳолатни жадаллаштириш, турар-жой ва тегишли инфратузилмаларни яратиш, бандлик даражасини кўтариш, иш ўринлари ташкил этилиши, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа соҳаларни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ жараёнлардир. Қолаверса, Ўзбекистоннинг энг йирик шаҳри ҳисобланган – Тошкент шаҳрида кўчмас мулк объектлари нархларини ўсиб кетишини ва шаҳар инфратузилмасига демографик босимни ҳар томонлама, чуқур ўрганиб чиқишни ва ушбу мураккаб масалани энг тўғри йўл билан ҳал этиш чораларини кўришни талаб этади. Бу борада, халқаро амалиётда баъзи хорижий мамлакатларда жаҳон миқёсидаги йирик мегаполисларнинг турар жой ва доимий яшаш ҳуқуқини олиш бўйича чеклаш сиёсатини олиб борадилар.

Шунинг учун ҳам мазкур соҳани ислоҳ қилиниши тегишли ҳисоб-китоблар, ҳар томонлама ўйланган чуқур таҳлил ва узоқни кўзланган қадамларни ишлаб чиқиш ва уларни босқичма-босқич амалга оширишни талаб этади.

Шу ўринда, айнан Ҳаракатлар стратегияси ва унга кўра қабул қилинган Давлат дастурларига асосан Ўзбекистонда шу пайтга қадар ўтган 3 йил ичида амалга оширилган айрим ислоҳотларни санаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб ҳисоблаймиз. Жумладан,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 845-сон Қарорига мувофиқ, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик, вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди, шунингдек пойтахтда доимий ёки вақтинчалик пропискасиз бўлган шахсни ишга қабул қилишни рад этиш мумкинлигини назарда тутувчи норма чиқариб ташланди.

Мавсумий иш билан шуғулланиш (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишлар) учун келган фуқароларни ҳисобга қўйишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланди.

Фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш муддати 6 ойдан 1 йилгача узайтирилди ҳамда ижара шартномасини талаб қилиш тартиби бекор қилинди.

Кўчмас-мулк ва турар-жой харид қилиш бўйича, Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар янги қурилган кўчмас мулкни банк ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб қилиш йўли билан сотиб олишлари ва давлат рўйхатидан ўтказишлари мумкинлиги белгиланди.

Шу ва шу каби пропискага оид айрим чекловларнинг олиб ташланиши, тегишли тартибларни соддалаштирилиши натижасида Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинганлар сони 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 1,5 бараварга ошган.

Шунингдек, бугунги кунда республикада кўчмас мулк нархларини бозор томонидан тартибга солишни, шунингдек ипотека кредитлари бўйича фуқароларга субсидиялар тўлашни назарда тутувчи янги ипотека тартиби жорий этилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ипотека кредитларини янада кенгайтириш, хусусий пудратчиларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож одамларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг урбанизация жараёнларини чуқурлаштириш кўзда тутилган.

Шу билан бир қаторда, жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминловчи янги инструментлар ва механизмлар янада кенгроқ қўлланилмоқда. Улар қаторига фаол давлат урбанизация сиёсатига ўтишни киритиш мумкин.

Президентимизнинг 2019 йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, мутлақо янги уй-жой сиёсатини амалга ошириш асосида урбанизация жараёнларини фаоллаштириш, бунда шаҳарларнинг муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмалар билан таъминланганлигига эътибор қаратиш, жисмоний ва юридик шахслар учун турар жой ва нотурар жой, бино ва иншоотлар остидаги ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқини амалга оширишни кафолатлаш, ер участкаларини фуқаролик муомаласига киритиш учун шарт-шароитлар яратиш, миграция жараёнларини такомиллаштириш, йирик шаҳарларнинг марказий қисмида саноат ва бошқа зоналар ҳудудларини қисқартирган ҳолда ишбилармонлик ва хизмат кўрсатиш зоналари ҳудудларини кенгайтириш урбанизация жараёнларини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари сифатида қайд этилган.

Фаол урбанизация сиёсатини амалга ошириш мақсадида бир қатор асосий ташкилий-иқтисодий механизмлардан фойдаланиш кўзда тутилган. Булар — 2030 йилга қадар урбанизация концепциясини, стратегик режалаштириш, мамлакат, минтақалар ва шаҳарларнинг узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозлари, аҳолини жойлаштиришнинг бош схемаси, инфратузилма объектларини жойлаштириш ва ривожлантириш схемалари, шаҳарларнинг бош режаларига оид ҳужжатлар тўпламини ягона тизим сифатида ишлаб чиқиш, урбанизация жараёнларида етакчи бўладиган истиқболли қишлоқ аҳоли пунктлари, шаҳар посёлкалари ва кичик шаҳарларни ҳамда ҳудудлар иқтисодиёти барқарор ривожланишида ўсиш нуқталари бўла оладиган ўрта ва йирик шаҳарларни аниқлашдир.

Шу ўринда, мамлакатимизда уй-жой қурилиши нафақат пойтахтда, балки бутун республика бўйича амалга оширилаётганлигини натижаси сифатида айрим рақамларни келтириш жоиз деб ҳисоблаймиз. 2019 йилда фойдаланишга топширилган турар жойлар ҳажми 2018 йилга нисбатан Республика бўйича 119,9%га ўсган бўлса, мазкур кўрсаткич Сирдарё вилоятида 189,0%га, Тошкент вилоятида 171,9%га, Навоий вилоятида 133,7%га, Қорақалпоғистон Республикасида эса 132,7%га ўсганлигини кўришимиз мумкин. Мазкур рақамлар шундан дарак бермоқдаки, турар – жойлар қурилиши фақатгина Тошкент шаҳрида эмас, балки ҳудудларда ҳам жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

Ва ниҳоят, 2020 йилда мазкур масала юзасидан, Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасида урбанизация жараёнларини жадаллаштирган ҳолда ҳудудларни комлекс ривожлантириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш зарурлиги алоҳида таъкидланганини, 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб чиқиш ва аниқ таклифларни ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берганини нафақат халқимиз, балки кенг халқаро жамоатчилик вакиллари ҳам олқишлади.

2020 йил 2 мартда қабул қилинган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига кўра эса, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартиб жорий этилиши белгиланди. Шунингдек, жорий йилда еттита йирик шаҳар — Андижон, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Фарғона, Наманган ва Нукус, Нукусга йўлдош бўлган 12 та шаҳарча танлаб олиниб, уларни ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Хулоса олиб айтганда, Ўзбекистонда прописка тизими – шубҳасиз босқичма-босқич барҳам топади, сабаби биз олдимизга қўйган энг олий мақсад- юрт фуқароларини ҳуқуқларини чеклаш эмас, балки, уларнинг юқори даражада мобиллиги ва эркин ҳаракатланиши таъминлаш ва шу орқали аҳолининг турмуш даражаси ортишига салмоқли улуш қўшадиган омиллардан бири — урбанизация жараёнларини жадаллаштиришдир.

Бинобарин, Ўзбекистоннинг қишлоқ аҳолисини шаҳарларга кўчишини рағбатлантириш, урбанизация ва прописка тизимини ислоҳ қилиш — бу мамлакатни барча соҳа ва тармоқларда жадал ривожланишига олиб келиши барчамизга маълум.

Шунингдек, мазкур ислоҳотлар одамларнинг турмуш даражаси кўтарилишини таъминлайди, уларнинг фаровонлигини оширади. Қолаверса, эркин ишчи-ходимларнинг рақобатлашуви оқибатида ишлаб чиқариш самарадорлигининг ортишига ва натижада ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозорларида юқори рақобатдошлигини таъминлаш имконини яратади. Бундан ташқари, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш солиқларнинг тушумини кўпайтиради, бу эса кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилайди.

Фурқат Юнусов,
“Тараққиёт стратегияси” маркази лойиҳа раҳбари