"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Туркум виртуал мулоқотларнинг 3-кунида Ҳаракатлар стратегиясини бешинчи устувор йўналиши муҳокама қилинди


“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан эълон қилинган 2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасининг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Давлат дастури ижросини кенг ёритиш бўйича медиа-кампания давом этмоқда.

2020 йилнинг 9 июль куни Давлат дастурининг бешинчи устувор йўналиши – Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасида белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича “Тараққиёт стратегияси” маркази Олий Мажлис Сенати, Ташқи ишлар вазирлиги,  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда навбатдаги халқаро онлайн анжуманни ўтказди.

Тадбирни бошқариб борган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз нутқида Ўзбекистоннинг мутлақо янгиланган ташқи сиёсатини амалга ошириш масалаларида мамлакатнинг халқаро иқтисодий рейтинглардаги мавқеини яхшилаш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан муносабатларни ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шунингдек, минтақавий туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилаётганини алоҳида қайд этди.

– Мазкур виртуал мулоқотдан кўзланган асосий мақсад, бу – ташқи сиёсат соҳасидаги Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳақидаги маълумотлардан халқимиз, қолаверса, халқаро жамоатчиликни кенг хабардор этиш, шунингдек, ушбу ислоҳотларнинг юқори самарадорлигини таъминлаш юзасидан маҳаллий ва хорижий экспертлар билан бирга муҳокамалар олиб бориш ҳамда аниқ таклифлар ишлаб чиқишдан иборат, – деди жумладан Э.Туляков.

Шунингдек, халқаро тадбирда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон МакГрегор, Питтсбург университети (АҚШ) жамоатчилик ва халқаро алоқалар Олий мактаби доценти Женнифер Брик Муртазашвили ҳам сўз олиб, Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

Таъкидланганидек, жорий «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да Давлат дастури бешта устувор йўналиш бўйича жами 284 та бандни амалга оширишни назарда тутади, шундан 16 таси бевосита ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар билан алоқадор.

Виртуал минбарга таклиф этилган вазирлик ва идоралар вакиллари сўзларида Давлат дастури доирасида амалга оширилган ислоҳотлар натижаларига тўхталишди. Таъкидланишича, 2021-2023 йилларда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланиш учун Ўзбекистон номзодини илгари суриши назарда тутилмоқда. Айни пайтда инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси тасдиқланган бўлиб, мазкур ҳужжат бу соҳада давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, халқаро майдонда мамлакат нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Халқаро давра суҳбатининг иккинчи қисмида тақдим этилган маълумотлар муҳокама қилиниб, умумлаштирилди ҳамда иштирокчиларнинг эътибори аниқ таклифларни ишлаб чиқишга қаратилди. Умуман олганда, мазкур мулоқотлар Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида ташқи сиёсат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг аҳоли қатлами ва хорижий аудиторияни таништириш имконини беради, бу эса, ўз навбатида, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати