• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИНИНГ ЯНА БИР БАНДИ ИЖРО ҚИЛИНДИ


Маълумки, 2020 йил – “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 44-бандида
прописка тизимини ислоҳ қилиш юзасидан қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ва амалиётга жорий этиш белгиланган эди. Ушбу банднинг ижроси Давлат раҳбарининг жорий йилнинг 22 апрель кунги “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши билан қисман бажарилганди.

Мазкур Фармон, мухтасар айтганда, ҳар бир фуқарони ўз юртида эркин ҳаракатланиши, яшаш ва ишлаш жойини ихтиёрий танлаши имкониятини ҳеч қандай монеликсиз яратиши баробарида, конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишини ҳам кафолатлаб берди.

Президент томонидан куни кеча имзоланган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун билан Давлат дастурининг прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича белгиланган банд тўлиқ ижросини топди.

Энг аҳамиятли томони шундаки, мазкур Қонунга кўра, Ўзбекистонда доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахслар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мулк сотиб олинганда мол-мулкнинг олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун шартнома суммасининг 5 фоизи миқдордаги давлат божининг алоҳида ставкаси бекор қилинди.

Бундан ташқари, 2020 йил Давлат дастурининг мазкур бандига асосан Уй-жой кодексига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1049-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга тегишлича ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати