"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

КАСБИЙ МАЛАКАНИ БАҲОЛАШ ТИЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА


Маълумки, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан олиб борилган мониторинг жараёнида ўтган йилги “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг “Халқаро стандартларга мувофиқ касбий малакани баҳолаш тизимини жорий этиш” деб номланган 141-банди бажарилмагани маълум бўлганди.

Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, Давлат дастурида белгиланган баъзи вазифалар объектив-субъектив сабабларга кўра ижро этилмай қолган тақдирда, уларнинг ижроси муайян вақтдан сўнг албатта таъминланади.

Шу маънода, ўтган йилги Давлат дастурининг 141-банди ижроси ҳам куни кеча тўлиқ таъминланди.

Яъни, жорий йилнинг 15 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида Касбий малакалар, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими фаолиятини ташкил этиш чоралари тўғрисида”ги 287-сонли қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Миллий малакалар рамкаси тасдиқланди.

Миллий малакалар рамкаси – ҳар бир малака даражаси бўйича касб фаолиятини амалга ошириш учун талаб қилинадиган билимлар, маҳорат ва кўникма, шахсий ва касбий компетенциялар, шунингдек, тегишли малака даражасини эгаллаш йўлларини ўзида акс эттирган жадвал кўринишидаги конструкция ҳисобланади.

Компетенциялар қуйидаги кўрсаткичлар билан ифодаланади:

  • раҳбарлик остидаги фаолият;
  • раҳбарлик фаолияти;
  • мустақил ижро интизоми;
  • фаолият кўлами – ваколат ва масъулиятнинг кенглиги, касбий фаолиятдаги мумкин бўлган хатонинг оқибатлари.

Миллий малакалар рамкаси асосида давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари иш берувчилар бирлашмалари билан ҳамкорликда тармоқлар малака рамкаларини ишлаб чиқиб, тасдиқлайди.

Шу билан бирга, Ҳукуматнинг мазкур қарори билан “Касбий малакалар, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими (Миллий малакалар тизими) тўғрисида”ги Низом ҳам тасдиқланди.

Миллий малакалар тизимининг вазифаларидан бири ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшларни касбга ўқитиш, малакасини ошириш ва қайта ўқитишни ташкил этишдан иборат.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати