"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“УЧИНЧИ СЕКТОР” РИВОЖИ – ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҲАЁТИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ


“Тараққиёт стратегияси” маркази ва USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури ҳамкорлигида “Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барқарор ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар” мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир фуқаролик жамияти институтлари вакилларини битта виртуал баҳс-мунозара оламига бирлаштириш мақсадида ташкил этилган махсус онлайн платформа кўринишида ўтказилди.

Таъкидлаш жоиз, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 36-бандида Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича вазифалар белгиланган. 10 га яқин халқаро ва 50 га яқин маҳаллий ННТ вакилларини жамлаган виртуал муҳокамада айни мана шу ҳужжат лойиҳасини янада такомилига етказиш, қолаверса, “учинчи сектор”нинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар ва уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва муносабатлар билдирилди.

- Пандемия сабабли Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича стратегия лойиҳаларини ишлаб чиқиш бироз чўзилди. Ўйлайманки, бу каби онлайн мулоқотларимизни тез-тез ўтказиш орқали ушбу жараённи тезлаштира оламиз, – деди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков.

Мазкур ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари, эксперт-мутахассислар билан бир қаторда, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, биз мамлакат учун долзарб ва устувор ҳисобланган масалаларни ҳал этишдаги сиёсий жараёнларда фуқаролик жамиятининг иштирокини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда давлат ва фуқаролик жамиятларининг ҳамкорлиги бўйича механизмларни такомиллаштириш, қолаверса, ННТлар фаолиятини янада кучайтириш мақсадида рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш юзасидан қатор таклиф-тавсияларимизни тақдим этгандик. Қувонарлиси, улар Стратегия лойиҳасида ўз аксини топди.

Тадбирда сўз олган USAIDнинг суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури директори Гарри Ледбеттер қуйидагиларни баён этди:

Ташкилотимиз ҳар доим Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга кўмаклашиб келган. Бу ўринда биз фаол ва самарали фуқаролик жамиятларини қўллаб-қувватламасдан қонун устуворлигига тўла-тўкис эришиб бўлмаслигига ишонамиз. Ҳар қандай мамлакатда фуқаролик жамияти ҳукуматнинг стратегик ва қонунчилик тузилмаларини ривожлантириш бўйича ҳамкори, шунингдек, мустақил кузатувчи ва қабул қилинувчи қонунларни амалга оширишда иштирокчи сифатида қатнашиши лозим.

Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича 25 йиллик тажрибага эга бўлган Нотижорат ҳуқуқ Халқаро марказининг Евроосиё бўйича вице-президенти Наталья Боржелли, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси Ҳукуматнинг “учинчи сектор”га қаратётган алоҳида эътиборидан далолат эканини таъкидлади:

– Бу давлат фуқаролик жамияти нақадар муҳим аҳамиятга эгалигини тан олишини англатувчи сиёсий ҳужжатдир. Бу ҳар доим яхши. Стратегия ўзида фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун ҳал этилиши лозим бўлган жуда кўплаб муаммоларга ечимларни қамраб олиши керак.

 

Маълумот учун: мустақилликнинг илк йилларида жами ННТлар атига 100 га яқинни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб улар 10,5 мингдан ошган. Сўнгги йилларда кўплаб соҳалар қатори нодавлат нотижорат такшилотлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонунчилик базасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, ННТни рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат божи 5 бараварга, уларнинг рамзларини рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат божи 2,5 бараварга камайтирилди. Бундан ташқари, ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан аризаларини кўриб чиқиш муддати 2 ойдан 1 ойгача қисқартирилди, барча солиқ ва мажбурий тўловлардан озод этилди, шу билан бирга, ННТни тарқатиб юбориш, фаолиятини тўхтатиб қўйиш фақатгина суд қарори билан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Тадбирда қайд этилишича, ҳозирги кунда ННТлар фаолияти билан боғлиқ барча хизматлар e-ngo.uz ягона портали орқали электрон тарзда кўрсатилмоқда. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда соҳага оид 7 дан ортиқ қонуности ҳужжатларини яхлит ҳужжат шаклига келтириш мақсадида ягона “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Давра суҳбатида Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, Ўрта ва узоқ муддатли истиқболда фуқаролик жамиятини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш тўғрисида, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш стратегияси: халқаро тажриба каби мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳам тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати