• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ижроси ҳақида
6532 | 16 Апр. 2020 й.

(2020 йил 1 апрель ҳолатига)

IV. Ижтимоий ривожланиш

Мактабгача таълим қамровини 60 фоизга етказишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

2020 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида жами 418 та – 19 та мактабгача таълим ташкилотини қуриш ва 399 тасини реконструкция қилиш белгиланган. Шундан 15 та лойиҳа йилдан йилга ўтувчи, 403 таси янгидан бошланадиган лойиҳа сифатида Инвестиция дастурига киритилган. Янгидан бошланадиган 403 та лойиҳанинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертизадан ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг олис туманларида истиқомат қилувчи мактабгача ёшдаги болаларни сифатли мактабгача таълим билан қамраб учун 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб “Ақлвой” мактабгача таълим мобиль гуруҳлари тажриба тариқасида қайта жиҳозланган ISUZU HC 40 автобуслари негизида ташкил этилди. Уларга 1920 нафар мактабгача ёшдаги бола қамраб олинди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимига жорий ўқув йилида республика бўйича 2 535 та гуруҳда 6 ёшли болаларнинг 54,2 %ини қамраб олиш кўзда тутилган. Йил якунига қадар бу кўрсаткич 75 %га етказилади (157-банд).

___________________________________________________________

Мажбурий бепул мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда фойдаланиладиган “Илм йўли” ривожлантириш, тарбиялаш ва таълим бериш вариатив дастури хорижий экспертлар иштирокида ишлаб чиқилди ва чоп этилмоқда.

Тайёрлов гуруҳларида фаолият юритаётган педагогларга методик кўмак бериш мақсадида “Педагоглар ва тренерлар учун “Илм йўли” вариатив дастурини жорий этиш қўлланмаси” тайёрланди.

Давлат ўқув дастури асосида “Илк қадам” мактабгача таълим муассасасининг махсус эҳтиёжга эга 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун 5 та мутахассислик йўналиши бўйича мослаштирилган ва уйғунлашган таълим дастури яратилди (158-банд).

 

___________________________________________________________

430 та умумтаълим мактабига оптик толали алоқа линиялари олиб борилиб, юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланиш имконияти яратилди (161-банд).

___________________________________________________________

Президентнинг “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йилда 310 та мактабда (шундан, 36 та янги қурилиш, 160 та реконструкция килиш, 114 та мукаммал таъмирлаш ва 54 та спорт залини қуриш) 1659,2 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари амалга оширилиши белгиланди.

310 та умумтаълим объектининг лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш учун лойиҳа институтлари билан шартномалар имзоланди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, давлат экспертизасидан ўтказилди.

40 та халқ таълими тизими объектини давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектларига ажратиш бўйича очиқ танлов жараёнлари эълон қилинди.

Корея Республикаси “Эксимбанк”и иштирокидаги “Мактаб таълимида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 850 та умумтаълим мактабига ўқув-компьютер синфлари етказилди. Яна 1800 дан ортиқ мактабни ўқув-компьютер синфлари билан таъминлаш чоралари кўрилмокда (164-банд).

___________________________________________________________

«Олий таълим муассасаларига хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун тавсияномалар бериш ва ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди (169-банд).

___________________________________________________________

“Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори қабул қилинди (174-банд).

___________________________________________________________

Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, уни амалга оширишнинг янгича ва халқаро стандартларга мос механизмларини яратиш бўйича “Ўзбекистон ёшлари - 2025” Концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Концепциянинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:

- ёшларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш;

- кўнгиллилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали ёшларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш;

- ёшларнинг бўш вақти ва дам олишини мазмунли ташкил этиш орқали вақт бюджетига асосланган, менталитетга хос турмуш тарзи ва ҳаёт кечириш маданиятини шакллантириш;

- ёшларнинг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш, спорт билан шуғулланиш имкониятларини янада кенгайтириш;

- ёшларнинг инновацион ташаббуслари ва ахборот технологияларига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтидорли кадрларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш;

- ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш;

- ёшларга оид давлат сиёсатини халқаро стандартларга мос равишда ривожлантириш (183-банд).

___________________________________________________________

Дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган ўтмиш алломаларининг илмий мероси, ҳаёт йўлини бугунги ёш авлодга очиб берувчи туркум кўрсатувлар тайёрлаб, эфирга узатиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди (185-банд).

___________________________________________________________

“2020 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш параметрлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди (188-банд).

___________________________________________________________

Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлашни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳаси ишлаб чиқилди (189-банд).

___________________________________________________________

Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди (190-банд).

___________________________________________________________

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида Тошкент шахрининг Яшнобод ва Юнусобод туманларида “Кунлик ишчилар маркази”лари очилди ва ҳар кунлик ишчиларни Jobcafe платформаси орқали рўйхатга олиш йўлга қўйилди. Мирзо Улуғбек, Учтепа, Шайхонтоҳур туманлари, шунингдек Тошкент вилоятининг Тошкент тумани ҳамда республиканинг бошқа ҳудудларда “Кунлик ишчилар маркази”лари очилиши режалаштирилган (191-банд).

___________________________________________________________

“Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг мехнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган чора- тадбирлар тўғрисида” Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ҳамда тадбиркорликка ўқитишга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи умуммиллий тизим жорий этилади:

-        Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган “Ишга марҳамат” мономарказлари;

-        Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар туман (шаҳар)ларида жойлашган ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари;

- Тошкент шаҳрининг туманларида ўрта махсус таълим муассасаларида ишсиз ёшлар, хотин-қизлар ҳамда ўз малакасини оширмоқчи бўлган фуқаролар учун ташкил этиладиган қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари;

- маҳалла гузарларида, маҳалла ҳудуддаридаги ўқув муассасалари, корхона ва ташкилотлар, ташаббускор тадбиркорлик субъектлари биноларида, бошқа бўш турган жойларда ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини ўқитиш учун касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилади.

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги “Ишга марҳамат” мономарказларида 2020-2021 йилларда иш қидирувчи шахслар, хорижга мехнат миграциясига кетмоқчи бўлган фуқаролар, нодавлат ўқув марказлари битирувчилари ва бошқа аҳоли тоифалари учун WorldSkills стандартлари асосида Ишчи касблар бўйича касбий малакани баҳолаш марказлари ташкил этилади (192-банд).

 

___________________________________________________________

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳалари ишлаб чиқилди (218-банд).


2
Похожие новости