• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Марказий ва Жанубий Осиё минтақасининг ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди


Жорий йилнинг 18 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Жаҳон Иқтисодиёти ва дипламатияси университети, Марказий Осиё халқаро институти ҳамда Конрад Аденаур жамғармаси ҳамкорлигида “Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги: пойдевори, истиқболлари, геостратегик аҳамияти” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Нуфузли халқаро конференцияда Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раисининг ўринбосари Асқар Шакиров, Россия Фанлар академияси Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг МДҲ тадқиқот маркази раҳбари Эдуард Солиев, Москва давлат халқаро муносабатлар институти директори Иван Сафранчук, Покистон глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази ижрочи директори Холид Таймор Акрам, Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг стратегик тадқиқотлар маркази ходими Муҳаммад Сафи Сино ҳамда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонучилик палатаси депутатлари, Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, “Тараққиёт стратегияси” маркази эксперт ва таҳлилчилари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Илмий-амалий конференцияда иштирокчилар томонидан жорий йил июль ойида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция якуни, унда белгиланган мақсад ва вазифалар ижроси ҳамда амалий ҳаракатлар қуйидаги “Транс-минтақавий алоқанинг янги модели ва барқарор ривожланиш учун Марказий ва Жанубий Осиёдаги транспорт-логистика инфратузилмасини модернизация қилиш”, “Озиқ-овқат, энергетика ва сув – Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидаги хавфсизлик омиллари”, “Рақамли трансформация - янги воқелик, минтақавий ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболлари” ҳамда “Узоқ муддатли минтақавий ривожланишнинг асосий омили сифатида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш” каби тўртта шўъба мажлисларида атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фаррух Хакимов конференциянинг учинчи “Рақамли трансформация - янги воқелик, минтақавий ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболлари” мавзусига бағишланган шўъбасида иштирок этиб, ўз фикр ва таклифларини билдириб ўтди.

— Глобал пандемия рақамли трансформация ва рақамлаштиришнинг қанчалик муҳимлигини кўрсатиб, бир қатор мамлакатларда мазкур жараёнларни тезлаштириб юборди. Айниқса бу онлайн хизматлар кўрсатиш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларда яққол намоён бўлди ва рақамлаштириш қанчалик муҳим эканлигини исботлади.

Шу боисдан, бугунги глобал ўзгаришларга тўлақонли жавоб бериш учун минтақа давлатлари ўртасидаги савдо, транзит, чегаралардан ўтиш борасида рақамли ҳамкорликни кучайтириш олдимизда турган долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Шўъбаларда сўзга чиққан экспертлар Тошкент конференцияси нафақат Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари давлатлари ривожланишида, шу билан бирга Ўзбекистон томонидан илгари сурилган янги таклиф ва ташаббуслар ва уларни амалга оширилиши жаҳон мамлакатлари тараққиётига ҳам бевосита дахлдор эканлигини қайт этишди.

Жумладан, Ўзбекистон ички сиёсатида кузатилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, очиқлик ва янгиланишлар мамлакатнинг ташқи сиёсатида ҳам яққол намоён бўлаётганлиги, ташқи сиёсатдаги бош устувор йўналиш Марказий Осиё давлатлари ўртасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини яратиш сиёсати бугунги кунда бошқа минтақа давлатлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳам изчил давом этаётганлигини таъкидлади. Хусусан, Тошкент конференцияси ишида 40дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотнинг 250дан зиёд нуфузли вакили иштирок этди.

Шунингдек, иштирочи томонлар Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақаларида содир бўлаётган жараёнларга нисбатан аниқ позиция ва ёндашувларини ишлаб чиқиб, жафокаш Афғон халқига тинч ва осойишта ҳаёт қуришда кўмак бериш йўлларини излаш кераклиги, бунда “халқ дипломатияси” ресурсларидан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидлади.

Якунда экспертлар томонидан Ўзбекистон минтақавий ва глобал кун тартибининг энг долзарб муаммоларини ҳал қилиш учун доимо конструктив ва очиқ мулоқотга тайёр эканлиги, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати дунё давлатлари билан ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилишга асосланганлиги билан алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати