• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ АМАЛДА: МОДДИЙ МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИНГ МУҲОФАЗАСИ КУЧАЙТИРИЛАДИ


“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Д
авлат дастурининг 218-банди ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 3 март куни “Моддий маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси Қарори қабул қилинди. Мазкур бандда маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича дастур қабул қилиш билан боғлиқ вазифалар белгиланган. 

 

Мазкур Қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, шунингдек, давлат раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
 

Қарорга мувофиқ, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва департамент марказий аппаратининг ташкилий, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаларининг намунавий тузилмалари тасдиқланди.
 

Бунда департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари тузилмаларига қўшимча 14 та штат бирлигини “Бухоро”, “Самарқанд”, “Ичан калъа”, “Сармишсой”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Кўқон” давлат музей- қўриқхоналарининг бош мутахассис ва етакчи мутахассис лавозимлари штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига ажратилиши кўзда тутилган.
 

Қарор билан “Бухоро”, “Самарқанд”, “Ичан қалъа”, “Сармишсой”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Қўқон” давлат музей-қўриқхоналари қўриқланадиган теграларининг чегаралари тасдиқланди.
 

Шунингдек, Маданият вазирлиги Қурилиш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Фанлар академияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 март кунига қадар маҳаллий бюджет маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан:
 

– тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган кўчмас мулк объектларини ҳар бирининг жойига борган ҳолда аниқлаш, янги объект бўйича тарихий-маданий экспертиза ўтказиш ва уларни давлат муҳофазасига олиш чораларини кўриш, барча моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш ҳамда Моддий маданий мероснинг кучмас мулк объектлари миллий рўйхатини қайта шакллантириш ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиши билан боғлиқ вазифалар ҳам назарда тутилган.
 

Шу билан бирга, Қарорда давлат музей-қўриқхоналари қўриқланадиган теграларидаги ерлар ушбу теграларда жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолиши белгиланган.
 

Қарорда, шунингдек, моддий маданий мерос объектларига эгалик килувчи ва улардан фойдаланувчи давлат органлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар:
 

– моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини илмий ва илмий-техник тадқиқ этишни қўллаб-қувватланишини, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари қўриқланадиган теграларининг лойиҳалари ишлаб чиқилишини, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асраш бўйича ишларни тегишли рухсатнома ва лицензия асосида ўтказилишини ва бошқа чора-тадбирларни белгиланган тартибда амалга оширишлари шартлиги алоҳида қайд этилган.
 

Моддий маданий мерос объектлари халқимизнинг ноёб, бой маънавий хазинаси бўлиши билан бир қаторда, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини янада юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Шу боис уларни муҳофаза қилиш, келажак авлодга безавол етказиш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу қарор ана шу каби мақсадларга хизмат қилиши билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.