• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА “МАҲАЛЛА ЕТТИЛИГИ”НИНГ ЎРНИ

Бугунги кунда аҳоли муаммоларини тезроқ аниқлаш ва ҳал этиш, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича “маҳалла еттилиги” аъзолари фаолияти йўлга қўйилган. Бундан кўзланган мақсад ислоҳотларни энг қуйи тизимдан бошлаб самарали амалга оширишга эришиш. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш марказида ўтказилган навбатдаги давра суҳбати мазмуни шу масалага қаратилди.

Мулоқот мавзуси “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларни самарали амалга оширишда “маҳалла еттилиги”нинг ўрни ва роли”га бағишланди. “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Авазбек Холбеков тадбир иштирокчиларига жамият ишларини бошқаришда маҳаллалар ва давлат органларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолиятини янада кучайтириш бўйича тушунчалар бериб ўтди.

Шунингдек, Марказ эксперти “Ўзбекистон - 2030” стратегиясининг аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларда кундалик масалаларни ҳал этишда маҳаллани жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айлантириш мақсади доирасида белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Хусусан, Стратегияда 2030 йилгача маҳалла маблағларини аҳолининг овозига кўра, инфратузилма лойиҳаларига йўналтириш амалиётини жорий қилиб, маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш учун ажратиладиган маблағлар миқдорини камида 3 баробар кўпайтириш, аҳоли ташаббуси билан инфратузилмани яхшилашга ажратиладиган маблағларни 24 триллион сўмга етказиш, маҳаллаларда 100 дан ортиқ давлат хизматларини “бир қадам”да кўрсатишни йўлга қўйиш, аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни 100 фоиз рақамлаштириб, ҳар бир маҳаллада “электрон хизмат нуқталари”ни ишга тушириш вазифалари кўзда тутилган.

Мулоқот давомида шу каби ислоҳотларни ўз вақтида ва самарали ижро этилишида “маҳалла еттилиги”нинг фаоллигини ошириш лозимлиги таъкидланди. Тадбирда иштирок этган маҳалла раислари мавзу доирасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Эслатиб ўтамиз, республикамиз ҳудудлари бўйлаб “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларни самарали амалга оширишда “маҳалла еттилиги” ролини оширишга қаратилган турли тадбирлар, давра суҳбатлари ва мулоқотлар мунтазам ўтказилмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати