VI. Маданият, спорт ва туризмни янада ривожлантириш
6.1. Маданият соҳасини тубдан такомиллаштириш чоралари.
Маданият соҳасини тубдан такомиллаштириш чораларини кўриш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, лицензиатларнинг давлат реестрини юритиш, уларнинг фаолияти ва эришган натижалари ҳақидаги ахборотларни киритиб бориб, Концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали орқали амалга оширилиши, концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғимни бекор қилиш, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилди.
Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинади. “Очиқ эшиклар куни”да фуқаролар музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш учун давлат музейларига бепул киритилади. Фармон билан 15 апрель санасини “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни” деб эълон қилинди.
6.2. Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабада Ўзбекистоннинг муносиб ҳиссасини тарғиб қилиш.
Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабада Ўзбекистоннинг муносиб ҳиссасини акс эттирган бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратилди ҳамда хорижий ва маҳаллий телеканалларда намойиш этилди. Хусусан, “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан яратилган “Илҳақ” бадиий фильми халқ томонидан юксак эътироф этилди. Фильмда даҳшатли уруш туфайли беш нафар баҳодир ўғлидан айрилган, умрининг охиригача фарзандларини илҳақ, яъни интизор бўлиб кутган Зулфия Зокирова сиймосида ўзбек оналари, ўзбек аёлларига мансуб энг буюк фазилатлар ниҳоятда теран ифода топган.
Бундан ташқари, Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Голландиядаги фашистлар концлагерида инсонийлик намунасини кўрсатиб, қурбон бўлган 101 нрафар ўзбек аскари ҳақидаги “101” ҳужжатли фильми суратга олинди.
Шунингдек, иккинчи жаҳон урушида эришилган Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига Тошкент шаҳрида муҳташам Ғалаба боғи, шунингдек, унда “Шон-шараф” музейи, “Мангу жасорат”, “Матонат мадҳияси” монументлари бунёд этилди. Ўзбек халқининг қонли жанглардаги мардлигини, фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва фидойилигини акс эттиришга бағишланган кенг кўламли тарихий-бадиий экспозициялар яратилди.
Хорижий кинокомпаниялар ва киностудияларни мамлакатга жалб этиш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унга кўра, хорижий кинокомпаниялар ва киностудияларга ўз маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқариши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш назарда тутилди.
6.3. Туризм соҳасини ва йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, хорижий авиакомпанияларга бешинчи даражадаги “ҳаво эркинлиги”ни тақдим этишни назарда тутувчи “Очиқ осмон” режими “Андижон”, “Бухоро” ва “Урганч” халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жорий этилди. Шунингдек, мамлакатнинг “Очиқ осмон” режими жорий этилган халқаро аэропортларига қатновларни амалга ошираётган хорижий авиакомпанияларга тариф ва йиғимлар уч йил давомида Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган авиакомпаниялар учун белгиланган миқдорда қўлланилади. “Андижон” халқаро аэропортига эса “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номи берилди.
Туризм йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Бугунги кунга қадар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маҳаллий ҳокимликлар билан Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрига боғланган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ шаҳригача “Ўзбекистон туризм магистрали” туризм транспорт коридори бўйлаб туризм инфратузилмаси объектларини яратиш учун салоҳиятли ҳудудлар хатловдан ўтказилди. Хатлов натижаларига кўра 64 та йўлбўйи туризм инфратузилмаси мажмуаларини намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ўзбекистон Республикасида тиббиёт ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури” ва “Зиёрат ва анъанавий туризмни ривожлантириш мумкин бўлган йўналишлардаги маданий мерос ва архитектура объектлари сонини 800 тага етказиш ҳамда бу орқали уларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди